ADOLAT 24

Маҳалла кутубхонасига БЕШ ЮЗТА КИТОБ совға қилинди

Косонсойлик Аъзамжон ҳожи Мамажонов ўтган йили тумандаги «Боғ кўча» ва «Озод» маҳалла фуқаролар йиғинлари туташган манзилда ўз ҳисобидан кутубхона ташкил этган эди. Мазкур кутубхона фаолиятини бошлаган чоғда туман ҳокими Дилмурод Қодиров мингга яқин ўзбек ва чет эл адибларининг асарларини ва ўқув хонаси жиҳозларини топширганди.

Ўшандан буён кўплаб зиёталаб кишилар ҳам шахсий жавонларидаги китобларининг сараларини ушбу кутубхонага тақдим этишди.

Ўзбек тили байрами арафасида эса мазкур кутубхона янада бойи­ди. Жумладан, Республика Маънавият ва маърифат маркази Наман­ган вилоят бўлими раҳбари, вилоят кенгаши депутати Мусохон Оппоқов бир талай китоб совға қилди. 

Дарвоқе, “Adolat” газетасининг жорий йил 13 октябрь сонида эълон қилинган “Қардошликнинг мангу ришталари” мақоласида мазкур зиё маскани ҳақида шундай дейилганди: “Косонсойлик адабиёт фидойиси, шеърият шайдоси Аъзамжон ҳожи Мамажонов ўз ҳисобидан очган кутубхонада бўлдик. Шу ўринда таъкид­лаб ўтишни истардикки, “чекка бир қишлоқнинг, чекка уйида”, бунинг устига ўз шахсий маблағи ҳисобидан, айрим “замонавий тадбиркорлар”нинг ҳайратда қолдириб, бирон-бир моддий манфаат кутмасдан кутубхона очган инсонга қойил қолдик. Тўғри, кутубхона фонди жуда катта эмас. Кутубхонада турли йўналишлар ва мавзулардаги 1500 га яқин китоб тўп­ланган. Лекин савоб ишга бош қўшишни истаган зиёли инсонлар ҳисобига китоблар сони кундан-кунга кўпайиб бормоқда экан. Биз ҳам ана шу савобли ишга шерик бўлиш мақсадида кейинги келишимизда, албатта, кутубхонага китоблар совға қилишни ният қилдик”.

Ният ижобати билан гўзал. Айнан тил байрами нишонланаётган кунларда «Адолат» социал-демократик партияси нашри бўлган “Adolat” ижтимоий-сиёсий газетаси бош муҳаррири Ислом Ҳамроев атай пойтахтимиздан келиб, кутубхонага ўзбек адибларининг беш юзта сара асарларини тақдим этди. 

– Аъзам ака азалдан китобсевар инсон, – деди тақдимот маросимида иштирок этган “Адолат” СДП вилоят кенгаши раиси Исроил Жўраев. – У киши кўпдан буён ижод аҳлини қўллаб келади. Жумладан, Аъзам аканинг саъй-ҳаракати билан ўнлаб ҳавас­кор ижодкорлар шеърлари жамланган тўплам, ёш шоир Обидхон Мамадалиевнинг китоби чоп этилди. У кишининг ташаббуси билан маҳалла кутубхонаси ташкил этилганининг ўзи катта воқеа бўлган. Бундай инсонларни ҳар қанча эъзозласак арзийди.

Китобларни мамнуният билан қабул қилиб олган маҳаллалараро кутубхона мудираси Назира Мамажонова маърифат фидоийларига чин кўнгилдан миннатдорчилик билдирди.

Наманган вилоят кенгаши матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

Адолат қудрати

admin

Келажакка овоз берамиз

admin

Қани бизнинг Қаҳрамонлар?

admin