ADOLAT 24

Ҳар бир мурожаат ижобий ечим топмоқда

 “Адолат” СДП Боғот туман кенгаши депутатлик гуруҳи аъзоларининг саъй-ҳаракатлари билан сайловчиларни кўпдан қийнаб келаётган муаммолар ҳамжиҳатликда бартараф этилишига эришилмоқда. 

Жумладан, депутатлик гуруҳи раҳбари Қаҳрамон Раҳимов томонидан “Нурафшон” шаҳарчасида жойлашган “Эзгулик” кўчаси ҳудудига ўрнатилган электр симёғочнинг эскириб, фойдаланиш талаб­ларига жавоб бермайдиган ҳолга келиб қолгани, бундан маҳалла аҳолиси, йўловчилар хавотирга тушаётгани тўғрисидаги мурожаат эътиборга олинди ва муаммо ижобий ҳал этилди.  

Тумандаги “Нурафшон” шаҳарчаси “Нурдиёр” кўчасида 1 километр узунликдаги йўл таъмирталаб аҳволга келиб қолганлиги сабабли депутатлик гуруҳи раҳбарининг аралашуви билан асфальт ётқизиш ишлари амалга оширилди. 

Депутатлик гуруҳи аъзоси Қадамбой Хўжақов кўмаги билан 1-гуруҳ ногирони Санъат Жуманиёзовнинг мурожаати қаноатлантирилиб, чарм тикиш машинаси олиши учун 3,5 миллион сўм маб­лағ ажратилишига эришилди.

Депутатлик гуруҳи аъзоси Отажон Матниёзов ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ижтимоий фаоллигини ошириш, жамиятда ўз ўрнини топишлари учун уларнинг қизиқиш ва истакларига қараб амалий ёрдам бериш мақсадида “Навбаҳор” маҳалласида учрашув ўтказди. Учрашувда “Нав­баҳор” МФЙдан 7 нафар, “Юксалиш” МФЙдан 2 нафар ёшлар туман кенгаши депутатига ўзларининг сўров ва таклифларини билдирдилар.

Мурожаатчи ёшлардан Маҳфуза Сафарованинг тикув машина сўраб қилган мурожаати шу жойнинг ўзида ҳал бўлди. Учрашувда ёшлар бандлик, кредит ва бошқа масалалар юзасидан қилган бир қатор мурожаатлар ҳам ўз ечимини топди.

“Найман” маҳалласидаги йўлнинг яроқсиз ҳолатга келиб қолганлиги тўғрисидаги депутат Шермат Матчоновнинг тегишли ташкилотларга қилган мурожаати эътиборга олинди ва йўлнинг 2 километрига тош ётқизилди.

“Беруний” маҳалласида яшовчи Қундуз Раззоқованинг яшаш шароитидаги муаммолар юзасидан қилган мурожаатига асосан депутатлик гуруҳи аъзоларидан Майсара Худайберганова ва Отажон Матниёзов мурожаатчи билан суҳбатлашди. Ўрганиш натижасида Қундуз Раззоқованинг турмуш ўртоғидан ажрашгани, яшашга уйи йўқлиги сабаб 1 нафар вояга етган қизи билан ижарада яшаётганлиги аниқланди. Мурожаатчининг моддий томондан қийинчиликларга дуч келаётгани ва бошқа муаммолари юзасидан тегишли ташкилот раҳбарларига мурожаат қилиниб, масала ҳал этилди.

Шунингдек, депутатларнинг саъй-ҳаракати билан “Оқтепа” маҳалласи Навоий номли кўча, 2-уй, 18-хонадонда яшовчи 1-гуруҳ ногирони, “Темир дафтар” рўйхатида турувчи Гўзал Рўзи­боеванинг мурожаати ҳам ижобий ечим топди. Г. Рўзибоевага “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан даволаниши учун 12 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди ва уйига 2,5 миллион сўмлик темир эшик ўрнатиб берилди. 

“Нурли маскан” маҳалласида яшовчи Жумамурод Ибрагимовнинг даволаниш учун маблағдан қийналаётгани тўғрисидаги мурожаати ҳам депутатлик гуруҳи томонидан эътиборга олинди ва унга 1 миллион 300 минг сўмлик дори-дармон етказиб берилди.

Боғотлик депутатларимизнинг зиммаларидаги бурч ва масъулиятларини чуқур ҳис этган ҳолда фаолият кўрсатиши фуқароларнинг яшаш шароитларини янада яхшилашга, турмушларидан мамнун бўлишга олиб келаётгани билан ҳам аҳамиятлидир. 

Замира АБДУЛЛАЕВА,

Хоразм вилоят кенгаши матбуот котиби

Tegishli xabarlar

Муштарийлар билан ҳамкорлик керак

admin

Barcha tadbirkorlik subyektlari diqqatiga!

admin

Адолат устувор юрт фаровон бўлади

admin