ADOLAT 24

ЭРТАГА НИМА БЎЛАДИ?

Дунёда шундай бир касб эгалари борки, улар ором нима билишмайди, дам олиш кунлари йўқ, ҳатто байрамларда ҳам одамлар орасида куймаланиб юришади, халқ ва Ватан қайғуси, шодликлари ва ютуқлари улар учун ҳамма нарсадан муҳим. Уларни изқуварлар ва қутқарувчиларга ўхшатаман. Улар еру осмон орасидаги барча мавжудодларни севадилар, эъзозлайдилар. Истиқлол, тинчлик ва хотиржамлик улар учун ҳамма нарсадан азиз.

Қалам ва қоғоз улар учун яратилган. Улар танлаган касбларидан кўнгил узиб кетолмайдилар. Улар Яратган измидаги қалам тутган лашкарларга ўхшайдилар. Уларга бойлик, амал, мартаба керак эмас. Улар ҳеч қачон ўз ишларидан қониқмайдилар. Ҳар куни янги бир мавзу излайдилар, улар фидоий қаҳрамонларни мадҳ этадилар, кундалик тарихни саҳифаларга муҳрлайдилар, ҳар куни сўз орқали бир кашфиёт яратадилар. Ушбу фазилатлар ижодкорларга тегишлидир! Ана шу ижод аҳли орасидан ЖУРНАЛИСТ номини олган фидоийлар етишиб чиққан. Улар учун газета ва журналлар ижод майдони вазифасини ўтаб келмоқда. Не-не журналистлар бу майдонда тобланиб, машҳурлик даражасига кўтарилганлар.

Газета пайдо бўлгандан бошлаб одамлар онгида мисли кўрилмаган ўзгаришлар юзага кела бош­лади. Аввалда юртимизда жадид боболаримиз газета орқали илғор ғоя­ларни илгари суриб, мустабид тузум сиёсатига қарши кураш олиб борган, истиқлол ғояларини илгари сурган эдилар. Чор Россияси мулозимлари улардан ҳайиқиб, ҳадиксираб, йўлига тўғаноқ бўлиб, газеталарни ёпиш, тугатиш, ижод аҳлини, ноширларни сургун қилиш, қатл этиш билан машғул бўлди. Лекин газеталар яшаб қолди. Шўролар тузуми даврида эса газеталар катта сиёсий куч сифатида ўз фаолиятини давом эттирди. Мазлумларнинг онгу шуури шўро ғоялари билан ўраб, чирмаб ташланди. Содда ва беғараз халқ оч-наҳор, юпун ҳаёт кечирса-да, шўро сиёсатига тобе, таслим бўлиб яшади. Сиёсий кучлар ўз ғояларини газеталар орқали инсонлар онгига, қон-қонига сингдира олди. Ҳар бир ташкилот-муассаса идорасидан тортиб, дала шийпонлари, ўтовларга қадар кундалик газета-журналлар кечикмай етиб борар ва халқ уларни мутолаа қиларди. Бора-бора ўқиш кўникмаси пайдо бўлган халқ ўз ихтиёри билан газета-журналларга обуна бўла бошлади. Иш шу даражага бориб етдики, матбуот нашри дастурхон четида турмаса, одамларнинг томоғидан овқат ва сув ўтмайдиган бўлиб қолди. Газеталар раҳбарлар столи устида, раҳбарчалар қўлтиғи остида, ишчилар этиклари қўнжида бўлиши урф бўлди. Бу ўша давр сиёсатчиларининг газета орқали халқ устидан ҳукмронлик қила бошлаганлигининг белгиси эди. Партия назорат органлари бу масалага жиддий қарар, кузатар ва сўров ўтказар, газетадаги ҳар бир сўзни синчиклаб ўрганар, камчиликларга баҳо берар, айбдорларни жазолар эди. 

Мустабид тузум қусурларини ҳисобга олмаганда, ўша даврдаги оммавий ахборот воситаларининг халқ қўлига етиб бориши ижобий ҳол эди. Чунки халқнинг катта қатлами – ёшлардан тортиб кексаларга қадар сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий, илмий-тарихий ҳаётдан газета орқали доимо хабардор бўлиб турарди. 

Чиндан ҳам газета қайси пайт­да бўлмасин, қайси сиёсатга хизмат қилмасин, барибир, инсон онгига илғор ғояларни сингдириш, ҳақ-ҳуқуқини, бурчини анг­латиш, ақлини чархлаб, дунёқарашини шакл­лантириб боришга хизмат қилган. Матбуот бир ҳисобда бадиий, илмий, тарихий китоблар ўрнини босишдек вазифани ҳам уддалаган. Аслида инсон миясининг фаоллигини ошириш учун ҳам, ҳар қандай замонда ўқиш муҳим ўрин тутади. Инкор этиб бўлмас бу ҳақиқатни аллақачон тиббиёт ҳам тасдиқлаган. 

Бугунги кунда ёш авлодни китоб ўқимасликда айблаяпмиз, бироқ бунинг сабаби уларнинг ота-оналари билан боғлиқ эканидан хабардор бўлсак-да, негадир бунга эътибор қаратмаяпмиз. Аҳолини ўқишга даъват этишнинг осон йўли матбуотга ошно қилиш. Чунки турлашган, хилма-хиллашган матбуот ҳар бир ўқувчининг ақлий иштаҳасини қитиқлайдиган мазани етказиб бериш имконига эга. Бироқ негадир газеталар халқ дас­турхони ёнидан жой эгаллай олмаяпти.

Мустақилликкача бўлган уйғониш йилларида ва мустақилликнинг илк даврида оммавий ахборот воситаларига бўлган талаб озиқ-овқатга бўлган талабдан бир неча баробар ортиб кетганди. Жавонимда сақланиб қолган газета-журналлар мисолида далиллар келтираман. «Шарқ юлдузи» журнали (1987 йил, 1-сон. Бош муҳаррир Ўткир Ҳошимов) адади – 168 432 та, «Ёшлик» журнали (1988 йил, 5-сон. Бош муҳаррир Омон Матжон) адади – 345 362 та, «Ёш куч» журнали (1989 йил, 11-сон. Бош муҳаррир Худойберди Тўхтабоев) адади – 311 662 та, «Фан ва турмуш» журнали (1994 йил, 3-сон. Бош муҳаррир Мурод Шарифхўжаев) адади – 82 531 та, «Сирли олам» журнали (1992 йил, 3-4-сон. Бош муҳаррир Ҳожиакбар Шайхов) адади – 175 312 та, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси (1994 йил, 51-52-сон. Бош муҳаррир Аҳмаджон Мелибоев) адади – 46 020 та, Жаббор Раззоқов муҳаррирлигидаги ёшлар газетаси адади – 513 500 та миқдорда (1990 йилда) чоп этилган. Якшанбадан ташқари ҳар куни чоп этиладиган Тошкент шаҳрининг машҳур «Тошкент оқшоми» газетаси бутун мамлакат бўйлаб тарқаларди. 

Бироқ аста-секинлик билан газета ва журналлар адади пастга шўнғиди. Оқибатда халқнинг ўқийдиган бирдан-бир маънавий бойлиги ўз-ўзидан таназзулга учрай бошлади. Айни замонда баъзи газеталар адади бундан бир юз эллик йил нарида, Туркистон ўлкасида пайдо бўлган (1870 йил) «Туркестанские ведомости» газетасининг (ўша даврдаги адади 1000-2500 та) даражасидан ҳам пастга тушиб кетди. Ахир газета-журналлар давлат сиёсати ва мафкурасини халққа етказадиган, миллий ғояни тарғиб қиладиган, ҳокимият ва халқ ўртасида маънавий кўприк вазифасини ўтайдиган минбар-ку! Чунки халқ матбуот орқали ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини, танқидларини баён қилади. 

Аслида ҳозир ҳам талай нашрлар газетхонни қизиқтирадиган таҳлилий, мантиқий, танқидий, тарихий, илмий, бадиий мақолаларга бой. Бироқ матбуот нашрлари ўттиз олти миллионли халқнинг ўқирман қатлами орасига кириб боролмаяпти.

Давлат идораларининг юқори лавозимларни эгаллаб ўтирган айрим раҳбарлар матбуот нашрларига бефарқ, беписанд қарамоқда. Чунки улардан «ўқидингми?», «ўқимадингми?», деб сўрайдиган йўқ. Ачинарлиси, катта нуфузга эга бўлган маданият, маърифат, адабиёт, таълим, тиббиёт даргоҳлари, ҳокимликлар, партиялар, вазирликлар, қўмиталар, бошқармалар муассислигидаги газеталарнинг тақдири билан қизиқиши лозим бўлган мутасаддилар мутлақо бефарқ. Муассис бўлмиш хазинасидаги маблағнинг бир қисмини газета тарғиботига, обунасига йўналтирса, осмон узилиб ерга тушмайди. Тўртта-бешта муассиси бор газета-журналлар кимдан нажот кутишни билмай қолган. Умуман олганда, муассислар керакми? Керак бўлса, нима учун уларда ўз маънавий мулкига нисбатан эътибор йўқ? Қанча машаққатлар эвазига босмадан чиққан газеталар ўз вақтида эгаларига етиб бормайди. Назорат йўқ. Кунора ёки ҳафтада бир чиқадиган нашрлар қаерлардадир чанг босиб, ойлаб ўз эгасини кутиб ётади. Журналлар ярим йилдан сўнг чиқа бош­лайди… 

Бундай ҳолатга келиб қолинишига сабаб нима? Маблағ етишмаслигими, маошларнинг камлигими, фойдага нисбатан харажатнинг ортиб кетганлигими ёки эътиборсизликми? Ижтимоий тармоқни, электрон газеталарни рўкач қилиб, газеталарни ҳеч ким ўқимай қўйди, дейиш нўноқ ошпазнинг баҳонасига ўхшайди. Ичи масаллиққа тўла, моҳирлик билан дамланган ошни қидириб келиб ейдиган хўранда топилгани каби, мазмундор, маънили газетани ҳам муштарий топиб олади. 

Бир пайтлари пахта йиғим-терими авжига кирган паллада «обуна мавсуми» бошланарди. Ишчию хизматчилар, деҳқону чорвадорлар, теримчилар, муаллимлар, қурувчилар, шифокорлар, тўқувчию тикувчилар ўз ихтиёрлари билан бир эмас, бир нечта газета-журналларга обуна бўлишарди. Ҳатто бир журнал ёки газетага бир оилада икки киши обуна бўлган ҳодисалар ҳам бўлган. 

Оммавий ахборот воситалари чинакамига халқ минбари ҳисоб­ланарди. Газетхонларнинг хат-хабарлари, ижодларидан намуналар ёритиб туриларди. Уларга қалам ҳақи тўланарди. Назаримда, ҳокимият ва халқ орасидаги маънавий кўп­рик айни пайтда нураш арафасида турганга ўхшайди. Агар у чиндан ҳам нураётган бўлса, уни қайта тиклаш қимматга тушади.

Ҳар йили шу пайтга келиб босма оммавий ахборот воситалари ходимлари ва журналистларнинг юрагига ғулғула туша бошлайди. «Охири қандай якун топаркин?» деган ўй-хаёллар тинчлик бермайди уларга. Айтиш оғир бўлган гаплар кўнгилдан кеча бошлайди: «Газетани ёпамизми?» «Хайр­лашамизми?» «Тарқаламизми?..» 

Лекин умидворлик бундай сўзларни айтишга йўл бермайди. Ахир юзта, мингта, ўн мингта бўлса ҳам, гарчи миллионлар ичра мавжудлиги сезилмаса ҳам, газета чиқиб турибди-ку! Бу чиқиш ҳозирча ҳамиша уйғоқ, умид учқунлари сўнмаган фидоий журналистларнинг кўнглига таскин бериб турибди.

«Бироқ, эртага нима бўлади?» – буниси гумон…

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев матбуот ходимлари ва журналистлар билан мулоқот қилган пайт­да ёки тадбир, тантаналарда учрашган чоғида уларнинг меҳнатини қадрлашини, қуллаб-қувватлашини эслатиб ўтади. Дарҳақиқат, бугунги замонни журналистикасиз, матбуот нашрларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Газеталар мамлакатдаги бунёдкорликларни юзага чиқаришда, хатоларни ўнглашда, муаммоларни бартараф этишда, халқ онгини оширишда, илм-фанга бўлган қизиқишини кучайтиришда бирламчи куч ва синмайдиган ойна ҳисобланади. Газета ахлоқ, одоб ва оилавий муносабатларни изга солиш, келажак авлодни тарбиялаш, адабиёт, санъатни тушуниш, ҳунар ва касбни эгаллаш, янги ғоялар пайдо бўлишига ҳам сабабчи бўлиб келмоқда. 

Халқ – катта куч! Ғайрат қилса, тоғни талқон, чўлни бўстон қилади. Халқ – катта имкон! Ҳаракат қилса, ҳар қандай муаммо ҳал бўлади! Халқ – чексиз идрок! У ақлини ишга солса, ҳаётда мисли кўрилмаган ўзгаришлар юз беради. Маърифат ўчоғи гуркирайди. Қадрият қаддини ростлайди. «Газеталар шарҳи» телеграм каналида Қозоғистон республикасининг Тур­кистон вилоятида нашр этиладиган «Жанубий Қозоғистон» газетасининг «PDF»и эълон қилинди. Қардошларимизнинг ўзбек тилида чоп этиладиган мазкур газетаси билан танишиш жараёнида аҳолини матбуот нашрига обуна қилиш бўйича қизғин жараён кетаётганига шоҳид бўлдим. Қўшниларимиз бу ишни беҳудага қилмаётгандир. 

Бугун мустақил юртимизда амалга оширилаётган улкан ўзгариш ва янгиланишлар ҳақида газеталаримиз ижодкорлари батафсил ёзишмоқда. Ўтаётган ҳар бир кунимиз тарихга муҳрланмоқда. Бу ишни асосан матбуот вакиллари амалга оширади. Жамиятда бўлаётган воқеа-ҳодисалар журналистлар нигоҳидан четда қолаётгани йўқ. Ҳар бир хатти-ҳаракат ипидан игнасигача қоғозга туширилмоқда. Ёзилган нарса бир кунмас-бир кун халқ қўлига етиб боради. Дунё халқлари орасида кўп­лаб илмий, адабий меросни ёзиб қолдирганлар бизнинг боболаримиз ҳисобланади. Марказий Осиё­да илк газета Тошкентда «Туркес­танские ведомости» ва «Туркистон вилоятининг газети» номи билан чиққан. Ушбу газеталар гарчи ўлкадаги мустамлака тузум нашрлари бўлсада, улар ўзбек публицис­тикасининг шаклланишига йўл очиб берган. Зокиржон Фурқат, Сатторхон Абдуғаффоров, Исҳоқхон Ибрат, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва бошқа зиёлиларнинг бу газетадаги чиқишлари натижасида Туркистон ўлкасида жаҳолатга қарши кураш, оммани, айниқса, ёш авлодни ҳар томонлама илм-маърифатли қилиб тарбиялашга интилиш ҳаракатини кучайтирди. Қарамлик пайтида пуч ғоялар, сиё­сатлар тарғиб қилинган газеталарни жон-жаҳдимиз билан ўқидик. Энди нега ўз ғоя­ларимиздан бебаҳра бўлиб юришимиз керак?

Президентимизнинг «Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!» деган хитоби матбуотимиз учун ҳам дахлдордир. Келинг, азиз ҳамюртлар, ўзлигимизга қайтайлик! 

Буюк олимлар, шоиру адибларимизнинг асарлар, шеърлари дастлаб матбуотда эълон қилинганини ҳам унутмайлик. 

Тарихингдир минг асрлар 

Ичра пинҳон Ўзбегим,

Сенга тенгдош Помиру

Оқсоч Тиёншон Ўзбегим.

Сўйласин Афросиёбу,

Сўйласин урхун хати,

Кўҳна тарих шодасида

Битта маржон Ўзбегим!..

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидовнинг ушбу шеъри дастлаб матбуот юзини кўрган ва халқимиз уни ўз вақтида бир-бирига қўлма-қўл узатиб ўқиган. Нега энди биз ўқимаслигиз керак? Ёшларимиз орасидан ҳам ана шундай буюк шахс­лар етишиб чиқишига ишончимиз комилми? Ундай бўлса, матбуотимиз қайта оёққа туриши учун бирлашайлик! Ҳамжиҳат бўлайлик!

Муҳиддин ОМАД,

Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси

Tegishli xabarlar

ИНСОН ҚАДРИНИ УЛУҒЛАШ унинг ҳуқуқларини ҳимоялашда яққол намоён бўлади

admin

Биз томонга кела кўрманг… Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги диққатига!

admin

2024/2025 ЎҚУВ ЙИЛИ УЧУН ДАВЛАТ ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИГА ЎҚИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШНИНГ ДАВЛАТ БУЮРТМАСИ ПАРАМЕТРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

admin