ADOLAT 24

Сайловчилар олдидаги мажбуриятлар бажарилмоқда (Маҳаллий кенгаш депутатлари фаолиятидан)

Қорақалпоғистон Республикаси: Бугунги кунда мамлакатимизнинг қай бир нуқтасига борманг, барчасида бирдек янгиланишлар, юксалишлар бўлаётганини кўрасиз. Мамлакатимизда амалга оширилаётган бундай кенг кўламли ишлар замирида партиямиз депутатларининг ҳам алоҳида ўрни бор. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ғоя ва мақсадлари йўлида сидқидилдан меҳнат қилиб келаётган шундай депутатлар орасида Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши таркибида 1 нафар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, 5 нафар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, 60 нафар халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари депутатларининг ҳам борлиги ғоятда қувонарли. 

Фуқаролар ҳолидан хабар олиш, халқ орасига кириш, уларнинг дарду ташвишларини эшитиш ва ҳал этилиши лозим бўлган масалаларга имкон қадар тезроқ ечим топиш ҳар бир депутатнинг ўз сайловчилари олдидаги мажбурияти ва бурчидир. Қолаверса, ўзгалар кўмагига муҳтож оилаларга хурсандчилик улашиш халқимизга хос эзгу фазилатдир.

Халқ депутатлари Тўрткўл туман Кенгаши депутати Улуғбек Ҳусайний ўз сайлов ҳудудидаги кам таъминланган оилаларнинг ҳолидан хабар олишни кундалик иш тартибига айлантирган. Ўрганиш ишлари давомида депутат сайлов округи доирасидаги барча кам таъминланган, ижтимоий кўмакка муҳтож фуқаролар турмуш тарзи билан яқиндан танишиб, ҳар бир оила билан уларни қийнаб келаётган муаммолар юзасидан суҳбатлашади. Аниқланган муаммолар таҳлил этилиб, керакли амалий ёрдам кўрсатилади. 

– Хасталик туфайли меҳнат қилиш лаёқатимни йўқотганман. Оила боқувчиси сифатида бундай вазиятда ўз-ўзидан оилавий шароитимиз оғирлашди. Депутатимиз менинг ҳолимдан хабар олиш чоғида оилавий аҳволимизни ўрганиб, вазиятимизни ҳисобга олган ҳолда даволанишим учун дори-дармонларга етарли маблағ ажратилишида кўмаклашди. Мен ва оиламга кўрсатилган ғамхўрликдан беҳад миннатдормиз, – дейди Тўрткўл тумани “Боғёп” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Мақсуд Искандаров.

Жорий йил бошидан бери депутат ўз сайлов округидаги Мақсуд Искандаров сингари бир қанча кўмакка муҳтож инсонларнинг оғирини енгил, мушкулини осон қилиб келмоқда.

Ҳудудларда бу каби жонкуяр депутатларимиз талайгина. Жумладан, Қорақалпоғис­тон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Гулхатиша Айимбетова ва халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгаши депутати Айша Абдреймова ижтимоий ҳимояга муҳтож юртдошларимиз қалбига қувонч улашиш мақсадида хайрия ишларига бош-қош бўлишаётган бўлса, халқ депутатлари Элликқалъа туман Кенгаши депутати Камелия Юлдашева томонидан шундай оилалар ҳолидан мунтазам хабар олиниб, уларнинг турмуш даражасини яхшилаш бўйича қатор эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, кам таъминланган оилалар фарзандларига ки­йим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилмоқда. 

Қолаверса, депутатлар фаоллиги туфайли жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларининг доимий комиссия мажлисларида 47 масала кўриб чиқилган бўлса, сессия кун тартибига 48 масала киритилган. Лавозимли шахсларнинг 17 маротаба ҳисоботлари тингланган. Шунингдек, сайловчилар мурожаатлари асосида 63 депутатлик сўровлари чиқарилган. 

Албатта, депутатлар томонидан сессия ва мажлисларда кўриб чиқилган масалалар, мутасаддиларга юборилган депутатлик сўровлари – буларнинг ҳаммаси аҳоли муаммоларини ечиш, оғирини енгил қилишга хизмат қилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши матбуот хизмати

Навоий вилояти: Бугунги кунда кўпчилик фуқаролар мавжуд муаммоларига ечим топиш мақсадида, энг аввало, ўзларининг ишончли вакилларига юзланишни маъқул кўришмоқда. Маҳаллий кенгаш депутатлари кундан-кунга аҳолининг энг яқин кўмакчисига айланиб бормоқда, десак муболаға бўлмайди. Бу ўз-ўзидан жамиятда депутатларга нисбатан ишонч ҳиссининг тобора ортиб бораётганидан далолат беради. Ишончга сазоворлик эса улкан масъулият ва сидқидилдан қилинган меҳнатлар маҳсулидир. 

Депутат ўз ваколатлари доирасида аҳоли оғирини енгил қилиш ҳаракатида экан, бу йўлда халқ билан самимий, дўс­тона муносабат муҳитини ярата олиши лозим. “Адолат” СДП Навоий вилоят кенгаши халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия депутатлари ҳам ана шундай муҳит ярата олган халқнинг ишончли вакиллари ҳисобланади. Бугунги кунда вилоятда партия аъзо­лари сони 49674 нафарни ташкил этиб, улар 785 та бош­ланғич партия ташкилотларига бирлашган. Депутатлар уларнинг ҳар бири билан бирма-бир учрашиб, муаммо ва камчиликларини тинглашга, аниқланган муаммоларга муносиб ечим топишга ҳаракат қилишади.

Бугунги кунда “Адолат” СДПдан сайланган халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашида 7 нафар, туман ва шаҳар Кенгашларида жами 42 нафар депутат фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилнинг ўтган 6 ойида депутатлар томонидан турли масалалар юзасидан давлат ва хўжалик бош­қарув органларига жами 198 та депутатлик сўровлари юборилган. Депутатлик сўровларининг 99 тасининг тенг ярмига тегишли масъул ва мансабдор шахс­лар томонидан қисқа вақтда муносабатлар билдирилиб, муаммолар ижобий ҳал этилишига эришилган. 

Жумладан, Нурота тумани “Амир Темур” МФЙда яшовчи фуқаро “Истиқлол Тиллабой” фермер хўжалиги раҳбари Акмал Раҳимов партиянинг Нур­ота туман кенгаши депутати С.Бўстоновга ўзига тегишли ер майдонида қудуқ қазиб бериш ва насос ўрнатилиши борасида ёрдам беришни сўраб мурожаатнома йўллаган. Депутат мавжуд вазиятни ўрганиб чиқиб, Нур­ота туман “Қоракўлчилик клас­тери” бошлиғига депутатлик сўрови юборди ва қисқа вақт орасида кластер раҳбари томонидан фуқарога қудуқ қазилиб, сув чиқариб, субсидия асосида насос ўрнатиб берилди. Оила аъзолари ўзларини анчадан буён қийнаб келаётган муаммо депутат кўмагида ҳал бўлганидан хурсанд.

Шу ўринда халқ депутатлари Конимех туман Кенгаши депутати Олия Баҳромова фаолияти ҳам алоҳида эътиборга молик. Депутат ўз сайлов округи ҳисобланган “Наврўз” МФЙда яшовчи, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор хотин-қизларнинг ҳеч бирини эътибордан четда қолдирмайди. Уларнинг ҳолидан тез-тез хабар олади. Биргина жорий йил бошида қиш мавсумининг кескин совиб кетганлигини ҳисобга олиб, депутат томонидан “Нав­рўз” МФЙда яшовчи ногиронлиги бор, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган 3 оиланинг яшаш шароитидан келиб чиққан ҳолда, мазкур оила фарзандлари иссиқ кийимлар билан таъминланди. Қолаверса, депутат саховатпеша ҳомийлар кўмагида маҳалладаги эҳтиёж­манд хотин-қизларга 3 турдаги қарийб 20 миллион сўмлик қурилиш молларини етказиб бериш ишларига бош-қош бўлди. 

Кези келганида шуни алоҳида эътироф этиб ўтиш керакки, Олия Баҳромова халқимизнинг “Қурбон ҳайити”, “Рамазон ҳайити” каби улуғ айёмларида “Нав­рўз” МФЙда яшовчи, ногиронлиги бор фуқаролар Зиядулла Пардаев, Ҳиммат Бақоева ва Шернияз Пирманов ҳолидан хабар олишни, совға-саломлар, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришни канда қилмайди.

Халқ депутатлари Конимех туман Кенгаши депутати Ўлжас Исаев ҳам аҳоли хизматига камарбаста. Депутатга ишингиз тушиб қидиргудек бўлсангиз, уни ё ўз сайлов округидаги фуқаролар хонадонидан ёки аҳоли муаммоларини ҳал этиш борасида борган тегиш­ли мутасадди идоралар эшигидан топасиз. Ўлжас Исаев фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларни катта-кичикка ажратиб ўтирмайди. Барчага бирдек ёрдам беришга интилади. Яқинда депутат “Учтепа” овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи кекса ва ногиронлиги бўлган 5 нафар фуқарони эшитиш мосламаси, таяниб юриш мосламаси ва ҳасса билан таъминлади. Фуқаролар мана шундай ҳожатбарор инсонни ўзларига депутат этиб сайлаганларидан мамнун. 

“Бир кўнгилни эта олсанг шод, Яхшидир ер юзин қилгандан обод”. Халқ депутатлари Хатирчи тумани Кенгаши депутати Тўйбиби Ибодова айнан мана шундай ақида билан иш кўрувчи инсонлар сирасидан. Депутат жорий йил февраль ойида тумандаги “Шоҳруҳ саховат зиё”, “Жағалбойли” ҳамда “Қобул Муродулло бобо” фермер хўжаликлари ҳомийлигида “Авоқли” маҳалласидаги 55 нафар фуқарони Самарқанд шаҳрига саёҳатини уюштирди. 

Шуни алоҳида қайд этиб ўтиш керакки, депутатларимиз ўз сайлов округларида, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳаётга изчиллик билан татбиқ этишда, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилиш, ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти ва жойларда қонунлар, ҳукумат қарорлари ижроси устидан самарали депутатлик назоратларини амалга оширишда ҳам бирдек фаоллик кўрсатишмоқда.

Маҳаллий Кенгаш сессиялари кун тартибига партия Сайловолди дастурларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, электорат манфаатларини ҳимоя қилишга доир бир қанча масалалар киритилиб, Кенгашларнинг тегишли қарорлари қабул қилинмоқда.

“Ўзбекистон Республикаси “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонунининг вилоятдаги ижроси, фуқаролар ва мансабдор шахс­ларнинг ички йўлларга оид қонунчиликка риоя этиш ҳолати юзасидан олиб борилган ўрганиш якунлари тўғрисида”ги, “Вилоятда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги мавқеини ҳамда гендер тенглик ва оила масалаларини янада мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги, “Навоий вилоятида ёшлар муаммоларининг ҳал этилишига кўмак­лашиш, ёш авлоднинг истеъдоди ва қобилиятларини ривожлантириш бўйича қўшимча шароитлар яратиш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида”ги ҳамда “Навоий вилоятида оилавий ажримларнинг олдини олиш юзасидан олиб борилган ишлар ҳамда келгусидаги вазифалар тўғрисида”ги масалалар доимий комиссиялар йиғилишларига киритилиб, муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилди.

Навоий вилоят кенгаши матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

Бу йил қишда электр таъминотида узилишлар кузатиладими?

admin

РЕСПУБЛИКАДА КАПИТАЛ ҚУРИЛИШ СОҲАСИДА БУЮРТМАЧИ ХИЗМАТИ ФАОЛИЯТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

admin

ЙИЛНИНГ ҚАДАМИ ҚУТЛУҒ БЎЛСИН

admin