ADOLAT 24

Сабр тўнини кийган устоз

Инсонлар ўртасидаги муносабатлар ҳақида ўйлаганда турли ҳолатлар кўз олдимизга келади. Баъзан Яратгандан омадимни бер деб сўраш, аслида, яхши одамга дуч келтиришини сўраш эмасмикан, деган хаёлга ҳам борамиз. Чунки “омад” деганлари кўзга кўринадиган нарса эмас-да, лоп этиб олдингдан чиқиб қолса! Лекин бир одамнинг яхши маслаҳати ёки насиҳати кўп эзгуликларга йўл очиши мумкинки, худди шуни “омад” деса бўлади. 

Кўплаб шогирдларнинг устози, профессор Бойбўта Дўстқораев ҳақида ўйлаганимда, ана шундай фикрлар ҳаёлимдан ўтди. Чунки устоз билан бўлган тасодифий учрашув менинг ҳаёт йўлимни бутунлай бошқа изга солиб юборган. 

…Кекса ота-онамнинг хизматини қилай дея уйланиб, бола-чақали бўлиб, қишлоқда қолиб кетгандим. Гарчи сиртдан ўқиб, олий маълумот олган, мактабда ўзбек тили ва адабиёти фанидан дарс бериб, бинойидек ишлаб юрган бўлсам-да, кўнгилда бир армон яшарди: мактабни битираётганда “ким бўласан?” деган саволга “журналист бўламан” деб жавоб берганман ва шу жавобим менга тинчлик бермасди. Билмадим, журналист деган сўзнинг жаранггими (ростдан, бу сўзнинг садоси кўп­ларни мафтун қилиб қўяди) ёки ризқим шу соҳадан ёзилгани ҳақиқат эканми (қарийб қирқ йиллик онгли ҳаётим шу соҳада ўтаяпти), ўзимни енга олмас ва ўша хаёлий қисматга интилардим. 

Ажойиб кунларнинг бирида синфдош дўстим Болта билан минг бир илинж қуршовида Тошкентга йўл олдик. Бу пайтга келиб, чамамда, журналист бўлишдан умидимни ҳам узган (бу соҳа қўл етиб бўлмас арши аъло туюларди), лекин тор муҳитни тарк этишни дилимга туккандим: ўша пайтларда ўқитувчининг обрўси тушиб кетган, умри пахта даласида ўтади, чаласавод бригадир ҳам хўжайин… Ботинимда нимадир ғимирлар, шеър­лар ёзар, редакцияларга жўнатиб, тўмтоқ жавоблар олар, оғриган бошим жавоблардан яна баттар оғрирди. Туман, вилоят газеталарига хабарлар ёзиб турар, ҳатто жамоатчи мухбир ҳам бўлиб қолгандим. Илмий-педагогик мавзуда мақолалар ёзардим, улардан иккитаси Халқ таълими вазирлигининг нуфузли журналида эълон ҳам қилинганди. Хуллас, нимадир ичкарида безов­та қилар, уни енгиш иложи бўлмас, имконият эса чекланган эди. 

Ниҳоят, “Ҳар куни ўлгандан бир кун ўлган афзал” деганларидек, кўзни чирт юмиб, пойтахтга йўл олдим ва иқтидоримни чамалаб, феълимда воқеа-ҳодисалар моҳиятини англашга интилиш, борлиқни яхлитликда ва кечаётган воқеа­ларни узвийликда тасаввур қилиб, хулосалар чиқариш иштиёқи борлигидан фалсафа йўналишида ўқийман, деб ният қилдим. Ниятимни фалсафа факультети раҳбари – назокатли аёл хонимга баён қилганимда, “Сиз тайёр файласуфсиз” дегандек қилиб, “Ундан кўра илмий иш қилинг, бу ўқишдан маъни йўқ” деган жавоб бўлди. Мени қабул қилишмас экан. Жуда хафа бўлдим, ўртоғим далда берди. Бош қотди. Қайтиб кетаверишга эса оёқ тортмайди. Қандай орзуларим бор эди-я?! 

Айни паллада тоғликларга хос ўжарлигим тутдими ё ризқ-насиба тортиб турган эканми, менда тасодифан ўша қўл етмас мас­канни бир кўриш иштиёқи жўш урди. Энг охирги илинж сифатида журналистика факультетига бориш, бу даргоҳнинг бахт­ли студентлари қандай шароитда ўқиётганини кўриш ҳамда майдонни бир айланиб, юракдаги оловга сув сепиш ва …шундан кейин қайтиб кетиш истаги бош кўтарди. Суриштириб, факультетни топдик. 

Коридор бошида тик туриб, хилват йўлакни кузатдим. Унда тасаввуримдаги ўзгача бир улуғворликни сезмадим, одми таълим даргоҳи. Поллари ўйилган, эшиклари қирилган, нимаси биландир ишлаётган мактабимга ўхшарди ва шуниси билан дилга яқин эди. 

Занг чалинди, талабалар коридорни тўлдиришди. Уларга разм солдим, ҳаммаси ўзимга ўхшаш қора кўзлар. Алоҳида бир синоатни сезмадим. Юрак ютиб, олға босдик, йўлакнинг охирида кенг айвон бор экан, давомида яна хоналар, уларнинг баъзилари эшиги очиқ ёки ёпиқ, одамларнинг гангур-гунгури эшитилиб туради. 

Кутиб турдик, ҳаяжондамиз. Шу аснода ўрта бўйли, тўладан келган йигит ўнг тарафдаги хонадан чиқиб, қарши хонага кириб кетди. Менимча, мавриди келган эди, бир куч илгари бошлади. Салом бериб ичкарига кирдим-да, “Қашқадарёдан келгандим, бир маслаҳат керак эди…” деб гап бош­ладим. Суҳбатдошим мени ўтиришга таклиф қилди ва мен “дийдиё”мни бошладим.

Анча узоқ гаплашдик. Ҳамма гапни айтдим, “домла” ҳафсала билан тинглади. “Ёшингиз катта бўлиб қолган экан, яна оила, бола-чақа… Қийналмайсизми?” деган жўяли саволлар бўлди. Мен бироз эҳтиросга берилиб, “Ўқишга кириш насиб этса, пол ювишга ҳам, ҳар қандай топшириқни бажаришга ҳам розиман” тарзида жавоблар бердим. Суҳбатдошимнинг одам­охунлиги, гапларимни бўлмай, ҳафсала билан тинглаши, савол­лар бериб туриши далда бўлиб, роса “тўкилдим”. Хуллас, шу суҳбатдан мудраган туйғуларим жонланиб, ухлаган ҳисларим уйғониб, қанот боғлаб чиқдим. Мулоқот моҳиятидан талаба бўлиш учун бажаришим керак бўлган вазифаларни ҳам аниқ белгилаб олдим: қишлоққа қайтгач, газеталар билан алоқаларни кучайтириш, мақолалар чиқариш, мус­тақил равишда чет тилини ўрганиш…

Шундай қилиб, толеим кулиб, ўша йили ўқишга кирдим. Гарчи кеча ўзимдан сабоқ олган болалар билан курсдош бўлсам-да, бундай майда-чуйдаларга парво қилмас, эсини таниб қолган одам сифатида ўз йўлимни белгилаб олган, биринчи навбатда, мутолаа билан жиддий шуғулланардим. Завқли ва тароватли ҳаёт қўйнида эдим. Аммо бир нарсадан хижил бўлардим: менга тўғри маслаҳатлар берган, қутб юлдузидек йўлимни ёритиб, олдинга бошлаб юборган устоз кўринмасди. Ўшанда ҳатто тортинчоқлик билан исм-шарифларини сўраб олмаганимдан ўзимни койирдим… 

Ниҳоят, иккинчи курсда, саодатли лаҳзаларнинг бирида худди шу зот яна қаршимда пайдо бўлди. Бу киши устоз Бойбўта Дўстқораев эди. Танаффусда бир йил олдинги гапларни эслатдим. Домланинг чеҳраси ёришиб, “Жуда бир сўзли бола экансиз-да. Энди яхши ўқинг” деди.  

Менинг орзуимдаги маскан – факультетда жуда ҳаётбахш об-ҳаво ҳукмрон эди. Жуда тортинчоқ эканлигимни шу ерда сездим, рус ва ўзбек тилларида баравар гапирадиган, маъруза ўқийдиган устозлар мактабда рус тилидан сабоқ тингламаган қиш­лоқи бола учун мўъжизадек туюларди: бош­қа тилни шунчалар равон ўзлаштириш мумкин экан-да! 

Устозлар ўз ўқувчиларини авайлар, улар борлиғида буюк бир куч яширинганига ишонардилар гўё. Шундай ҳам бўлиб чиқарди. Журналистика факультети миллий зиёлилар сафини тўлдириб бераётгани билан ифтихор қиларди. Бу даргоҳнинг қучоғи саховатли эди, негаки, устозлар улуғ шахс­лар эди. Уларнинг сафида Бойбўта ака муносиб тарзда эътироф этиларди. 

Ана шундай муҳитда мен ҳам ўз оролимни излар, қайноқ муҳит бағрида эдим. Бойбўта домланинг маърузаларини қолдирмай тинглар, репликалари-ю қилиқларигача дафтаримга ёзиб борардим. Амалий топшириқларини қолдирмай, юқори даражада эплашга уринардим. Машқларимни ўқиб, кўнгли тўлиб борди, чамаси, устоз бир сафар менга нисбатан “қалами ўткир…” иборасини ишлатди. 

Бойбўта акадек етук устознинг ҳатто фан номзоди эмаслиги бизни қизиқтирарди, албатта. Кейинчалик маълум бўлдики, аввало, ташқи сабаб­лар туфайли илмий раҳбар(Очил Тоғаев)ни алмаштиришига тўғри келган. Кейин эса мавзу ҳақиқатан “оғир” – ўша пайтларда тўлиқ “оқланмаган” жадидлар фаолияти юзасидан экан. Тадқиқотчи тезроқ олимлик дипломини олишга шошилмай, рўшнолик кунларини кутаётган, ўзи тадқиқ қилган мавзуни бутун бўй-бас­ти билан илм оламига олиб киришни жуда-жуда истаган экан. Шундай қилиб, кандидатлик ишининг ҳимояси оз эмас, кўп эмас 17 йил чўзилган. Ҳа, атайлаб, сунъий равишда чўзишган. 

Бойбўта Дўстқораев ана шундай дунёда умргузаронлик қилар, кутиш ва умид қилишнинг яшил хиё­бонида сабр тўнини кийиб, йилларни изтиробда ўтказиб, яшаётган, улғаяётган эди. Ниҳоят, мус­тақиллик бу эътиқодли илм шайдосига ҳам рўшнолик ато этди, олимлик йўлидаги тўсиқлар бартараф этилди, қулочни кенг қўйиб, ишлаш имкони туғилди. Шундай ҳам бўлди. Маърузаларида дунё журналис­тикасининг энг яхши намуналарини таҳлил қилиб, соҳанинг кўплаб машҳурлари ҳаёти ва ижодини тилга олиб, салмоқли мулоҳазалари билан талабаларни ҳайратлантириб юрган иқтидорли олим эъти­борли устоз-муаллимлардан бирига айланди. Матбуот назарияси ва амалиёти кафедрасининг доценти, кейинчалик профессор бўлиб, олий таълим соҳасида узоқ ва самарали фаолият кўрсатди. Хизматлари эътироф этилиб, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи” унвонига муносиб кўрилди.

Йиллар шу тарзда ўтди, ҳаётнинг илгариланма ҳаракати ҳамма нарсани ўзгартириб, янгилаб бораверди. Бу орада шогирдлар ҳам улғайиб, ўз йўлини тайин этиш борасида амалий қадамлар қўйдилар. Жумладан, мен ҳам 5 йил вилоят газетасида ишлаб, яна пойтахтга қайтдим ва устоз билан бақамти бўлдим. Бойбўта Дўстқораев тўла ҳуқуқ билан устоз мақомини қозонган эди. Шунинг­дек, соҳанинг жонли ҳаётини кузатиб, долзарб мақолалар ёзарди. Журналистика табиатан ижод, у қалб фантазия­си, руҳоният тафаккури маҳсули. Шунинг учун муаллифнинг ижоди тадқиқ қилиб турилса, қаламкашнинг униб-ўсиши, хатолардан воз кечиб, муваффақиятларни мустаҳкамлаб бориши, “маҳсулот”нинг харидоргир бўлиши самарали кечади. Шу маънода журналист фаолиятига тадқиқотчининг назари сув ва ҳаводек зарур. 

Миллий журналистикамизда яхши анъана бор эди: устоз олимлар шогирдларининг ижодини кузатиб бориб, вақтли матбуотда шарҳлар билан чиқардилар, яъни журналистнинг ёзганларини таҳлил қилиб, ўз муносабатларини билдирар эдилар. 

Шу эзгу амал руҳида энди мақолаларни эмас, китобларни устозларга тақдим қилиб, уларнинг муносабатини билишга интилдик. Жумладан, Бойбўта акага бирин-кетин чоп этилган учта китобимни совға қилдим. Албатта, умидим матбуотда ул зотнинг муносабатини кўриш, шу билан кейинги режаларни таҳрир қилиб олиш эди. Мен бехабар эканман, шу дамларда махсус топшириқ билан ўзбек журналис­тикаси тарихи бўйича ўқув қўлланмаси тайёрлаш билан жиддий банд экан. Лекин ҳар сафар учрашганимизда муносабатлар самимий, мутолаадан олган таассуротларини нигоҳлари ёришиб изҳор этар, “Боплагансиз” деб муттасил такрорлар эди. Вақт эса тўхтаб турмас, тирикчилик араваси турли манзиллардан олиб ўтарди. Афсуски, умр ҳам бевафо экан, ҳаммаси насияга қолиб кетди. Кутилмаганда беморлик устозни тўшакка ётқизиб қўйди.

Устознинг 70 ёшга тўлиши қандай байрам қилингани кўпчиликнинг ёдида. Ўзгача бир самимият, саховат, ўзбекона бағрикенг­лик уфуриб турганди тадбирларда. Зеро, чинакам журналис­тикага, устоз­га муносабат бундан ўзгача бўлиши мумкин эмасди. Бойбўта Дўстқораев маърузаларида таъкидлагандек, журналистиканинг марказида инсон олами ва унинг манфаатлари туради. Ҳаёт ҳақиқатини тасдиқлаш бу соҳа вакилларининг муқаддас вазифаси бўлиб қолаверади. Бу борадаги фаолият изчил давом этар экан, ҳар доим қаламкашлар шайланиб майдонга тушаверадилар ва уларнинг меҳнатида устозларнинг сабоқлари қурол, ғалабага чорловчи маёқ бўлиб хизмат қилаверади. 

Ҳаким САТТОРИЙ

Tegishli xabarlar

Муаллимларга

admin

“Адолат” СДП янги таҳрирдаги Конституция аудио китобини тақдим этди

admin

Нон сотувчи қиз

admin