ADOLAT 24

АХЛОҚИ ТУЗАЛМАГАН ФИРИБГАР жазони ўтаётиб, яна жиноятга қўл урди

Марғилонлик ҳамюртимиз Шаҳзод Ўрмонов (исм-шарифлари ўзгартирилган) фирибгарлик бобида ўзига хос “юқори кўрсаткич” соҳиби бўлди. Яъни, у бир йил мобайнида – 2021 йилнинг 1 октябридан 2022 йилнинг 1 октябрига қадар айнан фирибгарлиги туфайли 5 маротаба судланишга улгурди! Албатта, буни ҳамма ҳам уддалай олмайди. Мақоламиз эса унинг… олтинчи бор судланиши ҳақида.

…Марғилон шаҳрининг “Галатой” маҳалласида яшовчи И.Мўминов ижтимоий тармоқдаги “OLX.UZ” сайтига “МONO 43” русумли телевизорини сотиш хусусида эълон беради. Шаҳзод 2022 йилнинг 5 февраль куни мазкур хонадонга келади. 

– Эълон берган экансиз. Телевизорингизни ўзим сотиб оламан. Фақат ҳозир пулим озроқ. Бир ойда тўлиқ санаб бераман, – дейди у мезбонни авраб. 

Шундай дея Ўрмонов телевизорни 250 АҚШ доллари ёки ўша пайтдаги курс бўйича 2.720.000 сўмга сотиб олишга келишади. Соддадил И.Мўминов эса Ш.Ўрмоновнинг қуюқ ваъдаларига ишониб, “МONO 43”ни бериб юборади. Оқибатда Шаҳзод телевизорни бегона шахсга сотиб, пулини ўзининг шахсий эҳтиёжлари йўлида сарфлаб юборади.

Бундан ташқари, фирибгар йигит Марғилон шаҳрининг Водий кўчасида истиқомат қилувчи Х.Қодировни ҳам чув туширади. Аниқроғи, хонадон соҳибига ўзини Фарғона вилоят молия бош­қармаси ходими сифатида таништириб, 2022 йил 31 мартдан 9 апрелга қадар пойтахтдан келган меҳмонлар шарафига тузаладиган дастурхонда фойдаланиш учун 42.954.000 сўмлик турли шаклдаги идишларни ижарага олиб кетади. Лекин ашёларни номаълум шахсларга сотиб юборади-ю, ҳақдорга бир сўм ҳам бермайди. Аксинча, пулларни ҳам­ёнига уриб, кайфу сафо қилади.

Кейинги галда Ш.Ўрмонов Фарғона шаҳрида яшовчи М.Аҳмадалиевни лақиллатади. Яъни, унга ўзини Ўзбекис­тон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ходими деб таништиради. Сўнг идорани компьютер воситалари билан таъминлаш зиммасидаги вазифа эканлигини айтиб, 2022 йил 24 апрелдан 4 майга қадар хонадон соҳибининг жами 2.200 АҚШ доллари(23.980.000 сўм)лик компьютерларини 10 кун муддатда пулини бериш шарти билан олиб кетади. Бироқ Шаҳзод шу кетганча қайтиб қорасини кўрсатмайди. Компьютерларни бўлса дастлабки терговда шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган харидорга сотиб, пулларини ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.

Буни қарангки, Шаҳзод Ўрмонов 2022 йил 6 май куни “бир думалаб” Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ходимидан гўшт маҳсулотлари экспорти билан шуғулланувчи тадбиркорга айланади. У Фарғона шаҳар “Навоий” маҳалласида истиқомат қилувчи М.Файзиматовага ўзини шундай деб таништиргач, пулини 10 кунда бериш шарти асосида аёлнинг баҳоси 6.500.000 сўмлик музлаткичини олиб кетади. Аммо бу опамиз ҳам бош­қа фуқаролар қатори чув тушиб қолаверади. Негаки, музлаткични арзон нархда сотиб юборган фирибгар пулларни аллақачон ҳамёнига уриб, сарфлаб бўлганди. Худди шундай савдо марғилонлик А.Эшбоев, Қ.Мамажонов, Р.Умрзақов, фарғоналик А.Юсуфжоновларнинг бошига ҳам тушади. Лўнда қилиб айтганда Ш.Ўрмонов уларнинг умумий ҳисобда 29.432.000 сўмлик анжом ва ускуналарини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, пуллайди. Пулларини эса ҳар галгидек ҳазм қилиб юборади. 

Албатта, кутавериб тоқати тоқ бўлган жабрланувчилар охир-оқибат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилишади. Бинобарин, Шаҳзод Ўрмоновга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди эса уни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан айбдор деб топиб, озодликдан маҳрум қилиш ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 (йигирма) баравари миқдоридаги жарима жазосига маҳкум этади. Негаки, жазо тайинлашда суд кодекснинг 59- ва 61-моддалари тартибида унга жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2022 йил 16 сентябрдаги ҳукми билан тайинланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 (йигирма) баравари миқдоридаги жарима ҳамда озодликдан маҳрум қилиш жазосини ҳам инобатга олади. Қолаверса, суд ҳукмида судланувчидан жабрланувчиларга етказилган зарарни ундириш ҳам белгиланади.

Лекин судланувчи бундан норози бўлиб, апелляция шикоятини беради. 

Жиноят кодексининг 42-моддасига мувофиқ, жазо маҳкумни ахлоқан тузатиш, унинг жиноий фаолиятни давом эттиришига тўсқинлик қилиш ҳамда маҳкум, шунингдек, бошқа шахс­лар янги жиноят содир этишининг олдини олиш мақсадида қўлланилади. Шу маънода айтганда, биринчи босқич суди Ш.Ўрмоновни Жиноят кодексининг юқоридаги моддаси билан айб­лаб, қонуний хулосага келган. Шунинг­дек, суд унга жазо тайинлашда Жиноят процессуал кодекси ҳамда Олий суд Пленумининг тегишли қарорлари талаб­ларига тўлиқ риоя этган. Ана шу асосларга таянган Фарғона вилоят суди суд ҳукмини ўзгаришсиз, апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан қолдириш тўғрисида ажрим чиқарди.

Хулоса ўрнида алоҳида таъкид­лаш лозимки, сарлавҳамизда бежизга “ахлоқи тузалмаган” деган жумлани ишлатмадик. Чунки Ш.Ўрмоновга бир эмас, нақ 4 маротаба ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинланган. Бироқ “қаҳрамон”имиз берилган енгиллик­лардан ўзига тегишли хулоса чиқариб, тузалиш йўлига ўтмаган. Бу гал ҳам тузаладими-йўқми, буни олий ҳакам — вақт кўрсатади.

Феруза СИДДИҚОВА,

Фарғона вилоят судининг судьяси

Tegishli xabarlar

Маҳалладошлар ҳиммати

admin

ҚАШҚАДАРЁ: ИСЛОҲОТЛАР НАТИЖАСИ ВА ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАР 

admin

САЙЛОВОЛДИ УЧРАШУВЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

admin