ADOLAT 24

“ЎЗБЕКИСТОН — 2030” СТРАТЕГИЯСИ янги муваффақиятларга замин яратади

Жорий йилнинг 30 апрелида Умумхалқ референдуми орқали Бош қомусимизнинг янги таҳрири маъқулланди. Бу билан Янги Ўзбекистон тараққиётида туб бурилиш ясалди, деб баралла айтиш мумкин. Негаки Конституция барча муваффақиятларимиз, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий, сиё­сий равнақининг ҳуқуқий асосидир. 

Президентимиз 2023 йил 11 сентябрда имзолаган “Ўзбекистон — 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармони амалга оширилаётган ислоҳотларимизнинг кўламини кенгайтириш баробарида янгидан-янги ташаббус­ларга туртки бўлади.

Зеро, “Ўзбекистон — 2030” стратегияси бир неча муҳим йўналишларда амалга оширилади. 

Айниқса, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, одил судловга эришиш, иқтисодиётнинг асосий драйвери бўлган тадбиркорликни янада ривожлантириш, ижтимоий соҳада ислоҳотларни “инсон манфаати энг улуғ мақсад” тамойили асосида амалга ошириш каби масалалар устувор этиб белгиланмоқда.

Стратегиянинг жорий йилнинг ўзидаёк амалга оширилиши ислоҳотларнинг суръатини янада тезлаштиришга хизмат қилади. Президент қарорларига асосан, жумладан, стратегиянинг қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш йўналиши доирасида ҳамда давлат хизматларини кўрсатишда аҳолига янада қулайликлар яратиш ва ортиқча сансалорликларга барҳам бериш мақсадида 2024 йил 1 январдан бошлаб йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида давлат хизматларини кўрсатишда, шу жумладан, автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказишда автомототранспорт воситасининг олди-сотди шартномалари ва бошқа нотариал тасдиқланган битимларни “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимидан олиш амалиёти йўлга қўйилади ва ариза берувчилардан мазкур ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади. 2024 йил 1 мартдан эътиборан эса нотариал идорага келмасдан, шу жумладан, чет элдан туриб, мол-мулкдан фойдаланиш билан боғлиқ битимларни (мулк ҳуқуқини бош­қа шахсга ўтказишдан ташқари) электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда видеоконференцалоқа орқали расмийлаштириш тартиби йўлга қўйилади.

Қолаверса, 2024 йил 1 январдан бош­лаб босқичма-босқич барча шаҳар ва туманларда “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилиши маҳалла институтини янада такомиллаштиради. Бунда туман ва шаҳар бюджетларига тушадиган солиқ тушумларининг бир қисми маҳаллаларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилиш жамғармаларига йўналтирилади. Ташаббусли бюджет амалиётини ва маҳаллаларнинг молиявий мустақиллигини янада кенгайтириш мақсадида 2024 йилда жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган лойиҳаларни молия­лаштириш учун давлат бюджетидан 10 триллион сўм ажратилиб, шундан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дас­турлари учун камида 4 триллион сўм йўналтирилади. 

Бундан ташқари, 2024 йил якунига қадар қонунда белгиланган асосларда тезкор-қидирув ва тергов ҳаракатларига санкция бериш масаласи алоҳида тергов судьялари томонидан кўриб чиқиш тартиби жорий этилади. Тадбиркорлик соҳасида жавобгарликни янада либераллаштириш мақсадида 2024 йил 1 январдан бошлаб биринчи марта жиноят содир этган шахсни, агар у суд маслаҳатхонага киргунига қадар солиқлар ва йиғимлар, шу жумладан, пенялар ва бошқа молиявий санкциялар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қопласа, жавобгарликдан озод қилиш, тадбиркорлик субъектларига нисбатан қўзғатилган ҳар бир жиноят иши бўйича тергов ҳамда суд жараёнида тегишли мансабдор шахс жиноят иши материалларини иш юритувига қабул қилган вақтдан бошлаб тадбиркорни ҳимоя қилишга Бизнес омбудсман, Савдо-саноат палатаси, шунингдек, тадбиркорлик субъекти аъзо ҳисобланган бошқа ташкилотни жамоат ҳимоячиси сифатида жалб этиш (хабар қилиш) тартиби жорий этилади. 

Яна бир гап. “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш йўналиши бўйича 2023 йилга мўлжалланган амалий тадбирлар режаси, 2023-2024 йилларга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар ҳамда 2023 йилда ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари рўйхати тасдиқланади.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, парламент аъзоси сифатида фармонда белгиланганидек, болаларни мактабгача таълим ва тайёрлов гуруҳлари билан тўлиқ қамраб олиш, 100 фоиз мактабгача таълим ташкилотларини тоза ичимлик суви ва замонавий санитария-гигиена инфратузилмаси билан таъминлаш, олис ва чекка ҳудудларда жойлашган 715 та умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун бепул автобусларни йўлга қўйиш, умумий ўрта таълим муассасаларини тоза ичимлик сув ва замонавий санитария-гигиена, инфратузилмаси билан тўлиқ таъминлаш, 700 га яқин номдаги янги дарсликлар, машқ дафтарлари, педагоглар учун методик қўлланмалар ва мобиль иловалар яратиш, янги авлод дарсликлари асосида планшетлар учун 1 000 та мультимедиа дастурларини яратиш, таълим ташкилотларига ҳар йили 500 нафар “тил эгалари” бўлган хорижий мутахассисларни жалб этиш сингари вазифалар қайд этилгани эътирофга молик.

Албатта, мазкур эзгу ишлар жараёнида парламент аъзоларининг бевосита вазифаси, биринчи навбатда, режалаштирилган норматив-хуқуқий ҳужжатларни қабул қилишда жойларга чиққан ҳолда маҳаллий кенгаш депутатлари билан биргаликда мазкур тадбирларнинг бажарилишини таҳлил қилиш ва мониторингини тизимли ташкил этиш ҳисобланади. Айни масъулиятли вазифани бекаму кўст адо этишимизга ишонаман.

Наримон УМАРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 

Сенатининг суд-ҳуқуқ масалалари ва 

коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси

Tegishli xabarlar

Туркий дунё Самарқанд бағрида бирлашди

admin

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ МАРКАЗИЙ ОСИЁ ДАВЛАТЛАРИ ЎРТАСИДАГИ КЕЛГУСИ ҲАМКОРЛИК ИСТИҚБОЛЛАРИ ЮЗАСИДАН ҚАТОР ТАКЛИФЛАРНИ ИЛГАРИ СУРДИ

admin

Олтмиш йил аввал қурилган мактаб бугунги кун талабига жавоб берадими?!

admin