ADOLAT 24

Халқ билан ҳамнафас

Чуст деҳқончилик, ҳунармандчилик, тадбиркорлик ва албатта, ижодкорлик борасида донг таратган туманлардан биридир. Туман аҳлининг турмуш тарзини бозордаги серобчилик ва бун­ёдкорлик ишларига қараб ҳам билса бўлади.

Каркидон қишлоғига кета туриб, йўл бўйида қад ростлаган кўп қаватли бинога кўзим тушиб, хаёлимга “Кўримли экан, бу қандай бино бўлди?” деган савол келди. 

– Бу кўркам бинони тадбиркор Мурод­жон ака Ашуров қурган, – деди туман партия кенгаши раиси Беҳзод Сиддиқов саволимга жавобан. – Шаҳардаги «Бибиона» маҳалла йиғини ҳудудида жойлашган, дуккакли маҳсулотларни қайта ишлайдиган «Seven hillis agro comodities» корхонаси. Бу ерда олтмиш нафар ёшлар иш билан таъминланган. Маҳсулотлар Хитой ва Жанубий Кореяга экспорт қилинади.

Кенгаш раиси билан Каркидон қиш­лоғининг яқинда асфальт ётқизилган кўчасидан кириб бораётиб, туман кенгаши депутати Муқаддас Яқубовани учратдик. Муқаддасхон атрофдаги “Кўктош”, “Қўштепа” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги бир ярим километр йўл текисланиб, асфальт ётқизилгани, ичимлик суви қувурлари ётқизилиб, аҳоли муаммолари ҳал этилаётганини гапириб берди. Айни пайда 38-мактабгача таълим масканини таъмирлаш учун ҳозирлик кўрилаётганини ҳам эслатиб ўтди.

– Туман кенгаши депутатларининг саъй-ҳаракати билан «Шоён», “Шербилак” маҳалла йиғинларидаги кўчаларга шағал тўшалди, Варзик катта қатнов йўли асфальтланди, – дея қўшимча қилди туман кенгаши раиси Беҳзод Сиддиқов. – “Шербилак” маҳалласи ҳудудида “Баймоқ” сайлов округидан депутат Рўзигул Анорқулова томонидан субсидия асосида ер ости қудуғи кавлатилиб, ичимлик суви чиқарилди. Депутатларимиз аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш, партия сафини кенгайтириш ҳамда аҳоли мурожаатлари билан ишлашда фаоллик кўрсатиб, муаммо ва камчиликларни бартараф этишда яқиндан ёрдам бермоқдалар. 

Шу куни 57-умумий таълим мактаби ўқитувчилар жамоаси ва 9-, 10-синф ўқувчилари иштирокида “Депутат – ёшлар даврасида” мавзусида учрашув ўтказилди. 750 нафардан зиёд ўқувчилар таълим олаётган мазкур мактабда 67 нафар ўқитувчи ишлайди, улардан тўрт нафари имтиёзли сертификат соҳиби экан. Бу йил мактабни аъло баҳоларга битирган ўн олти нафар ўқувчи олий ўқув юртларига ўқишга кирибди. 

– Таълим-тарбия соҳасида қиладиган ишларимиз ҳали кўп, – деди партия аъзоси, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Маҳфуза Йўлдошева. – Бунда ота-она­ларнинг ўрни билиняпти. Уларнинг кўпчилиги на китоб ўқишади, на газета. Бунинг устига ота-оналар йиғилишига ҳам келишмайди. Бу ҳолат ёшлар тарбиясига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Шунинг учун уйма-уй юриб, ота-оналар билан юзма-юз гаплашишга тўғри келмоқда.

Туманда ҳафта давомида депутатлар иштирокида “Ватан келажаги – ёшлар қўлида”, “Адолатли қайнона”, “Янги Ўзбекистон ёшлари – буюк келажак сари”, “Тозалик йўлида бирлашайлик”, “Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт” каби қатор мавзуларда тадбирлар ўтказиб борилмоқда экан. Шунингдек, партия фаоллари 2024 йил учун “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетасига обуна бўлиш масаласига ҳам жиддий киришганликларини кўриб, мамнун бўлдик. 

Муҳиддин ИМОМАДИЕВ,

Наманган вилоят кенгаши матбуот котиби

Tegishli xabarlar

“АҚЛЛИ ТИББИЁТ” тизими қандай ишлаяпти?

admin

МЕҲР ВА МАСЪУЛИЯТ ҲИССИ

admin

Хуш қадаминг қутлуғ бўлсин, НАВРЎЗ!

admin