ADOLAT 24

“Оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинсин!..”

Оналар ўз меҳр-муҳаббати билан қалбларни илитадилар, фидойиликлари билан оилани барча талпинадиган, ўзини бехавотир ҳис қиладиган, дардига малҳам топадиган, йўқдан бор қиладиган меҳр ўчоғига айлантирадилар, фарзандининг битта табассумига дунёларни алишишга тайёр, бахти-саодати учун жонлари садқадир.

Минг афсуски, гуруч ичида курмак бўлганидек, баъзида оналар орасида бу номга нолойиқ аёлларнинг учраб туриши ачинарлидир. 

Яқинда Оҳангарон тумани ҳокимияти Болаларни ҳимоя қилиш шўъбаси вояга етмаганлар манфаати юзасидан судга даъво аризаси билан мурожаат қилди. Даъво аризаси Оҳангарон туман Ички ишлар бўлимининг хатига асосан ёзилган эди. Унда келтирилишича, “Увак” МФЙ, Мустақиллик кўчасида яшовчи Жамила Давлатова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) уч нафар вояга етмаган фарзандини мунтазам равишда назоратсиз қолдирар экан. Мурожаатда аёлнинг болаларини кекса ёшли, ўзи кимнингдир парваришига, меҳрига, ёрдамига муҳтож отаси қарамоғига қолдириб, ўзи мунтазам спиртли ичимлик истеъмол қилиши, маст-ала­ст юриши ва уйдан кетиб қолиши ҳақида баён этилган.

Ҳалол меҳнатга бўйни ёр бермаган Жамила Давлатова пул топишнинг осон йўлини танлаган. Ҳали ёш, кучи ва жисмоний имконияти бўла туриб, тиланчилик қилишни ўзига эп кўрган. Натижада қаровсиз, оч-наҳор фарзанди 2-синфни тугатгач, 2022-2023 ўқув йилида бирор марта мактаб­га бормаган. Икки қиз эса онаси билан кўчаларда дайдилик қилиб, маиший чиқиндиларни тўп­лашар экан…

Сайёр суд мажлиси ўтказилди. Унда Оҳангарон тумани ҳокимияти Болаларни ҳимоя қилиш шўъбаси мудири жавобгар Жамила Давлатова ҳеч қаерда ишламаслигини, узоқ вақт давомида уйга келмаслигини, спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда бегона кишилар билан учрашиб, алоқада бўлишини билдирди. Шунинг учун уч нафар воя­га етмаган болаларнинг ижтимоий мақомини белгилаш ва давлат таъминотига ўтказилишини, жавобгар оналик вазифаларини бажармаётганлиги сабабли оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш лозимлигини айтиб, суддан даъво талабини қаноатлантиришни, жавобгарни она­лик ҳуқуқидан маҳрум қилишни ва вояга етмаган болаларни “Мурувват уйи”га жойлаштириш ҳамда уларнинг таъминоти учун алимент ундиришни сўради.

Сайёр суд мажлисида учинчи шахс сифатида жалб қилинган  жавобгарнинг отаси кекса ёшдалиги ва пенсияси камлиги сабабли болаларни парвариш қилиш ва таъминлашга имкони йўқлигини, соғлиғи ёмонлиги учун болаларни назорат қила олмаслигини, шу боис болаларни давлат муассасасига жойлаштиришга эътирози йўқлигини, уй шароити ёмонлиги ва набираларининг яшаши учун талаб даражасида эмаслигини билдирди. 

“Увак” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Жамила Давлатова билан бир неча марта тушунтириш олиб борилса ҳам натижаси бўлмаганини, унинг оиласида доимий жанжаллар ва келишмовчиликлар бўлаётганини, вояга етмаган болаларнинг таълим-тарбияси, моддий таъминоти ёмон аҳволда эканлигини таъкидлади. Сайёр суд мажлисида маҳалла хотин-қизлар фаоли жавобгар билан бир неча марта суҳбатлашиб, вояга етмаган қизларининг тарбияси учун турмушини ўзгартириши лозимлигини, фойдали меҳнат билан шуғулланишни тавсия қилганини айтди. Лекин жавобгар спиртли ичимлик истеъмол қилишни тўхтатмаганини, бегона шахслар билан учрашувларга ҳатто қизларини ҳам бирга олиб боришини, бу аҳволда уларнинг ҳаётини ҳам барбод қилишини таъкид­лади. Ҳатто қизларини тиланчилик қилиш ва маиший чиқиндиларни тўп­лашга мажбурлашини, топилган даромадни спиртли ичимликка сарфлаб, уларни мактабга юбормаслигини айтиб, фарзандларининг бахт­ли келажагини таъминлаш учун давлат муассасасига жойлаштириш лозимлигини билдирди.

Оҳангарон тумани 47-умумтаълим мактаби директорининг ўринбосари мактаб ўқувчиси Ж.С. дарсга келмаётганини билиб, онаси билан суҳбатлашгани ва қизини мактабга юборишга кўндиришга ҳаракат қилганини, жавобгар ҳатто ўз қизини сотмоқчи бўлганига ҳам шахсан ўзи гувоҳ бўлганини, бу ҳақда бир неча марта маҳалла фуқаролар йиғини раисига ва туман Халқ таълими бўлимига хабар берганини баён қилди. 

Суд мажлисида Оҳангарон тумани ИИБ ҲПГ профилактика инспектори Хайрулла Убайдуллаев ҳам кўрсатма берувчиларнинг гапларини тасдиқлар экан, Ж.Давлатовани оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишга асос бўлувчи бир неча мисоллар келтирди.

Суд даъвогар вакили ва учинчи шахсларнинг баёнотини тинглаб, гувоҳнинг кўрсатмаларини ва иш ҳужжатларини ўрганиб чиқди.

Суд жавобгарни оналик мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаганлиги, ўз болаларига ғамхўрлик қилмаслиги ва моддий таъминламаслигини, болаларнинг маънавий тарбияси, жисмоний ривожланиши, таълими билан шуғулланмаслиги, шунингдек, жавобгарнинг вояга етмаган қизларнинг ҳаёти ва дахлсизлигига хавф туғдирувчи хулқ-атворда бўлганлиги ҳолатлари тақдим этилган ҳужжатлар билан ўз исботини топган, деб ҳисоблади.

Суд қайд қилинган ҳолатлар даъвони тўлиқ қаноатлантириш учун жиддий асос эканлигини инобатга олиб, бундай ҳолатда вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, ҳаёти, соғлиғи, хавфсизлиги ва руҳиятини ҳимоя қилиш мақсадида даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантиришни ва жавобгарни вояга етмаган фарзандларига нисбатан оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишни лозим топди. 

Шунингдек, суд даъвогарнинг алимент ундириш ҳақидаги даъво талабини муҳокама қилиб, жавобгар ҳисобидан вояга етмаган фарзандларининг таъминоти учун алимент ундиришни лозим топди.

Наргиза МАҲКАМОВА,

Тошкент вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси,

Дилноза ШОМАТОВА,

Фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро судининг судьяси

Tegishli xabarlar

Очиқлик —КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ омили

admin

Таҳрирсиз хат: СУБСИДИЯ ҚЎША-ҚЎША МАШИНАСИ БОРЛАР УЧУНМИ?

admin

Жадид, дипломат Акбар Ўрозалиев

admin