ADOLAT 24

БЛОГЕР НИҚОБИДАГИ ФИРИБГАР

Блогер. Бу Янги Ўзбекис­тонга хос янги сўз. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган очиқлик сиёсати блогерларнинг ҳам эмин-эркин фаолият юритиши учун кенг имкониятлар яратди. Натижада айрим ҳолатларда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги энг оғриқли муаммолар айнан блогерлар томонидан жамоатчилик эътиборига ҳавола этилиб, ижобий ечимларини топмоқда. Аммо…

Аммо шоли курмаксиз бўлмаганидек, айрим устаси фаранг кимсалар блогерликни ўзларига ниқоб қилиб олиб, шахсий манфаати йўлида турли жиноятларга қўл уришмоқда. Келинг, гапимиз қуруқ бўлиб қолмаслиги учун ҳаётий бир мисолга эътиборингизни қаратсак. 

Қўқон шаҳрида яшаган, ёш бўлишига қарамай муқаддам қасддан баданга оғир шикаст етказиш ва безорилик жиноятларини содир этгани боис озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб чиққан Диёрбек Қутлибоев (исм-шарифи ўзгартирилган) шахсий “Нексия-3” русумли машинасида киракашлик билан шуғулланарди. Қолаверса, “Телеграмм” ижтимоий тармоғида “KOKAND.YPX AVTO-BLOG” номли канал очиб, блогерлик фаолиятини ҳам юритарди. Яъни ушбу каналда йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслик ҳолатлари ва йўллардаги муаммоли вазиятларни ёритиб борарди.

Ўтган 2022 йилнинг июль ойида Диёрбек шаҳардаги “Хонсарой” чойхонасида фуқаро Холмурод Эргашбоев билан танишиб қолади. Бунга эскидан салом-алик қилиб юрган таниши Рашид Тўлқинов сабабчи бўлади. 

Буни қарангки, 2022 йил 29 сентябрь куни Р.Тўлқинов Данғара туман ички ишлар бўлими тезкор ходимлари томонидан товламачиликда гумонланиб, қамоққа олинади. Чўкаётган одам хасга ёпишади, деганларидек Х.Эргашбоев ҳам Диёрбекка мурожаат қилиб, оғайнисини қамоқдан чиқариш юзасидан ёрдам сўрайди. Холмурод унинг блогер эканлигидан бохабар бўлгани боис мурожаат қилганди. 

– Майли, ҳал қиламиз. Менинг Улуғбек исмли бир укахоним бор, ўзи ички ишлар бўлимида ишлаб, пенсияга чиққан. Шу йигитдан ёрдам сўраймиз, – дейди Д.Қутлибоев.

Орадан икки-уч кун ўтгач, аниқроғи, 2022 йил 4 октябрь куни Диёрбек ИИБ ходимларига зиёфат қилиб беришини ва ўша пайтда Рашиджоннинг масаласини ҳам гаплашишини айтиб, Холмуроддан пул сўрайди. Х.Эргашбоев Данғара туманидаги эҳтиёт қисмлар бозори ёнида унга 500.000 сўм беради. Ўша куни тунги соат 23:00ларда эса блогер йигит Холмуродга қўнғироқ қилиб, бирор жойда учрашиб, гаплашиб олиш­лари кераклигини айтади. Шундан кейин улар шаҳардаги “Хонсарой” чойхонасида учрашишади.

– Гаплашдик, масала ҳал. Фақат тергов бўлими бошлиғи ва судьяга беш мингдан беришимиз керак экан, – дея таниши, истеъфодаги ИИБ ходими Улуғбек Жуматов билан бирга 10.000 АҚШ доллари эвазига Р.Тўлқиновни озодликка чиқариб беришларини билдиради Д.Қутлибоев.

Бу шарт ноқонуний эканлигини яхши билган Х.Эргашбоев Фарғона вилояти ИИБ бошлиғига ариза билан мурожаат қилади. Оқибатда эртаси куни Диёрбек шаҳарнинг Туркис­тон кўчасида Холмуроддан 10.000 АҚШ доллари олган вақтда қўлга олинади.

Шундан сўнг Д.Қутлибоев ва У.Жуматовга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Мазкур ишни кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди эса уларни Жиноят кодексининг 25-,168-моддаси 3-қисми “а” банди ва 28-, 211-моддаси 2-қисми “б” банди билан айбдор деб топиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этди. 

Кези келганда блогерлик ниқобидаги фирибгарлик хусусида бир фикрни алоҳида таъкидлашни истардик. Агар судланувчи Д.Қутлибоев биринчи маротаба жиноятга қўл урганида эди, қилмишининг оқибатини тушунмаганлик сифатида изоҳласак бўларди. Аммо муқаддам жиноят содир этган маҳали унга нисбатан тайинланган 5 йилу 6 ойлик озодликдан маҳрум қилиш жазосининг 2 йилу 4 ойи ахлоқ тузатиш иши жазосига алмаштирилган. Кейин 1 йилу 2 ой ахлоқ тузатиш иши жазосидан муддатидан илгари шартли равишда озод этилган. Бу эса “қаҳрамон”имизга ўзига тегишли хулоса чиқариб олиши учун берилган имконият эди. Лекин…

Баён этилган воқеа Д.Қутлибоев тоифасидаги устамон “блогер”ларга сабоқ бўлиши шарт.

Пўлатжон МАМАТУСМОНОВ,

жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг судьяси

Tegishli xabarlar

Ўзбекистон — инсон қадри улуғланган юрт (30 июль – Халқлар дўстлиги куни олдидан)

admin

Вакцина атрофидаги миш-мишларга нега асосли жавоб қайтарилмаяпти?

admin

Президент бошчилигида тез тиббий ёрдам сифатини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисидаги йиғилишда кўриб чиқилган масалалар

admin