ADOLAT 24

Фуқаролар ҳаётини тубдан ўзгартиришга хизмат қилувчи ҳаётий ҳужжат

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекис­тон – 2030” стратегиясини 2023 йилда ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори Янги Ўзбекистон шароитида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳот ва ўзгаришларни изчил давом эттириш, соҳа ва йўналишларни янада ривож­лантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Давлатимиз раҳбари бу ҳақда сўз юритар экан, “Халқ манфаатини таъминлаш, инсон қадрини улуғлашга қаратилган ҳаракатларни давом эттириш мақсадида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини ишлаб чиқдик. Мазкур ҳужжатларнинг қабул қилинишини кенг жамоатчилик жуда катта хушнудлик билан қарши олди. Боиси, “Ўзбекис­тон – 2030” стратегияси лойи­ҳаси муҳокамасида халқимиз томонидан билдирилган ҳар бир фикр, таклиф қунт билан ўрганилди. Унинг лойиҳасини муҳокамага қўйганимизда 1 миллиондан кўп таклифлар келиб тушди. Бу нимадан далолат? Халқимиз бефарқ эмас. Йўналишларимизни, камчиликларимизни кўрсатиб беряпти. Бу биз учун «йўл харитаси». Давлатга энг катта ҳакам – халқ,” деб таъкидлаб ўтгани ҳам “Ўзбекистон – 2030” стратегияси том маънода халқ стратегияси эканининг яққол исботидир..

Стратегия бешта устувор йўналиш бўйича 100 та муҳим мақсадни ўз ичига қамраб олгани билан эътиборга молик. Бу мамлакатда ислоҳотлар самарадорлигини кескин ошириш, барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш, халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этишдек буюк мақсадларга хизмат қилади. 

Жумладан, тиббий ёрдамга муҳтож аҳолининг 70 фоиз мурожаатларини бирламчи бўғиннинг ўзида ҳал этиш, камбағалликни икки баробарга камайтириш, мактабгача таълим билан қамров даражасини 100 фоизга етказиш, маҳалла бюджети тизимини тўлиқ ишга тушириш, давлат хизматларини тўлиқ электрон шакл­га ўтказиш, сув ишлатиш самарадорлигини 25 фоизга ошириш, республика ҳудудининг яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш каби қатор мақсадли кўрсаткичлар бизни фаровонлик сари етаклайди.

Бундан ташқари, Стратегиядан мамлакатда камбағаллик даражасини қисқартириш ҳам ўрин олган бўлиб, 2026 йилга қадар камбағалликни 2022 йилга нисбатан 2 баробарга, 2030 йилга қадар эса кескин қисқартириш ҳамда камбағалликка тушиш хавфи мавжуд 4,5 миллион аҳоли даромадини ошириш каби муҳим вазифалар белгилаб олинмоқда. Бунинг учун, албатта, тизимли ишлар – хонадонбай, фуқаробай ишлар ташкил этилади. Касб-ҳунарга ўқитиш ва иш билан таъминлашга алоҳида этибор қаратилади. Пировардида, партиямизнинг электорати бўлган фуқароларнинг яшаш шароити ўзгаради. Ҳаётда ўз ўрни ва келажагини белгилаб берувчи муҳим ислоҳотлардан рози бўлади. Муҳими, инсон қадри деган шиор амалда ўз исботини топади.

Таълим тизимининг барча бос­қичларида бош­ланган ислоҳотлар жадаллик билан давом эттирилиши мақсад қилинмоқда. 2023-2030 йилларда болаларни мактабгача таълим ва тайёрлов гуруҳлари билан қамраб олиш даражаси 100 фоизга етказилади. Бунинг учун 2 мингта янги боғча бун­ёд этилади. Мактабгача таълим ташкилотлари 100 фоиз тоза ичимлик суви ва замонавий санитария-гигиена инфратузилмаси билан таъминланади. Шунингдек, умумий ўрта таълим тизимида “Таълим учун қулай муҳит” дастури амалга оширилади. Натижада, 2023/2024 ўқув йилдан бошлаб ҳар йили 500 минг янги қувватлар ташкил этилиб, ўқув ўринлари сони 7,5 миллионга етказилди. 2,5 миллион ўқувчи ўрнига эга мактаблар қуришга 8 миллиард доллар ажратилади.

Ушбу жараёнларда ўқувчи-ёшларимизнинг олий таълим олишга бўлган интилишларини ҳам тўлақонли қамраб олишга алоҳида эътибор қаратилади. Ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси камида 50 фоизга етказилиб, давлат гранти асосидаги қабул параметрлари 2 баробарга оширилади. “Топ-500”га кирадиган хорижий университетлар билан ҳамкорликда камида 50 та қўшма таълим дастури ва “икки дип­ломли тизим” жорий қилинади. 5 та олий таълим муассасаси миллий тадқиқот олийгоҳларига айлантирилиб, қўшимча 120 минг ўринли ўқув бинолари ҳамда 150 минг ўринли талабалар турар жойлари қурилади.

Бир сўз билан айтганда, “Ўзбекис­тон — 2030” стратегияси нафақат мамлакатимизнинг келгуси етти йиллик тараққиётини, шу билан бирга, унинг узоқ йиллик ривожланиш стратегия­сини белгилаб берувчи муҳим ҳужжатдир. Унда белгиланган мақсадларнинг ижроси ўз вақтида таъминланиши давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама жадал ривожланишида, ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Биз, халқ вакиллари ҳам ушбу етти йилга мўлжалланган стратегиямизнинг мақсадларини аниқ ва пухта бажарилишида фаол бўлишимиз зарур, деб ҳисоблайман. Бунинг учун ўз сайловчиларимизга ушбу муҳим тарихий ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини тушунтириб боришимиз, белгиланган вазифалар ижросида жамоатчилик назоратини ўрнатишимиз лозим. Ватан тақдири, келажагига бефарқ бўлмасак, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга ҳиссамизни қўшсак, шубҳасиз, ўзимиз орзу қилган Янги Ўзбекистонни барпо этамиз.

Мақсуд Ҳамидов, 

 “Адолат” СДП Бухоро вилоят кенгаши раиси

Tegishli xabarlar

ЖАҲЛИ ЖИЛОВЛАНМАГАН КУЁВ

admin

ТУҲМАТГА УНДАГАН ФИРИБГАРЛИК

admin

Депутатлар муаммоларни ҳал қилишмоқда (Хоразм, Қашқадарё, Самарқанд вилоятлари)

admin