ADOLAT 24

Конституция билимдонлари аниқланмоқда

“Адолат “СДП томонидан ҳар йили “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида ўтказиб келинадиган “Конституция билимдони” кўрик-танлови бу йил ҳам анъанага мувофиқ респуб­ликамизнинг барча ҳудудларида кўтаринки кайфият ва юқори суръатларда ташкил этилмоқда. 

Ёшларнинг ҳуқуқий, сиёсий саводхонлигини ошириш, уларни қонунларга ҳурмат руҳида тарбия­лаш мақсадида ўтказилаётган мазкур кўрик-танловнинг бу йилги босқичини ўтган йилгиларидан фарқли жиҳатлари шундаки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 8 майдаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Рес­публикаси Конституцияси ва ундаги нормаларнинг мазмун-моҳиятини ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг аҳамияти ва янги қабул қилинаётган қонунлар мазмун ва моҳияти билан ёшларни яқиндан таништиришдан иборатдир. Шу нуқтаи назардан партиянинг ҳудудий кенгашларида айни кунларда кўрик-танлов жараёни ўзининг энг қизғин палласига кирган. 

Жумладан, Тошкент давлат юридик университетида “Конс­титуция билимдони” кўрик-танловининг Тошкент шаҳар босқичи ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ходимлари, Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари, партия­нинг “Ёш адолатчилар қаноти” фаоллари, “Ёшлар парламенти” аъзолари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда сўз олганлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 8 майдаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонининг мазмун-моҳияти, унда акс этган ёшларга оид масалалар ҳамда келгусида ушбу муҳим ҳужжатнинг ижроси натижасида эришиладиган ютуқлар, мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан маълумотлар берилди. 

Танлов якунида Тошкент давлат иқтисодиёт университети қошидаги академик лицейнинг 1-курс талабаси Абдужалил Алишеров биринчи ўринга муносиб топилди. Тадбир сўнг­гида танлов ғолибларига эсдалик совғалари топширилди. 

* * *

Танлов Андижон вилоятида ҳам янгича руҳ ва катта тайёргарлик билан ўтказилмоқда. Кўрик-танловнинг вилоят босқичида иштирокчилар орасида ғолибликка эришган 6 нафар билимдон йигит-қиз қатнашди. Таништирув, савол-жавоб ва эркин мавзу бўйича чиқишларда ўз билимини намойиш қилган иштирокчилар тадбир қатнашчилари ва экспертларнинг ҳам алоҳида эътирофларига сазовор бўлишди. 

– Йилдан-йилга ўқувчи ёшларда кўрик-танловга қизиқиш ортиб бормоқда. Тадбир ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий саводхонлигини, Конституциямиз ва амалдаги қонун ҳужжатларига оид билимини аниқлаш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда. Асосийси, “Ёш адолатчилар” қонунчилигимизга бефарқ эмас, – дейди “Адолат” СДП Андижон вилояти кенгаши раиси ўринбосари Малоҳатхон Мусаева.

Кўрик-танлов ўз номи билан беллашув. Унда кимдир ғолиб бўлиши табиий. Шундай бахт Андижон машинасозлик институти қошидаги академик лицей ўқувчиси Мадина Жўрабоевага насиб этди. Энди у танловнинг рес­публика босқичида андижонлик ёш Конституция билимдонлари номидан иштирок этади. 

Тадбир якунида иштирокчилар вилоят партия кенгаши томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

***

Наманган шаҳрида “Конституция билимдони” кўрик-танловининг вилоят босқичи 11-мусиқа мактабида бўлиб ўтди. Унда шаҳар ва туман босқичларида юқори ўринни эгаллаган талаба ўқувчилар иштирок этдилар. Қизғин баҳслар остида ўтган якуний босқичда Давлатобод туманидаги юридик техникум талабаси Шерзод Мамадалиев энг юқори балл тўплашга муваффақ бўлди ва танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди. Танлов сўнггида мусобақа давомида фаол иштирок этган, ўз билим ва кўникмалари билан ҳакамлар ҳайъати томонидан муносиб баҳоланган 2- ва 3-ўрин соҳиблари ҳам алоҳида эъти­роф этилиб, “Адолат” СДП вилоят кенгашининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

***

Ўтган давр мобайнида партия ташаббуси билан ўтказиб келинаётган “Конституция билимдони” танлови ёшларимиз ўртасида кенг оммалашмоқда ва унда иштирок этиш истагини билдирувчилар сони хам йилдан-йилга ортиб бормоқда. Тошкент вилоятида бўлиб ўтган танловнинг якуний босқичи юқоридаги фикримизнинг исботи сифатида танловга қизиқиш билдирган ёшларнинг кўплиги билан диққатга сазовор бўлди. Нурафшон шаҳар “Тонг” маданият маркази биносида ўтказилган мазкур тадбирни “Адолат” СДП вилоят кенгаши раиси Фармон Аллаев кириш сўзи билан очиб берди ва иштирокчиларга омад тилади.

Танловда вилоятда мавжуд про­фессионал таълим муассаса (касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникумлар)лари ва олий таълим муассасалари тасарруфидаги академик лицейларнинг 2-босқич ўқувчилари иштирок этишди. Ўқувчилар танлов Низомига кўра “Таништирув”, Ўзбекистон Республикаси Конс­титуциясига оид билимлар беллашуви, “Эркин мавзу” шартида “Адолат” социал-демократик партияси менинг тасаввуримда” мавзусида беллашишди. Ўқувчиларнинг шартлар бўйича чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан адолат тамо­йили асосида баҳоланди. Беллашувда барча ўқувчилар ўзларининг сиёсий-ҳуқуқий билим ва маҳоратларини кўрсатишга ҳаракат қилишди. Танловнинг якуний натижаларига кўра Бўка тумани 2-сонли касб-ҳунар мактаби ўқувчиси Гулсанам Абдувалиева ғолиб топилди ва рес­публика танловида иштирок этиш имкониятини қўлга киритди. Танлов якунида иштирокчилар “Адолат” СДП Тошкент вилояти кенгашининг 1-2-3-даражали дипломлари ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, мазкур танловнинг ўтказилиши жамиятда қонун устуворлиги ва барқарорлигига эришиш, мамлакатимизда эркин демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этишга кўмаклашиш, ёшлар ўртасида ҳуқуқий, сиёсий таълим-тарбияни янада такомиллаштириш, давлат ва жамият бошқаруви моҳияти ҳақида ёш авлодга тушунчалар бериш, ёшларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг сиёсий фаоллигини янада оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

***

“Адолат” СДП Бухоро вилоят кенгаши томонидан Бухоро вилоят юридик техникумининг фаоллар залида партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида “Конституция билимдони” кўрик-танловининг вилоят босқичи ҳам юқоридаги тамойилларга риоя қилинган ҳолда ўтказилди. Тадбирни партия вилоят кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов кириш сўзи билан очиб, яқинлашиб келаётган Конституция байрами билан барчани табриклади. Конституциямизнинг мазмун-моҳиятини анг­лаш, унинг аҳамиятини тушуниш ҳар бир инсон учун ниҳоятда муҳимлигини таъкидлади. Танлов давомида иштирокчи ўқувчиларнинг саҳна маданияти, нотиқлик маҳорати ҳамда ижодий қобилиятлари ҳам алоҳида эътиборга олинди.

Тадбирда ҳакамлар ҳайъати ўқувчиларнинг чиқишларини очиқ, ошкора овоз бериш йўли билан одилона баҳолаб бордилар. Иштирокчилар чиқиш­ларини якунлагандан сўнг ҳакамлар ҳайъати томонидан ўрганиб чиқилиб, тадбир сўнггида хулоса ва изоҳлар берилди. Қизғин музокаралардан сўнг натижага кўра, 3-ўринни Бухоро шаҳар юридик техникум ўқувчиси Асилбек Очилов, 2-ўринни Когон туман касб-ҳунар мактаби ўқувчиси Севинч Каримова эгалладилар. Қоровулбозор туман касб-ҳунар мактаби ўқувчиси Севинч Қуллиева биринчиликни олиб, Респуб­лика босқичига йўлланмани қўлга киритди. Тадбир сўнггида ғолиб ва совриндорларга 1-2-3-даражали дип­ломлар ҳамда ўқувчи ёшларни тайёрлаган ўқитувчи ва мураббийларга партия вилоят кенгашининг фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

***

Шунингдек, “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят кенгаши томонидан Ички ишлар вазирлиги Қашқадарё академик лицейида “Конс­титуция билимдони” кўрик-танловининг вилоят босқичи ташкил этилди.

– Кўрик-танлов ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимлари, онги ва маданиятини юксалтириш, уларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшларда эркин фикрлаш қобилияти ва нутқ маданиятини ўстириш, уларнинг фаол фуқаролик позициясини янада мустаҳкамлаш, уларда Ватанга муҳаббат, келажакка ишонч руҳини шакллантириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва рағбатлантириш ҳамда Ўзбекис­тон “Адолат” СДП дастурий мақсад ва вазифаларини тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилди, – дея алоҳида таъкидлади вилоят кенгаши раиси Р.Раупов.

Беллашувлар жараёнида ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимларини мустаҳкамлаш, уларнинг орасидан энг иқтидорлиларини аниқлаш ва рағбатлантириш ҳамда партиянинг дастурий мақсад-вазифаларининг мазмун-моҳиятига ёшларнинг эътиборини кенг жалб қилишга алоҳида урғу берилди.

Танлов белгиланган низом асосида 3 босқичда ташкил этилди. Ҳакамлар ҳайъати ўқувчиларнинг чиқиш­ларини очиқ овоз бериш йўли билан одилона баҳолаб бордилар.

Қизғин музокаралардан 3-ўринни Ғузор туман 1-ихтисослаштирилган мактаби 11-синф ўқувчиси Отажон Рахматуллаев, 2-ўринни Шаҳрисабз шаҳар юридика техникуми ўқувиси Севинч Салим­жонова эгалладилар. Қарши шаҳридаги Ички ишлар вазирлигига қарашли Қашқадарё академик лицей ўқувчиси Улуғбека Шоймардонова республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

 Тадбир сўнггида ғолиб ва совриндорларга партиянинг фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, тадбирда иштирок этган бошқа билимдон ёшлар вилоят партия кенгашининг дипломлари ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

Тошкент шаҳар, Андижон, Наманган, Бухоро, Тошкент, Қашқадарё 

вилоятлари кенгашлари матбуот хизмати

***

Шу ҳафта охиригача танловнинг яна бир нечта вилоятлар якуний босқичлари бўлиб ўтади. “Адолат” СДП дастурий мақсад ва вазифаларини тарғиб қилишга қаратилган “Конституция билимдони” кўрик танловининг якуний – республика босқичи – 25 ноябрь – 5 декабрь оралиғида ўтказилиши режалаштирилган.

Tegishli xabarlar

“Ухлатилган” божа

admin

АНДИЖОН ДАВЛАТ ЧЕТ ТИЛЛАРИ ИНСТИТУТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

admin

Президентликка номзоднинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда

admin