Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят кенгашининг деярли 53 минг аъзоси 400 дан ортиқ БПТларга уюшган ҳолда фаолият олиб бормоқда. БПТлар фаоллари партия ғоялари билан халқ ичига дадил кириб, одамларни улкан марралар сари етакламоқдалар.
Давлат дастурларини изчил ижро этиш, ижтимоий-сиёсий вазифаларни ҳал қилишда партиянинг Қарши шаҳар кенгаши ўз таркибидаги БПТларга ҳар томонлама кўмакчи, фаол ҳамкор бўлаётгани ҳам яхши самара бераяпти. Айниқса, БПТлар партиянинг ижтимоий сиёсий лойиҳаларига кенг жалб этилаётгани ҳам сиёсий кучнинг нуфузи ортишини таъминламоқда.
Қашқадарё технологик транспорт очиқ ҳиссадорлик жамияти бошланғич партия ташкилоти ва Қарши шаҳар кенгаши томонидан “Кунчиқар” МФЙда ташкил этилган тадбир “Тозалик – саломатлик гарови” мавзуида бўлиб ўтди. Партиянинг “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида уюштирилган тадбирда 22 та МФЙдан ташриф буюрган маҳаллалар аҳли, партия фаоллари, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, шаҳардаги 30 та БПТ етакчилари қатнашди. Кун тартибидаги долзарб масала юзасидан Қарши шаҳар ҳокими маслаҳатчиси, БПТ фаоли Ораста Тошева маъруза қилди.
– Бугунги учрашувда бошланғич партия ташкилоти томонидан ўртага қўйилган мавзу ниҳоятда долзарб эканлигини алоҳида қайд этиб ўтмоқчиман, – деди О.Тошева. – Дарҳақиқат, тозалик кунда керак, ҳар куни керак. Тозаликка риоя қилсак, турли юқумли касалликларнинг олди олинади. Ибн Сино бобомиз ҳам тозаликка қаттиқ риоя қилган эканлар. Бироқ бугунги кунда кўпчилик фуқароларимиз бу масалага панжа орасидан қараб келишаяпти. Масалан, шаҳримиз кўчалари бўйлаб юрар экансиз, баъзи МФЙлар ҳудудлари, йўл ёқалари ахлат чиқиндиларига тўлдириб ташланганини кўриб, таъбингиз хира тортади. Бунинг устига жуда кўплаб савдо шаҳобчалари олдида фуқаролар томонидан эътиборсизлик билан баклашкалар, селофан пакетлари, қоғоз, тез айнувчи таом қолдиқлари ташлаб кетилаяпти. Бундай нохуш ҳолатларни бартараф этиш учун учун аҳоли орасида тарғибот тадбирларини ўтказиш муҳим деб ўйлайман.
– Қашқадарё технологик транспорт очиқ ҳиссадорлик жамиятида тузилган БПТнинг 60 нафардан ортиқ аъзолари мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирок этиб келишаяпти, – деди тадбирда партия вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Руиддин Раупов. – БПТ фаоллари томонидан “Тозалик йўлида бирлашайлик” шиори остида шаҳримиздаги “Кунчиқар”, “Ойдин”, “Кат”, “Янги турмуш”, “Қавали”, “Наврўз”, “Пахтазор” МФЙларда, Тиббиёт коллежида “Энг покиза оила”, “Энг покиза кўча”, “Энг покиза маҳалла” номинациялари бўйича кўрик-танловлар мунтазам ташкил этиб келинаяпти. Айниқса, БПТ фаоллари томонидан шаҳримиздаги бозорлар, бекатлар, парклар, ташкилот ва муассасалар, жамоат транспортлари ва супермаркетларда фуқароларни тозаликка чақирувчи тарғибот тадбирлари уюштирилиб, ҳамма учун кўринарли жойларга плакатлар жойлаштиришаётгани теварак-атроф тоза сақланишига катта туртки бўлаётир. Бу каби тарғибот учрашув ва тадбирлар жамоат жойларида тозаликка риоя қилмайдиган юртдошларимизни ҳушёрликка чорлабгина қолмай, балки бунинг учун жавобгарлик муқаррарлигини ҳам эслатиб, масъулиятли бўлишга ундайди.
Тадбирда БПТ аъзолари томонидан ўтказиб келинаётган “Тозалик ҳафталиги” ҳам юқори савияда ташкил этилгани боис шаҳар кўчалари ва жамоат жойларида 350 дан зиёд чиқинди ташлайдиган темир қутилар ўрнатилгани таъкидланди. Бундан ташқари, БПТ фаоллари ташаббуси билан корхона, ташкилот, муассасалар ва аҳоли гавжум ҳудудларда, таълим масканларида, оилаларда тегишли мутахассисларни жалб этган ҳолда “Тозалик ҳар кимга, ҳар куни керак” шиори остида ҳашарлар уюштирилаётгани ҳам ҳудудларимизнинг тоза-озода сақланишига катта ҳисса бўлиб қўшилаяпти.
Тадбирда иштирок этган барча фуқароларга тиббиёт ходимлари ва мутасадди идоралар вакиллари томонидан тозаликка риоя қилиш узоқ умр кўриш гарови эканлиги яна бир бор эслатилди. Қарши шаҳридаги 70 та БПТ ҳам ҳудди шу қуйи ташкилот каби фаол иш олиб боришга даъват қилиниб, улар фаолиятида йўл қўйилаётган айрим камчиликлар кўрсатиб ўтилди.
Комил САХАТОВ,
Қашқадарё вилоят кенгаши матбуот котиби