Давлатимиз раҳбари томонидан таълим тизимига алоҳида эътибор қаратилиши бу борада жамоатчилик зиммасидаги масъулиятни ҳам оширмоқда. Чунки мактаб — келажак остонаси. Фарзандларимизнинг баркамол инсонлар бўлиб камолга етиши айни илм масканлари билан боғлиқ.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, “Адолат” СДП Избоскан туман кенгаши фаоллари янги ўқув йили бошидан мактабларда яратилган шароитларни ўрганишга киришди. Жамоатчилик назорати тартибидаги тадбирлар таълим муассасаларидаги муаммолар ечимига йўл очади. “Тараққиёт” МФЙ ҳудудида жойлашган 32-умумтаълим мактабида бўлган партиядошларимиз янги ўқув йилига қандай тайёргарлик кўрилгани, ўқувчиларнинг дарсликлар билан таъминланганлик даражаси ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларига эътибор қаратди. Мактабда олиб борилаётган ишлар кўнгилдагидек. Янги ўқув йилини жамоа янги мақсадлар билан бошлади. Буни синф хоналаридаги қайноқ ҳаёт ҳам кўрсатиб турибди.
Бизни фақат мактабдаги бир муаммо ташвишга солди. Ўтган йилнинг совуқ кунларида 5 та труба ёрилиб кетган. Орадан шунча вақт ўтди. Бироқ мутасаддилар томонидан ҳалигача бирон чора кўрилмаган. Вақт эса кутиб турмайди. Ҳадемай яна совуқ кунлар бошланади. Кўмир заҳираси ҳақида ҳам ҳозирдан бош қотириш лозим.
Муаммонинг катта, кичиги бўлмайди. Шундай экан масъуллар масалага жиддий эътибор қаратиши зарур.
Дилфуза Аҳмедова,
“Адолат” СДП Избоскан туман кенгаши раиси