ADOLAT 24

Марказий Осиё минтақасининг гуллаб-яшнаши йўлидаги муҳим ташаббуслар

Сўнгги йилларда юртимизда бошқа соҳалар қатори экологик барқарорликни таъминлаш, аҳолининг қулай табиий муҳитга эга бўлиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, табиий ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланиш, юзага келаётган экологик муаммоларнинг олдини олиш ҳамда уларнинг салбий оқибатларини бартараф этиш ва энг асосийси, Орол муаммосига ҳам жиддий эътибор қаратиб келинмоқда.

Бугунги кунда халқаро ҳамжамият эътиборини тўлиғича ўзига қаратган “Орол денгизининг экологияси” юзасидан ҳам ҳукуматимиз томонидан аниқ режа ва дастурлар асосида самарали ишлар ташкил қилинмоқда. Албатта, ҳар бир мамлакат бу жараённинг салбий таъсирини ҳис этмоқда. Афсуски, бундай ўзгаришлар минтақа давлатларининг тараққиётига ҳам катта хавф туғдирмоқда.

Давлатимиз раҳбари бир неча йилдан буён халқаро ҳамжамият эътиборини ушбу глобал муаммога қаратиб келмоқда.

Жорий йилнинг 14–15 сентябрь кунлари Тожикистон Республикасининг Душанбе шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви ва Оролни қутқариш халқаро жамғармаси саммити бўлиб ўтди.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви ва Оролни қутқариш халқаро жамғармаси саммитида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, илғор ғоялар ҳамда ҳар томонлама манфаатли таклиф ва ташаббусларни илгари сурди. 

 Ўзбекистон Президенти Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан делегациялар раҳбарларини самимий қутлаб, ўтган давр мобайнида Жамғарма экологик таҳдидларга қарши кураш масалаларида умумий манфаатларни илгари суриш учун муҳим майдон сифатида хизмат қилаётганлиги ҳамда тегишли қўшма қарор ва дастурлар доирасида бир қатор манфаатли ишларни амалга ошириб келинаётганлигини қайд этиб ўтди. Шунингдек, Жамғарма сув ва экология соҳасида минтақавий ҳамкорликнинг энг муҳим платформаси эканлиги, глобал иқлим ўзгаришлари оқибатида вужудга келаётган янги хавф ва таҳдид­лар ортиб бораётганлиги ҳам эслатилди. 

Хусусан, музликларнинг эриши, табиий офатлар, шунингдек, шиддатли демографик ўсиш, урбанизация жараёнлари ва саноатлашув натижасида юзага келаётган техноген омиллар туфайли минтақада сув ва экология билан боғлиқ вазият ёмонлашиб бораётгани ва унинг оқибатлари алоҳида хавотир уйғотаётганлиги баён этилди.

Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Марказий Осиёнинг айрим минтақаларида 2040 йилга бориб сув ресурсларига бўлган эҳтиёж уч баробар ошади. Вақт ўтиши билан иқтисодий зарар ялпи минтақавий маҳсулотнинг 11 фоизига етиши мумкин.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотига кўра, ҳозирнинг ўзидаёқ минтақа давлатлари сув ресурслари тақчиллиги ва ундан самарасиз фойдаланиш оқибатида йилига 2 миллиард долларгача маблағ йўқотмоқда.

Халқаро ташкилотлар маълумотига кўра, сўнгги 30 йил ичида Марказий Осиёда ҳаво ҳарорати 1,5 даражада кўтарилган. Бу глобал ҳарорат ўсишидан 2 баробар юқори. Бунинг натижасида 2050 йилга бориб, Сирдарё ҳавзасида сув ресурслари 5 фоизга, Амударё ҳавзасида 15 фоизгача камайиши кутилмоқда. 

Буларнинг барчаси Жамғарма доирасида узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган келишилган янги қарорларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни талаб этмоқда.

Ушбу глобал муаммоларнинг олдини олиш ҳамда шериклик самарадорлигини ҳуқуқий ва институционал жиҳатдан таъминлаш бўйича 5 та долзарб стратегик таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди. Булар:

Биринчи ташаббус. Ўзбекистон Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш ва институционал механизмларини модернизация қилиш.

Ушбу ташаббус бўйича асосий ҳужжатлар ва битимлар хатловдан ўтказилади, 1990 йилларда қабул қилинган Жамғарма низоми қайта кўриб чиқилади, амалдаги тузилма фаолияти биргаликда таҳлил этилади, шунингдек, Жамғарма таркибидаги ташкилотлар иши мувофиқлаштирилади ҳамда ҳамкорлик масалаларини аниқ тартибга солувчи “Қоида ва тартиб-таомиллар” ишлаб чиқилади. 

Жамғармани ривожлантириш ва ислоҳ этиш жараёнларини тармоқлараро тамойил асосида, яъни замонавий экологик таҳдидларни ҳисобга олган ҳолда, “сув – энергетика – озиқ-овқат” тартибидаги комплекс ёндашувлар негизида амалга оширилади. Тузилманинг асосий ҳужжатларида транс­чегаравий дарёлар сув ресурсларини бошқариш ва фойдаланиш соҳасида умумэътироф этилган меъёрлар, принциплар ва ўзаро мажбуриятлар белгиланади.  

Иккинчи ташаббус. Жамғарма бош­қарувига амалдаги Дастурни танқидий қайта кўриб чиқиш топшириғини бериш, минтақавий лойиҳанинг ҳажмини ва молиялаштириш манбаларини белгилаган ҳолда, “йўл хариталари”ни, шунингдек, уларнинг ижроси бўйича келишилган жадвални тайёрлаш.

Мазкур ташаббус ва таклиф бўйича, кейинги йилларда минтақавий лойиҳанинг ҳажми, молиялаштириш манбалари белгиланади, шунингдек, “йўл харита”си тузилиб, ижроси бўйича келишилган жадвал тайёрланади.

Учинчи ташаббус. Устувор минтақавий лойиҳаларни илгари суриш учун инвестиция, технология ва техник кўмакни жалб этиш масалалари бўйи­ча тизимли ҳамкорликни кучайтириш. 

Ушбу ташаббус бўйича Марказий Осиё давлатлари минтақавий лойи­ҳаларга четдан кўмакни жалб этиш бўйича ўзига мажбурият белгилайди. Раислик қилувчи томоннинг мувофиқлаштириши асосида инвестицияларни ва техник кўмакни жалб қилиш ва тақсимлаш механизмлари ишлаб чиқилади. Шунингдек, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида махсус минтақавий конференция ўтказилади. 

Тўртинчи ташаббус. Жамғарманинг ишчи органларига халқаро консультантлар иштирокида Амударё ва Сирдарё ҳавзаларини ривожлантириш бўйича узоқ муддатга мўлжалланган режалар ишлаб чиқиш топшириғини бериш. 

Мазкур ташаббус бўйича Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида вазиятнинг ривожланиши бўйича турли сценарийлар моделлаштирилади. Стратегик ҳужжатларнинг қабул қилиниши минтақамизда сув-энергетика ресурсларини интеграциялашган ҳолда бошқариш сиёсатини мувофиқлаштиришга имкон беради.

Бешинчи ташаббус. Сув ва бош­қа табиий ресурслардан тежаб-тергаб фойдаланиш маданиятини шакллантириш, махсус дастурни қабул қилган ҳолда, ёшлар ташаббуслари ва стартапларини қўллаб-қувватлаш масалаларида ёшлар билан ишлашни минтақавий даражада ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги.

Ушбу масалаларни кўриб чиқишда Превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ фаолиятининг янада жадаллаштирилиши айтиб ўтилди. 

Саммитда илгари сурилган ташаббуслар ва қабул қилинаётган ҳужжатларнинг амалга оширилиши Жамғарма доирасида халқларимиз фаровонлиги ва бутун Марказий Осиё минтақасининг гуллаб-яшнаши йўлида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ва самарадорлигини оширишга кенг йўл очади.

Зухра Ибрагимова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари,

“Адолат” СДП фракцияси раҳбари

Tegishli xabarlar

МАРРАЛАРИМИЗ ЖУДА ЮҚОРИ, ХАЛҚИМИЗ БИЗДАН АМАЛИЙ НАТИЖАЛАР КУТЯПТИ

admin

Ўзбекистон Туркий инвестиция жамғармасига аъзо бўлмоқда

admin

“Меҳр қолур, муҳаббат қолур…”

admin