ADOLAT 24

Ҳаётимизга янги мазмун бахш этади

Мамлакатимиз жаҳон саҳнасида ўз мустақил тараққиёт йўлига эга давлат сифатида етакчилар сафида илдамлаб бормоқда. Албатта, бу етакчилик асосида мамлакатнинг ўз олдига белгилаб олган қатъий мақсади, ривожланиш принциплари ва уларни амалга оширишдаги жонбозлиги муҳим ўрин тутади. 

Мамлакат тараққиётининг асосий омилларидан бири – ижтимоий ҳимояга алоҳида эътибор қаратилаётганидадир. Зеро, кучли ижтимоий ҳимоя­ланган мамлакатгина кўзланган мақсадга эришади. 

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни 2023 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари бўйича қабул қилингин Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони ва қарорида илгари сурилаётган ҳаётбахш ғояларни бугунги сиёсатимизнинг устувор йўналишига айлантиришида ҳам айнан шу мазмун-моҳият мужассам. Мазкур ҳужжатларда аксини топган оқилона, инсонпарвар сиёсат, инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг сўзсиз ижроси йўлидаги дадил қадамлар, яқин келажакда амалга ошириладиган кенг кўламли ислоҳотлар, аниқ мақсад ва вазифалар инсонлар ҳаётига янгича мазмун бахш этиши шубҳасиз. Тан олиб айтиш керакки, инсон манфаатлари устуворлигини таъминлаш, жамиятни янада ривожлантириш мақсадида аҳолининг таклифлари, талаб ва эҳтиёжларини эътиборга олган ҳолда қабул қилинган ушбу ҳужжат одамлар қалбида эртанги фаровон келажакка бўлган қарашларни ўзгартириб юборди.

Биргина мисол. Онкогематологик касалликларга чалинган болалар учун алоҳида марказ, гемотопоэтик суяк кўмиги ўзак ҳужайралари трансплантация­си амалиёти жорий этилиши, вирусли гепатитнинг “С” тури билан касалланган беморларни ҳамда гемотопоэтик суяк кўмиги ўзак ҳужайралари трансплантация­си муолажасига муҳтож онкологик касалликларга чалинган болаларни тўлиқ Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволашни йўлга қўйиш борасида белгиланган вазифаларнинг ўзиёқ ҳар бир инсон эътиборда, унинг қадри ҳар нарсадан улуғ эканлигининг ёрқин намунаси десам, янглишмайман. 

Ёдимда, мурғак вужуди хасталик билан мардонавор курашаётган жажжи болажонларга озгина бўлсада қувонч улашиш, уларнинг дилларига хушнудлик бахш этиш истагида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилоят филиалида даволанаётган бемор болажонлар ҳолидан хабар олиш мақсадида филиалга борганимизда, болажонлар билан уларнинг олам-олам орзулари ҳақида суҳбат қурдик. Фарзандига кўз ёшини сездирмасдан ичидан эзилиб йиғлаган оталарни, кўз ёши юзини юваётган оналарни кўриб Оллоҳдан уларнинг дардига шифо сўрадик. Айнан ушбу ҳужжатда мени қувонтирган ҳолат гемотопоэтик суяк кўмиги ўзак ҳужайралари трансплантацияси муолажасига муҳтож онкологик касалликларга чалинган болаларни тўлиқ давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволашни йўлга қўйилиши қонун ҳужжатлари орқали мустаҳкамлаб қуйилгани бўлди.

Энди вилоятимиздаги ушбу филиалда даволанаётган, айни пайтда шундай муолажага муҳтож бўлган 8 нафар болалар ҳам давлат томонидан тўлиқ муолажа олади. Бу имтиёзлар бемор фарзандини юзига термулиб, ўзи ҳам еб-ичишини унутган ота-оналар учун, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ногиронлар учун катта аҳамият касб этади. Бу яратилаётган имтиёзлар замирида давлатимизнинг ўз фуқароларига ғамхўрлиги, қўллаб-қувватлаши бирламчи мезон бўлиб хизмат қилмоқда. 

Шу ўринда қайд этиш жоизки, Ўзбекис­тон “Адолат” социал-демократик партиясининг Сайловолди дастурида биринчи галда ижтимоий манфаатлар устувор йўналиш сифатида белгилаб олинган. Биз мамлакатда кучли ижтимоий сиёсат олиб борилиши тарафдори бўлиб, ижтимоий йўналишдаги ғоя ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаймиз. Халқнинг, одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашлари учун ҳаракатдамиз. Демакки, халқ фаровонлиги, юрт тараққиёти йўлида амалга оширилиши зарур бўлган мақсадларнинг аниқ ечими ва мақбул усулларини ўзида жамлаган ушбу ҳужжатнинг ҳаётга жорий этилишида, ижросини таъминлаш йўлида ислоҳотларга камарбаста бўлиб, сиё­сий қатъият, ҳозиржавоблик ва бирдамлик билан ҳаракат қиламиз.

Муҳиба Бабабекова,

“Адолат” СДП Самарқанд вилоят кенгаши раиси

Tegishli xabarlar

Олий Мажлис палаталари ва Сиёсий Партияларнинг роли янада оширилади

admin

“Adolat” етказиб берилди

admin

“Инсон азиз, унинг қадр-қиммати ҳамма нарсадан баланд”   Бу ғоя Ҳаж амалларини бажариш пайтида ҳам яққол намоён бўлди

admin