ADOLAT 24

СТРАТЕГИЯ — жамият тараққиёти кафолати

Мамлакат ҳаётига теран назар солар эканмиз, юртимиздаги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жараёнларнинг шиддатли ривожига гувоҳ бўламиз. Тинчлик-осойишталик, бунёдкорлик, иқтисодий эркинлик, ижтимоий ҳимоя – буларнинг барчаси инсон учун хизмат қилмоқда. 

Мамлакатимиз раҳбарининг ана шу жараёнларни янада кенгайтириш ва жадаллаштириш мақсадига йўналтирилган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фаоллари томонидан ҳам катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Бу бежиз эмас, албатта. Президентимизнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг бешта устувор йўналиши келгуси етти йилда амалга оширилиши кўзда тутилган 100 та муҳим мақсад ва вазифани қамраб олди. Мазкур йўналишлар доирасида ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2 баробар ошириш, камбағалликни икки баробарга камайтириш, мактабгача таълим билан қамров даражасини 100 фоизга етказиш, сув ишлатиш самарадорлигини 25 фоизга ошириш каби қатор вазифалар белгиланган.

Маълумки, мамлакатимизда кенг қамровли ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилмоқда ва буларнинг натижасини халқимиз кўриб-билиб турибди. Инсон ва унинг камолоти учун, фаровон турмуш тарзи ва завқ-шавқли ҳаёти, бахт-саодати учун яратилаётган шароитларни ким ҳам инкор эта олади.  

Стратегиянинг асосий мақсади Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси асносида амалга оширилаётган, ҳаммамиз кўриб-билиб турган кенг кўламли ва айни вақтда халқпарвар ислоҳотларни изчил давом эттиришга, соҳа ва йўналиш­ларни янада ривожлантиришга қаратилган бўлиб, булар жамият тараққиётида муҳим из қолдириши билан аҳамиятлидир.

Айниқса, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясидан барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш; аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш; аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш; халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш; мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш масалаларининг ўрин олганлиги халқ фаровонлиги йўлида қўйилган яна бир тамал тоши бўлиб хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш масаласи бугунги кунда нотинчликдан тебраниб турган дунёда ҳаммамиз учун муҳимдир. Биз, албатта, барча муваффақиятларимизнинг гарови бўлган мамлакат мустақиллигини ҳимоя қилишни, унинг хавфсизлигини, тинчлик-осойишталигини таъминлашни энг муҳим ва долзарб масала, деб биламиз. Бу мақсадларнинг Стратегиядан ўрин олиши эртанги фаровон ҳаётимизга бўлган кафолатдир.  

Шунингдек, халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш ҳам оддий гап эмас. Қаерда адолат бўлса, у ерда тараққиёт бўлади. Стратегиянинг асосий ғояларидан бири бўлган бу мақсад ҳам барчамизни бирлаштиради, деб ишонамиз.

Бир сўз билан айтганда, мазкур ҳуқуқий ҳужжат ижроси бўйича барча давлат органлари ва ташкилотларининг, шу жумладан, сиёсий партияларнинг ўз мақсадлари йўлида жиддий ишлашлари тақозо этилади.

Зеро, юртдошларимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлашни ўз ичига олган эзгу мақсаду вазифалар тараққиётимиз ривожига, халқимиз фаровонлигига хизмат қилади.

Абдукамол РАХМОНОВ,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раисининг ўринбосари  

Tegishli xabarlar

БУ ЙИЛ ИҚТИСОДИЁТИМИЗДА ҲАЁТИЙ УЙҒОНИШ ВА ЮКСАЛИШ ЙИЛИ БЎЛАДИ

admin

Алдаш – гуноҳ

admin

ХАЛҚ ТАЪЛИМИ СОҲАСИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР НАТИЖАДОРЛИГИ ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ

admin