ADOLAT 24

Инсон ҳуқуқларини таъминлашда қонун устуворлиги муҳим

Сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликда амалга ошириш ва халқаро мажбуриятларни бажариш, шунинг­дек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштиришга доир тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунда давлатимиз инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 6 та асосий шартномаси ва 4 та факультатив протоколига қўшилган бўлиб, уларнинг амалга оширилиши юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига мунтазам равишда миллий маърузаларни тақдим этиб келмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқ­лари бўйича БМТнинг Олий комиссари бошқармасига аъзо бўлганлиги инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича халқаро талабларни бажаришга сидқидилдан киришганлигини кўрсатади. 

Ўзбекистон халқаро нормаларга мувофиқ, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари таълими соҳасидаги Бутунжаҳон дастурида фаол иштирок этиб келмоқда. «Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси» ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қои­даларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракат дастурининг ижроси юзасидан кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Давлат органлари, фуқаролик жамияти инс­титутлари, оммавий ахборот воситалари, таълим муассасалари аҳоли орасида умуминсоний қадриятлар, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва риоя қилиш тамойилларини оммалаштиришга, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқий ахборотдан фойдаланишини таъминлаш жараёнига кенг жалб этилган.

Бугунги кунда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича қонунчиликнинг такомиллаштирилиши бу борада олиб борилаётган сиёсат ва ислоҳотларни амалга оширишда алоҳида ўрин тутади. 

Жумладан, миллий қонунчиликни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқ­аро-ҳуқуқий стандартлар билан уйғунлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўрилиб, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш масаласи амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг бош мезонига айланиб бормоқда. 

Чунончи, сўнгги йилларда бир қатор қонунлар такомиллаштирилди. Жумладан, қонунчилигимизни БМТнинг “Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши конвенция­си” (Нью-Йорк, 1984 йил, 10 декабрь) талабларига мослаштириш мақсадида Жиноят кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлигини алоҳида эътироф этиш мумкин. Айнан, ушбу масала 2021 йил 26 июндаги Президент қарорининг 6-бандида алоҳида топшириқ қилиб берилган эди.

Бу борада мамлакатимизда Президентимизнинг 2020 йил 22 июндаги фармони билан Инсон ҳуқуқлари бўйи­ча миллий стратегиянинг қабул қилинганлигини алоҳида эътироф этиш лозим. 

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияда суд-ҳуқуқ соҳасини янада демократлаштириш, Конституция устуворлиги, қонун олдида тенг­лик, инсонпарварлик, адолатлилик, суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш, суд жараёнига тортишув тамойилларини татбиқ этиш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш, тергов устидан суд назоратини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар мажмуи қабул қилинди.

Шунингдек, судларда ишларни кўриб чиқишда адолатни, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш учун «Электрон одил судлов» тизими жорий этилди. Аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизими, Advice.uz ҳуқуқий маълумотлар тизимининг имкониятларини кенгайтириш ҳамда фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар хизматини кўрсатувчи «Мадад» нодавлат-нотижорат ташкилотини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинди.

Суд-ҳуқуқ соҳасида маъмурий, жиноий, жиноят-процессуал ва жиноят-ижроия қонунчилиги такомиллаштириб борилмоқда ҳамда инсонпарварлик тамойилига янада мослаштирилмоқда. Афв этиш ва жамоат бирлашмаларининг кафиллиги остида шахсларни жазодан озод қилишнинг мутлақо янги тизими жорий этилди. Қорақалпоғистон Республикасининг Жаслиқ қўрғонида жойлашган ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колониясининг ёпилиши муҳим инсонпарвар воқелик бўлди. Қабул қилинаётган чора-тадбирлар натижасида озодликдан маҳрум қилиш жойларида сақланаётган маҳкумларнинг сони 2,5 баравар камайди.

Шу билан бир қаторда суд жараёнларида тенглик ва тортишув тамойилларини тўлиқ жорий қилиш, адвокатурани мустақил, ишончли ҳуқуқни ҳимоя қилувчи институтга айлантириш, малакавий юридик ёрдам сифатини ҳамда адвокат касбининг нуфузини ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасида ихтисослашган ҳуқуқшуносларни тай­ёрлаш тизими такомиллаштирилди. Фуқароларни тенгсизликнинг ҳар қандай кўринишларидан ҳамда аҳолининг заиф қатлам вакилларини камситишлардан ҳимоя қилиш тизими йўлга қўйилди. Инсон ҳуқуқлари ва гендер масалалари бўйича узлуксиз таълим тизимини ривож­лантириш, жамиятда қонунга ҳурматни шакллантиришнинг замонавий усуллари жорий этиб борилмоқда.

Шунингдек, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича қонунчиликнинг такомиллаштирилиши Омбудсман фаолиятини ҳам самарали амалга оширишга замин яратмоқда. Сўнгги йилларда Омбудсман фаолиятининг мамлакатимиздаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ислоҳотларда сезиларли даражада ривожланаётганлигини кў­ришимиз мумкин.

Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоя қилиниши ҳамда унинг амалда олий қад­риятга айланиши Омбудсман фаолиятининг асосларидан бирига айланиб, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш унинг фаолиятида асосий ўринни эгаллади.

Мамлакатимизда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекис­тоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам инсон ва унинг қадр-қиммати, ҳуқуқий манфаатлари ва эркинликлари бош мезон қилиб олинган ҳамда бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотларимизнинг асосий ҳужжати бўлди.

Шунингдек, жамоатчилигимиз ва халқимиз билан кенг муҳокамаларда билдирилган таклифлар асосида ишлаб чиқилган ва Референдум орқали қабул қилинган Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституциясида инсон ҳуқуқларига оид нормалар сони 3,5 баробарга ошди ва инсон ҳуқуқи ва эркинликларига оид бу нормалар янги таҳрирдаги Конституциямиз матнининг қарийб 50 фоиздан ортиғини ташкил қилди. Асосий қонунимизга “Миранда қоидаси”, “Хабиес корпус” институти каби янги ҳимоя воситалари киритилди. Буларнинг барчаси инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотларнинг изчиллигини, ортга қайтмаслигини кўрсатади.

Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда демократик янгиланишлар йўлида илдам одимлаётган Ўзбекистоннинг энг улуғ мақсади, энг аввало, халқимизни рози қилиш ҳамда инсон қадрини улуғлашга қаратилган, десак адашмаган бўламиз. 

Айтиш жоизки, бугунги кунда инсон ҳуқуқ ва эркинликларига доир қонунларимиз етарли даражада халқаро нормаларга мувофиқ такомиллаштирилди ҳамда қабул қилинган қонунларимизнинг тўлиқ ижроси ва қонун устуворлигини таъминлаш барчамизнинг асосий вазифамиз бўлиб қолиши керак.

Зухра Ибрагимова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари

Tegishli xabarlar

Тириклик манбаи олтиндан қиммат неъматга айланади

admin

ОДАМИЙЛИК учун ЖАЗО…

admin

ЯХШИЛАР ЁДИ УЛУҒ

admin