ADOLAT 24

Сабр — бахтнинг дояси

Бугунги суҳбатдошимиз Хоразм воҳасининг Боғот тумани, Қулон-қорабоғ қишлоғида истиқомат қилувчи, кўп йиллик ўқитувчилик тажрибасига эга, олти фарзанднинг онаси, қаламкаш Раъно опа Эшчановадир. Шу билан бирга у бугунги ўзбек журналистикасида ўз ўрнига, ўткир сўзига эга, қирқ йилдан зиёд вақтдан буён халқ дарду қувончи билан яшаётган, элда ҳурмат топган публицист, “Уфқ ортидаги умр”, “Кечув”, “Ёлғиз уй” каби роман-эсселар, “Банди султон”, “Қарға қарғиши” қиссалари ва яна кўплаб тилга тушган асарлар муаллифи Рўзимбой Ҳасаннинг умр йўлдошидир. 

– Раъно опа, вақт чархпалаги тиним билмай айланади, инсон умри шамолдек елиб ўтаётгандай гўё. Аммо барчамиз олис болалигимизни, ёшлигимизни эслаганда қалбимизни беғуборлик, соғинч эгаллайди, шу онларга қайтгинг келади. Бу туйғу барча учун таниш ва ёқимли. Шундай эмасми?

– Отам уста Нурулла меҳнати ортидан эл ичида ҳурмат топган инсон эди. Бобомиз бахтсиз ҳодиса туфайли оламдан ўтганларида отам ўн икки ёшда бўлган экан. Отам оилада тўнғич ўғил бўлгани учун оилани Иккинчи жаҳон урушидан кейинги қаҳатчилик йилларидан омон олиб чиқиш учун бобомнинг устачилик анжомларини кўтариб, ишга чиқиб кетган. Ўзи ўқимаса ҳам устачилик орқасидан опасини, уч укасини ўқитган. Қора меҳнат отамнинг соғлигига таъсирини ўтказмасдан қолмаган: қариганда оғир хасталик туфайли тўшакка михланиб қолганди. Яратган отамнинг тақдирига меҳнаткаш, солиҳа аёлни ёзган экан: онам раҳматлик тош келса кемириб, сув келса симирадиган, оиланинг “ўтидан кириб, сувидан чиқади”ганлар тоифасидан эди. Бутун оила машаққатларини нозик елкасига олган. 

Мен етти ёшгача оиламизда, ғам-ташвиш нималигини билмасдан яшадим. Хотира дафтаримни варақласам, ундаги гўзал эсдаликлар бир-бир бўй кўрсата бошлайди: опам кечки пайт укамни кўтариб, синглим, укам ва мени олиб, дала ошиб дўхтир амакимникига телевизор кўргани олиб борарди. У пайтлари ҳамманинг уйида телевизор бўлмас, кўрсатувлар ҳам бугунгидай мунтазам берилмасди. Бир куни отамиз телевизор олиб келди. Уйимизда катта байрам бўлган эди ўшанда, қувонганимизни кўрсангиз эди…

Ҳовлимиздан ариқ оқиб ўтар, биз кичик кўприкда оёғимизни сувга ботириб ўтирар, балиқлар эса емиш деб ўйлаб, тумшуқлари билан турта бошлашарди. Онам нон ёпсалар иссиқ нонни ариқ сувига ботириб ердик. Опам катта тутга қурилган ҳалинчакда баланд-баланд учар, биз йиқилиб кетмайдиларми, деб қўрқиб қараб турардик. Куз кунлари уйи­миз томи, ҳовлимиз, қовун-тарвузга тўлиб кетарди. Атрофи девор билан ўралган боғимизда ҳар хил мевалар ғарқ пишиб ётарди. Боғимизнинг орқасидаги жийдалар қип-қизил пишиб, ҳосил юкидан шохлари эгилиб турарди.

Тутлар ғарқ пишган кунларнинг бирида уйимизга аммам келди. Аммамга шохларини қайириб, бир лаган тут териб келдик. Ўшанда… “менга амманг­никига кетасан”, дейишди. Мен “кетмайман”, деб роса йиғладим, аммо ҳеч ким мени тингламади… Улар ўттиз биринчи август куни мени олиб кетишди. Аммам фарзандсизлиги учун акамни ўғил қилиб беришган, энди мен қизи бўлишим керак эди.

Етти ёшга етганимда 

Уйимизни ташлаб кетдим.

Отам қурган ҳалинчакка

 Қараб, кўзим ёшлаб кетдим…

Биринчи сентябрь куни аммам мени ўзи ишлаётган мактабга биринчи синфга олиб борди. 

Аммамнинг уйи мактабга бир қадам бўлиб, унга бориш мен учун катта байрам, уйга келиш эса тутқунлик билан тенг эди. Дарслар тугаса ўртоқларим хурсанд бўлиб уйларига чопишар, мен эса биров бўйнимдан арқон солгандай ноилож қадам ташлар, аммамнинг уйи узоқда бўлиб қолишини худодан сўрар эдим. 

– Раъно опа, сиз билан бир мактабда таҳсил олганмиз, сизга ҳавас билан қарардик: ақлли, тарбияли, билимга чанқоқ, мактабимизнинг олди қизларидан, шу билан бирга шеъриятга ошно қалб эгаси ҳам эдингиз. Шундай қизнинг орзулари қандай эди?

– Ўқувчилик йилларимдаги энг қувончли дамларим ота-онамникига, яъни ўз уйимга меҳмонга ва мактаб­га бориш эди. Акам инс­титутга кириб, ўқишга кетганидан кейин кўпинча уйда ёлғиз қолардим. Қўшни дугоналарим билан ўйнашга кўчага чиқаришмас, камдан-кам рухсат беришарди. Шунинг учунми, хаёлпараст бўлиб қолгандим, фақат хаёлларим билан яшардим. Аммам билан поччам ўқитувчи бўлганлари учун уйда газета-журналлар, китоб­лар кўп бўларди. Кичкина бўлсам ҳам рўзғор юмушлари менинг зиммамда эди, улардан ортишим билан китоб ўқирдим. Айниқса, Пиримкул Қодировнинг қиссаларини яхши кўриб мутолаа қилардим. Шеър­ ўқисам, илҳомланиб ўзим ҳам машқ қилар, уларни поччамга кўрсатар, поччам шеърдаги камчиликларни айтиб берар эди. Мактаб тадбирлари учун шеър ёзиб берардим. Олдинига шоира бўлишни орзу қилганман, аммо кейинчалик поччам билан аммам ўртасидаги можаролар туфайлими, негадир ўқишим оқсай бош­лади, тушкунликка тушиб қолдим. Чунки мен у хонадонда ўзимни хизматкордек ҳис қилар, аммам қаттиққўл аёл бўлиб, уйдаги ҳамма юмушлар менинг зиммамда эди. Кейинчалик негадир ёмон шоир бўлгандан кўра яхши ўқитувчи бўлганим яхши, ўқитувчи бўлиб ҳам шоир бўлиш мумкин-ку, деб ўйлай бош­ладим.

– Устоз Рўзимбой ака билан бир мактабда ўқиб, бир-бировингизга кўнгил қўйиб, оилаларингизни яхши билиб, келажакка қўлни-қўлга бериб қадам ташлаган бўлсангизлар керак-а?

– Мен мактабда ўқиётганимда бу кишини танимасдим, Тошкентда ўқиётганимизда қишлоқдош талабалар йиғинида у киши сўзга чиққан эди. Унинг журналистика факультетида ўқишини эшитиб, ҳавасим келган. Шу-шу бош­қа учратмаганман. Ўқишни тугатиб қишлоққа қайтгач, мени у кишига опалари тавсия қилиб, учраштиришган. Бир кўришда бир-биримизга маъқул бўлганмиз.

– Икки ижодкор инсон… Қарашларингиз, адабиётга қизиқишингиз яқин бўлгач, бир-бировни тушуниш осон бўлса керак?

– Албатта, мен учун ҳаёти журналис­тикага боғлиқ инсон билан яшаш жуда қизиқарли ва мароқли эди. Турмуш қурганимизда бир-биримизнинг характеримизни яхши билмасдик. Китоблардан олган сабоғим бўйича мен у кишидан фақат яхши хислатларни изладим, шу билан бирга оила аъзоларидан ҳам. 

У киши собиқ “Ёш ленинчи” газетасига ишга ўтганидан кейин Тошкентга, Қорақалпоғистонга, баъзида бошқа вилоятларга, ҳатто чет давлатларга сафарлари кўпайиб кетди. У киши сафарга кетганида бир томоним йўқдай ҳис қилардим ўзимни. Тўйимиздан кейин хўжайиним менга бундан кейин ойнага қараб ясан-тусан қилмайсан, дегани учунми қошимга ўсма қўйиш ҳам хаёлимга келмасди. 

Қишлоқдаги рўзғор юмушлари, бунинг устига ўқитувчилик касби машаққатлари, фарзандлар муаммолари дегандай… Катта оиланинг ташвишиям кўп, иши ҳам осон. Чунки биргалашиб ҳар қандай ишни бир пасда бажарса бўлади. Кунларим шундай ўтарди.

– Устознинг суврати ва сийратига чизгилар берсангиз. 

– Ҳар бир инсоннинг суврати ва сийрати ўз амаллари билан ёрқинлашади ёки тундлашади. Бу киши ҳам жамоатчилик олдида ўзининг илму заковати, ўткир қалами билан обрў, ҳурмат топ­ган. Одатда ўткир қобилиятли одамлар қайсидир жиҳатларда эътиборсиз бўладилар. Хўжайиним кўпинча паришонхотир юради. Баъзида бирон муаммо билан мурожаат қилсак, ҳозир бир сюжет калламга келиб турибди, шуни ёзиб олай, деб қолади. 

– Марказий газеталарда ижод қилаётган журналист ҳамиша вилоятнинг энг долзарб муаммоларини ёритади. Танқид, албатта, ҳеч кимга ёқмайди. Одатда устознинг жуда кўп мақолалари шов-шувларга сабаб бўлади. Шундай эмасми?

– Албатта, газеталарда ёритилган танқидий мақолалар жавобсиз қолмаган. Танқидга учраган шахслар ё бирор корхона раҳбари ёки ҳокимми, ишқилиб бир амалдор бўлиши аниқ, мақола чиққач, албатта, у талвасага тушади, ўч олмоқчи бўлади. Сени йўқ қиламан, қабилидаги дўқ-пўписалар кўп бўлган. Ишонасизми, ҳамиша дераза токчасига 10-15тача китобни териб қўйишимнинг сабабини турмуш ўртоғим ҳалигача билмаса ҳам, эътибор бермаса ҳам керак: кимдир кечаси бу кишига зарар етказиш учун деразадан кирмоқчи бўлса, ойнани очганида китоблар тушиб кетади ва унинг шовқинидан биз уйғониб кетамиз, деган мақсадда шундай қиламан. Ўзим ҳам хўжайинимга ёки фарзандларимга кимдир ёмонлик қилмасайди, деб ҳадиксираб яшайман. Кўпинча танқидий мақолалар ёзишига қаршилик қилмоқчи бўлганим ҳам бор гап.

– Устоз ўз касбидан катта моддий манфаат кўрганми? Сизларни шоҳона яшайсизлар, дегувчилар ҳам бўлгандир? 

– Хўжайинимнинг тамагирлик қилмаслигини ҳамма билади. Қизларим талабалик йилларида “дадамнинг қандай обрўли одам эканлигини шу пайтгача билмаган эканмиз, домлалар сен Рўзимбой Ҳасаннинг қизимисан”, деб сўрашади, дейишган. “Курсдош дугоналаримизни уйга меҳмонга олиб келишга уяламиз. Дадамнинг обрўсига тўғри келмайди”, дейишганидан сўнг фермер хўжалигимиз еридан олган даромадларимизни, маошимизни йиғиб, уйни таъмирлашга материал олдик. Ўшанда таъмирловчи уста уйимизни кўриб ҳайрон қолган: “сизлар шундай уйда яшайсизлар, деб ўйламагандим”, деди. Илтимос билан излаб келувчилар дастлаб кўчамиздаги энг яхши таъмирланган уйларнинг эшигини тақиллатишади. Охири бизнинг одмигина уйимизни топиб келишади. 

– Турмуш ўртоғингиз ижодига қай даражада таъсир ўтказа оласиз?

– Албатта, ҳар бир ижод маҳсулини ўқиб бораман, кўпинча биринчи бўлиб менга ўқитади. Мен тўпори, қўполлик билан ёзилган сатрларни ёқтирмайман ва менинг талабим асосида, албатта, воқеани маданият доирасида, юмшоқлик билан ифодаловчи сўзларга ўзгартиради. 

– Оиладаги етишмовчиликлар, муаммоларни ким ҳал қилади?

– Оиладаги етишмовчиликларни биргаликда ҳал қиламиз. Ҳозир фарзандларимиз улғайиб қолишган. Барчасини ўзлари ҳал қилишади.

– Фарзандлари келажаги учун касбидан фойдаланганми? Ҳолбуки таниш-билишлари кўп, илтимос билан ишлари битади…

– Бир мисол: бир пайтлар қизимизга “сен онангга ёрдамлашиб уйда юравер, сени ўзим ўқишга киритиб қўяман”, деган. Лекин киритолмаган. Қизимиз икки йил Урганчда тайёрлов курсида ўқиб, грант асосида УрДУга ўқишга кирган. Бошқа фарзандларимиз ҳам дадасидан ёрдам кутиб ўтиришмади. 

– Ижодкор кўнгил кишиси. Унга гоҳо бир сўз кам, икки сўз кўп. Шундай ҳолларда қандай йўл тутасиз?

– Ўша бир сўз бизда камлигича қолган, деб ўйлайман. Икки сўз кўплигига келсак, ўша иккинчи сўз бўғзимда қолиб кетади. Мен у кишини ҳар доим аяганман. Юрагимнинг мазаси йўқ, деганларига касал қилиб қўймай, деб ким биландир чиқишолмай қолганимда ҳам у кишига айтмаганман. Ҳозир ҳам оиламиздаги икир-чикирларни айтиб ўтирмайман. Чунки ўзи ҳам майда гап­ларни ёқтирмайди.

– У кишини саховатли инсон дея оласизми?

– Албатта. Гоҳ фарзандларига, гоҳ ўртоқларига, гоҳ нотаниш кишиларга ҳам саховат қилиб кетаверади. Ўта саховатли эканликларини Тошкентда ишлайдиган ўртоқлари, биз Хоразмга борсак хам Рўзимбой мезбон, Рўзимбой Тошкентга келганида ҳам Рўзимбой мезбон, деб ёзганидан билганман.

– Ҳаёт сизни қандай синовлардан ўтказди ва қандай сийлади?

– Мен учун ҳаёт синовлари етти ёшимдан, эътибордаги одамларнинг оиласида ўсганимдан бошланган. Катта давраларга бориб қолсам ўзимни четга олардим. Кейинроқ мен таниқли, мансабдор одамга турмушга чиқмайман, деб аҳд қилган эдим. Нимадан қочсанг, шунга дуч келасан, дейишади. Такдир ўйинини қарангки, вақт ўтиб, турмуш ўртоғим машҳур бўлиб кетди. Машҳур кишиларнинг ўзи ҳам, яқинлари ҳам бир умр синовда, элнинг назарида яшашади.

Фарзандларим мен учун Оллоҳнинг сийловидир. Икки қизим, уч ўғлим бўлса, деб ният қилардим. Аммамнинг бефарзандликдаги ҳаётини кўриб фарзандсизликдан қўрқардим. Оллоҳнинг иродасини қарангки, мен икки қиз, тўрт ўғиллик бўлдим.

– Ҳам ўқитувчилик, бунинг устига узоқ йиллар фермерлик фаолиятини ҳам олиб боришга қандай куч топдингиз?

– Беш гектар боғ – фермер хўжалигини олганимизда рўзғорда ўн олти киши яшардик. Юмушларни кўпчилик бўлиб бажарганмиз. Хўжайиним ҳам ёрдам берарди. Фарзандларимиз улғайгач, у киши далага чиқмади. Мен жуда кам ухлардим. Ҳамиша чарчоқ билан юрардим. Хўжайнимга ерни ташлайлик, деб ялинганман. У киши уч кун ўйланганлар-да: “Ерни ташласак, қийналиб қоламиз. Ердан келадиган даромад менинг маошим бўлади”, деган ва маошларини уйга бера бош­лаган. Фарзандларимизнинг болалиги ҳам далада ўтди.

– Умр йўлдошингизнинг қандай хислати сизни ҳайратлантиради ва қайси одатларини ҳурмат қиласиз?

– Мени умр йўлдошимнинг кучли хотирага эгалиги, ўз фикрини ўтказа олиши ҳайратлантиради. Ота-онаси, укаси, опа-сингилларининг ҳамиша кўнглига қарашларини ҳурмат қиламан. Ҳатто онаси рози бўлмагани учун Тошкентга кетиб ишлашдан ҳам воз кечган. Умри бўйи онасига имкони борича хизмат қилди. Бирон марта сўзини икки қилмади.

– Дастурхон устида оила аъзолари тўпланганда суҳбат нима ҳақида боради? 

– Кун янгиликлари, ёзаётган янги мақоласи мавзуси ёки асари қаҳрамонлари, баъзан сафарлардаги саргузаштлари тўғрисидаги суҳбатини тинг­лаймиз. Чунки сафар саргузаштлари жуда кўп. 

– Сизда умр йўлдошингизнинг қарашларига, фикрларига қарши фикрлар туғиладими?

– Баъзан хўжайним кимнидир танқид қилса, мен уларга қарши фикр билдираман. Чунки менда кўнгилчанлик бор-да.

– Устоз нималардан кўпроқ қувонади ва нималардан азобланади?

– Оиламизда яқинларининг ҳурматларини ўрнига қўйсак, мақолаларида кўтарилган муаммо ечимини топса қувонади. Баъзида ҳақиқат букилса, азоб­ланади ва қўрқмасдан яна курашни давом эттиришларини, у кишидаги дадилликни кўриб мен қўрқиб кетаман.

– Ўз касбидан бошқа яна нималарга қизиқади?

– Умр йўлдошимнинг касбиям, хоббисиям ижод бўлса керак. Фақат ижод билан банд бўлиб юради, невараларини ўйнатишларини айтмаса…

– Сиз билан саёҳатларга, дам олишларга боришларини орзу қиласизми? 

– Қишлоқ жойда рўзғорни ташлаб иккаламиз кетолмаймиз. Баъзида тўй-томошаларга бирга борамиз. Аслида у киши билан ҳамроҳ бўлиш учун сергурунг суҳбатдош керак. Мен камгап­ман ва тинчликни, сокинликни ёқтираман. Балки касбим ўқитувчи бўлгани учундир. 

– Сиз учун ҳаёт лаззати нимада? 

– Она учун ҳаёт лаззати фарзанд­лар бахти, камоли. Энг бахтли кунларим эса фарзандларимнинг дунёга келган кунлари, уларнинг муваффақиятлари. Энг қайғулиси ҳам фарзандларим, хўжайним, яқинларим бошига ташвиш тушиши… 1990 йилда хўжайи­ним учинчи марта сариқ касалига чалинган. Ўшанда агар тузалиб кетса, олдингидан ҳам сабрли аёл бўлишга, уларнинг бир сўзини икки қилмасликка ўз-ўзимга сўз берганман. Қайси шоирлигини эслолмайман, у шеърида аёлни сев, у сенга ҳаёт олиб беради, деб ёзганди. Бу ҳақиқат. Аёл умр йўлдоши учун ўзидан кеча олади.

– Буюк шахслар ортида улуғ аёллар туради, дейишади, бу фикр­га қандай қарайсиз?

– Мен ўзимни буюк аёлман, деб ҳисобламайман. Балки турмуш ўртоғим ортида қайнонам турган бўлса ажабмас. Чунки қайнонам тўйимиздан кейин менга: “Рўзимбойга мен ёшлигидан бирорта иш буюрмадим, сен ҳам иш буюрмайсан!” деганлар. Мен бир умр, ҳар қандай ҳолатда ҳам қайнонам­нинг шартини бузмадим. 

– Фарзандлар, неваралар орасида издош­ларингиз борми?

– Катта кизимиз мактабда директор ўринбосари вазифасида ишламокда. УрДУнинг педагогика-психология факультетини тугаллаган. Уч фарзанди бор. Иккинчи қизимиз УрДУ­нинг кимё-технология факультетини тамомлаган. Мактабда кимё фанидан дарс беради. Уч фарзанди бор. Тўнғич ўғлимиз Тошкентда Солиқ академиясини битирган. Иккинчи ўғлимиз ИИБда ишлаяпти. Икки фарзанди бор. Кейинги ўғлимиз тадбиркор, бир ўғли бор. Кенжа ўғлимиз Урганчда, ТАТУда охирги курсда ўқияпти.

– Аёлнинг бахти нимада?

– Сабрда! “Аёл” деб номланган шеъримда шундай сатрлар бор:

…Бир суюкли эр билан ҳамдам,

Фарзандларим бўлмасин, деб кам.

Жафо қилса суюк эринг ҳам,

Сабр-ла бахтни улғайтган аёл!

Бахтингни тақсимлаб чиқасан,

Қизингга, ўғлингга тутасан.

Яна бахтни қайдан топасан –

Сабр-ла бахтни улғайтган аёл.

Асли ўзинг Бахтнинг ўзисан,

Муҳаббатнинг кўрар кўзисан,

Фарзандларинг гавҳар сўзисан –

Сабр-ла бахтни улғайтган аёл!

“Adolat” мухбири Саодат МАТЁҚУБ қизи суҳбатлашди

Tegishli xabarlar

Вазирдан асослантирилган жавоб тақдим этиш сўралди

admin

ЎЗБЕКИСТОН – ХИТОЙ: САМАРАЛИ МУЛОҚОТЛАР, ИСТИҚБОЛЛИ ТАШАББУСЛАР – МУШТАРАК МАҚСАДЛАР ИФОДАСИ

admin

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИНИНГ ҲАҚИҚИЙ АЪЗОЛАРИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА

admin