ADOLAT 24

Ахлоқсизликни маданият деб билмайлик…

Шу кунларда ижтимоий тармоқлар, хусусан, “Oper.uz” телеграмм каналида эълон қилинган “Ҳокимлик ташаббуси билан “тунги клуб” очилибди” сарлавҳали видеолавҳа муҳокамалар марказида бўлмоқда. 

Унда Наманган вилоятининг Косонсой туманида ёшлар кечки вақтда бош­қа туманларга чиқиб кетишининг олдини олиш мақсадида “тунги клуб” (дискотека) фаолияти йўлга қўйилгани, ҳокимлик мазкур объектни “дискотека” эмас, балки “тунги мусиқий кўнгилочар марказ” сифатида таърифлагани қайд этилган.

Ҳозирги вақтда ахлоқсизликни маданият деб билиш билан боғлиқ ҳолатлар юртимиз тараққиётига, инсонлар ҳаёти, оила муқаддаслиги ва ёшлар тарбиясига хавф солиши мумкин бўлган жараён. Бу каби ҳолатларнинг жамиятимизда учраб туриши эса ачинарли ҳолдир.

Кўпчилик ёшлар бугунги кунда одоб-ахлоқни, кийиниш ва муомала маданиятини асосан оммавий маданият орқали олишмоқда. Турли йўллар билан ҳар хил “эзгу” ниқоблар остида “оммавий маданият” мамлакатимизга ҳам таҳдид солаётгани сир эмас.

Мисол учун: урф бўлаётган янги йўналишдаги қўшиқчилик (масалан, “Ўртоғим, мазза қилиб яша” номли, “Кипригинг тирикникими?” қўшиқлари ҳамда “Лабинг ўзинг­никими?”), турли мусиқий шоулар (дискотека), бачкана телевизион кўрсатувлар ёшларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётганлигини ҳар куни бонг уришимиз керак.

Қайд этиш жоиз, “оммавий маданият” намоёндалари жамият аъзолари дидини белгиловчи маълум бир андозаларни шакллантиряптики, бир қарашда, бу зарарсиз, ҳатто ёқимли бўлиб туюляпти. Ваҳоланки, бу – айнан янги жамият бунёдкорлари бўлмиш ёшларни ўз домига тортибгина қолмасдан, уларни мазкур маданият тарғиботчиларига айлантириб қўяётганлиги билан хатарлидир.

Бутун дунёда оила институти инқирозининг салбий кўринишлари, оилавий ажримларнинг ортиши, ёшлар тарбиясига эътиборсизлик ҳолатлари авж олмоқда. Мамлакатимизда бундай салбий иллатларнинг олдини олишда ўсиб келаётган ёш авлодларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялашимиз лозим. Бунинг учун жамиятда ва оилада соғлом ҳамда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантириш лозим бўлади.  

Табиийки, Наманган вилоятининг Косонсой туманидаги юз берган ушбу ҳолат партия фаолларини ҳам бефарқ қолдирмади. 

Шу боис, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сайлов­олди ғоя ва мақсадларида белгиланган вазифаларидан ҳамда партия электорати манфаатларидан келиб чиқиб, миллий қадриятларимиз ҳамда ёшлар тарбиясига катта хавф солувчи оммавий тадбирларни ташкил этишни қўллаб-қувватламайди. Аксинча, ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинлик­лари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилган ҳолда уларни миллий ва умуминсоний қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, Ватанга муҳаббат ва унинг тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшашга ундайдиган тадбирлар билан ёшларни бирлаштириш муҳим, деб ҳисоблайди. 

Гулнисо Саидова, 

“Адолат” СДП Марказий аппарати Аёллар ва ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш бошқармаси бошлиғи

Tegishli xabarlar

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашди

admin

Ўзбекистон – ЮНЕСКО: олий даражадаги анжуманга пухта тайёргарлик билан

admin

Оқибатни фазилатга айлантирган олим

admin