ADOLAT 24

Икки нафар хотин-қиз уйли бўлди, 80 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди

Депутат сайловчи кўнглига йўл топиб, уларни бунёдкорликка, яратувчиликка, эзгуликка, яхшиликка даъват қилади ва ўзи ҳам одамлар юрагидан жой олади. Халқ депутатлари Кўкдала туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам доимий равишда фуқаролар манфаатини ҳимоя қилиб келишаяпти. 

Гарчи туман ташкил этилганига ҳали кўп вақт ўтмаган бўлса-да, депутатлик гуруҳи аъзолари салмоқли ишларни амалга оширишга улгуришди. Бунда, айниқса, Президентимиз ташаб­буси билан йўлга қўйилган халқ билан мулоқот тизими яхши самара бераяпти. Депутатлар сайловчилар билан учрашувларда мамлакатимизда кенг миқёсда кечаётган ислоҳотлар моҳияти, Янги Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсати, давлатимиз раҳбари саъй-ҳаракати билан барча жабҳада амалга оширилаётган буюк ўзгариш­лар ҳақида тушунча бераяптилар. 

Дарвоқе, Кўкдала тумани Президентимиз қарори билан 2022 йил 19 апрель куни ташкил топган. Ер майдони 171 минг гектарни ташкил этади. Шундан 10 минг гектар лалми ва адир ерларда томчилатиб суғориш технологияси асосида боғ, токзорлар барпо этилаяпти. Туманда 32 та маҳаллада 182 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Кўкдалада бугунги кунда 162 та саноат корхонаси, 1 та кичик саноат зонаси мавжуд. 

Президентимиз шу йил 21 апрель куни туманга ташрифи чоғида Еттитом шаҳарчаси инфратузилмасини ривож­лантириш, бу ерда маҳаллий идоралар учун бинолар, “Янги Ўзбекистон” массиви, боғча ва мактаблар, полик­линика, истироҳат боғи, халқаро аҳамиятдаги йўл бўйида хизмат кўрсатиш ва савдо мажмуалари барпо этиш, 159 километр йўлни таъмирлаш, 50 километр ичимлик сув, 80 километр электр тармоқлари тортиш юзасидан топшириқлар берган эди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари янги биноларни энергия тежамкор қилиб қуриш, уларга қуёш энергияси панеллари ўрнатиш муҳимлигини қайд этди. Шу билан биргаликда Кўкдалада 500-1000 мегаватлик қуёш электр станциялари ва қуёш панеллари корхонасини барпо этиш зарурлигини таъкидлади. 

Айни пайтда аҳолига муносиб турмуш шароитини яратиш, ҳудудни иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, маҳаллаларда одамларни қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этишда халқ депутатлари туман Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам фаол иш олиб бораяптилар. Айниқса, бу борада гуруҳ аъзоси Илҳом Юнусовнинг одамлар муаммо-ташвиш­ларини тинглаб, масалага ўз вақтида ечим топаётгани эътиборга молик. 

Илҳом Юнусов жорий йилнинг 10 май куни “Сойбўйи” маҳалласи аҳолиси билан учрашганида фуқаролар ички йўллар носозлигидан шикоят қилишган эди. Шундан сўнг депутат туман ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари ва масъул идораларга депутатлик сўрови юборди. Депутат ташаббуси билан ҳозиргача 19 километр ички тупроқ йўлларга шағал тўкилди. Илҳом Юнусов саъй-ҳаракати билан уй-жойсиз қийналиб келаётган Шоҳида Ишма­матова ва Дилноза Эрматовага маҳалланинг эски биноси ҳомийларни жалб этган ҳолда таъмирланиб, уй-жой сифатида топширилди. 

– Бундай ғамхўрлик ва эътибордан кўнглим тоғдек кўтарилди, – дей­ди Дилноза Эрматова. – Илҳом Юнусовдек фидоий депутатлар кўпайсин. Халқимиз орасидан меҳр-оқибат кўтарилмасин. 

Депутатнинг хайрли ва савоб ишлари туфайли ўтган уч ой ичида касалманд бўлиб қолган 8 фуқарога туман тиббиёт бирлашмасига қарашли шифохоналарда даволанишга кўмак­лашилди. Уч нафар ночор беморнинг “Саховат ва кўмак” жамғармасидан моддий ёрдам олиши таъминланди. 

Суғдиёна Қамбарова “Сойбўйи” МФЙдаги кам таъминланган оилада истиқомат қилади. У жорий йил Самарқанд тиббиёт коллежига контракт тўлов асосида ўқишга қабул қилинди. Контракт пулини тўлашга эса кам таъминланган оиланинг қурби етмайди. Шундан сўнг фуқаро амалий ёрдам сўраб депутат Илҳом Юнусовга мурожаат қилди. Депутат унинг аризасини ўрганиб, ҳомийлар билан ҳамкорликда контракт пули тўлаб берилишига эришди. Шунингдек, ёрдам сўраб мурожаат қилган тўққиз нафар ёшларга деҳқончилик билан шуғулланишлари ҳамда ичимлик суви зарурати туфайли артезиан қудуқлар қазиш учун имтиёзли кредитлар ажратилишига ёрдам берди. Бундан ташқари, у ишсиз Меҳринисо Сайиловага беш қути асал­арини имтиёзли кредит асосида олиб берди. 

Депутат маҳалладаги “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”га киритилган беш фуқарога субсидия олишларига амалий ёрдам берган эди. Айни пайт­да улар бир сотихлик ерга иссиқхона қуриб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирмоқдалар ва халқимиз дастурхони тўкин бўлишига ҳисса қўшмоқдалар. 

Депутат кўмаги билан амалдаги йилнинг июль-август ойларида “Сойбўйи кўрки”, “Зилолахон эзгулик нури”, “Эшонқулова Раъно Хушмуродовна”, “Ҳазратқулова Роҳат Эшдавлатовна” каби якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилган эди. Айни пайтда улар турли йўналишларда аҳолига намунали хизмат кўрсатиш билан бирга 6 нафар ишсиз фуқарони иш билан таъминлашга эришдилар. 

Депутатнинг бевосита саъй-ҳаракати ва кўмаги билан уч ой ичида 80 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилишга муваффақ бўлди. 

Депутатлик гуруҳи аъзоси Венера Ҳусаинова ҳам маҳаллаларга тез-тез юзма-юз мулоқотлар уюштириб, фуқароларнинг мушкулини ҳал этишга ҳаракат қилмоқда. Мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллиги кенг нишонланаётган ушбу кунларда у ўндан ортиқ кам таъминланган, муҳтож оилалар ҳолидан хабар олди.

  Ногирон Насиба Мирзаева “Олтин дала” МФЙда ёлғиз яшайди. Ўзгалар парваришига муҳтож. Депутат Венера Ҳусаинова у яшаётган хонадонда бўлиб, моддий ёрдам кўрсатди. Ҳомийлар иштирокида уй-жойлари тартибга келтирилди. Куз-қиш мавсуми олдидан уй таъмирлаб берилди. 

Депутат халқ ишончини қозониши керак. Президентимиз алоҳида таъкид­лаганларидек, ҳар бир раҳбар, депутат, давлат хизматчиси халққа кўпроқ яқинлашса, аҳолининг дардини тинг­лаб, муаммоларини ҳал этса, одамлар ҳаётдан рози бўлади. Халқ депутатлари Кўкдала туман кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам одамлар орасида бўлиб, сайловчилар ишончини оқлашга астойдил ҳаракат қилаяптилар. 

Комил Сахатов,

Достон Нусуров,

“Адолат” СДП Қашқадарё вилоят кенгаши масъул ходимлари

Tegishli xabarlar

Ўзбекистон — Саудия Арабистони: ҳамкорликнинг янги босқичи

admin

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ   МИРЗИЁЕВНИНГ ОСИЁДА ҲАМКОРЛИК ВА ИШОНЧ ЧОРАЛАРИ БЎЙИЧА КЕНГАШНИНГ  VI САММИТИДАГИ НУТҚИ

admin

Миллатнинг эркинлиги, орзу ва мақсадлари ифодаси

admin