ADOLAT 24

Мақсадимиз — ҲАМЮРТЛАРИМИЗНИ РОЗИ ҚИЛИШ

Олтиариқ тумани нафақат Фарғона вилоятининг, балки мамлакатимизнинг ҳам энг пешқадам ҳудудларидан биридир. Туман эл таниган зиёли инсонлари билан бир қаторда довруғи хорижгача етиб борган сархил мева-сабзавотлари, миришкор бободеҳқонлари билан ҳам машҳур. Айниқса, сўнгги йилларда Олти­ариқда санаб адоғига етмайдиган бемисл ўзгариш­лар юз берди. Бунда туман прокурори раҳбарлигидаги 2-секторнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Туман прокурори Рустамжон Тиллаев бизга прокуратура тизимидаги ижобий ўзгариш­лар, Олти­ариқда амалга оширилаётган эзгу ишлар ва янгиланиш­лар хусусида сўзлаб берди.

– Аввало, шуни таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда прокуратура тизимида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Дастлаб Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Прокуратура тўғрисида”ги қонуни қабул қилиниб, прокуратура органларининг қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мус­таҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, Ўзбекистон Республикаси конс­титуциявий тузумини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилишдан иборат асосий вазифалари мустаҳкамланди. Мақсад эса битта – прокуратура органларини илгариги назорат қилувчи ва жазо муқаррарлигини таъминловчи идорадан халқимизни рози қиладиган, инсонларнинг бузилган ҳуқуқларини тикловчи ва қонунларнинг мамлакат доирасида қандай амал қилаётгани ҳамда унинг устидан назоратни амалга оширувчи маҳкамага айлантиришдан иборат эди. Яъни, асосий эътибор қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга қаратилди.

Шу боис давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дас­тури”да ҳам “Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш” устувор йўналиш сифатида белгиланиб, унда қонун устуворлиги ва конституциявий қонунийликни таъминлаш ҳамда инсон қадрини ушбу жараённинг бош мезони сифатида белгилаш муҳим мақсадлардан бири сифатида белгиланди. Шу сабабли прокуратура органлари фаолиятининг шаффофлиги ва жамият олдидаги ҳисобдорлиги белгиланиб, прокуратура ходимларининг малакаси узлуксиз оширилиб, халқаро стандартларга мослаштирилиб борилмоқда. Энг муҳими, бу борадаги ислоҳотлар изчиллик билан давом эттирилаётир. Масалан, янги таҳрирдаги Конс­титуциямизда прокуратура тизими фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш учун бир қатор моддалар мустаҳкамлаб қўйилди. 

Шу ўринда бир гап. Жиноятчиликнинг камайиши ёки аксинча, кўпайишига, биринчи навбатда ишсизлик, бефарқлик ва лоқайд­лик сабаб бўлмоқда, деб ҳисоб­лайман. Бугунги кунда Олтиариқ туманида жиноятларнинг олдини олиш ва тумандаги криминоген вазиятни янада барқарорлаштириш мақсадида “Хавфсиз маҳалла” тамойили асосида масъул идоралар ҳамкорлигида бир қатор тадбирларни амалга ошириб бормоқдамиз. Президентимизнинг “Ҳар бир жиноятни илдизигача етиб бориш, жамиятда жиноятчиликка қарши курашиш иммунитетини шакллантириш керак, акс ҳолда жиноятнинг оқибатлари билан овора бўлиб юраверамиз. Бундай кайфият билан ишлашга йўл қўймайман”, деган фикрлари бизга дастуриламал бўлмоқда.

Бу борада дастлаб ҳудуддаги қизил тоифадаги маҳаллаларда ижтимоий профилактика объекти бўлган шахслар тоифасини ажратиб олиш мақсадида аҳолини “хонадонбай” ва “фуқаробай” ўрганиб, уларни қийнаб келаётган муаммолар, айнан қандай сабаб ва шарт-шароитлар туфайли улар жиноятга қўл ураётгани каби масалалар таҳлил қилинди. Шунингдек, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон берган сабаб ва шарт-шароит­ларни ўз вақтида бартараф қилиш, янги иш ўринлари ташкил қилиш, аҳолининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун қўшимча имкониятлар яратишга асосий эътибор қаратилмоқда. 

Бундан ташқари, ҳар бир маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш мақсадида аҳолини бефарқлик, лоқайдлик каби иллатлардан огоҳлантирган ҳолда жамиятда тинч ва осойишта ҳаётни таъминлашни асосий шартлардан бирига айлантирдик. Биргина мисол. Таҳлилларга кўра, Олтиариқ тумани, Буғдойчи маҳалласи ўғирлик жинояти содир этилиши ҳисобига қизил тоифага тушиб қолган. Мазкур ҳудуд туман маркази ҳисобланиб, унда деҳқон ва буюм бозорлари, савдо комплекслари жойлашган. Жиноят содир қилинишининг сабаб ва шарт-шароитлари таҳлил қилинганида фуқароларнинг ўз мулкига нисбатан бефарқ ва лоқайд эканликлари маълум бўлди. Шундан келиб чиқиб, дастлаб ҳар бир жиноятни жойи­да муҳокама қилиб бориш амалиёти йўлга қўйилди. Доимий равишда тунги рейд­лар олиб борилди. Кўчалар, маҳаллалар, бино ва иншоотларга 130 дан зиёд камералар ўрнатилди. Тунги профилактик тадбирларга кўпроқ аҳамият бериб, жиноят ўчоғи бўлган барча масканлар назорат остига олинди. Тадбиркорлар ва ҳудудда яшовчи фуқаролар билан “Ўз мулкингизнинг хавфсизлигини таъминланг!” мавзуларида учрашувлар ўтказилиб, жиноятнинг содир этилиш усуллари кўрсатилгани ҳолда уларни сергаклантирдик. Қолаверса, ҳудудда суд идоралари билан ҳамкорликда сайёр судлар ташкил этилиб, суд мажлисида жиноят қурбони бўлиши мумкин бўлган тоифадаги кўплаб тадбиркор ва фуқаролар таклиф этилди. 

Натижада мулкдорлар ўртасида жиноятчининг содир қилаётган қилмиши усули, айнан қаровсиз ёки бефарқ қолдирилаётган мулклар талон-торож қилинаётгани кўрсатилиб, бу борада хавфсизликни таъминлаш бўйи­ча тушунча ва фаразлар пайдо бўлишига эришилди. Энг муҳими, жорий йилнинг иккинчи чорагида мазкур ҳудудда бирорта ҳам ўғирлик жинояти содир этилмади.

Хабарингиз бор, Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, Қорақалпоғистон Рес­публикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати ҳудудий органлари раҳбарлари бошчилик қиладиган комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар ташкил этилган. Чиндан ҳам ҳудудлар тақсимланганидан сўнг сектор раҳбарлари аҳоли муаммоларини ечиш ва уларни рози қилиш билан боғлиқ амалий ишларни бошлаб юборди. Шу маънода айтганда, Олтиариқда ҳам прокурор бошчилигидаги 2-сектор ташаббуси билан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Азимобод” МФЙ худудидаги 12 та кам таъминланган оилалар фарзандларига хатна тўйи қилиб берилди. Туман марказидаги “Бозорбоши”, “Тинчлик”, “Мустақиллик” кўчаларидаги 8 та кўп қаватли уйларнинг фасадлари таъмирлаб берилди. 10 та хонадондан 2 таси тўлиқ қурилиб, 8 таси таъмирлаб берилди. 400 дан зиёд хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари ва моддий ёрдам маблағлари тарқатилди. 50 та оилага кўмир маҳсулотлари, 350 дан зиёд оилага буғдой маҳсулотлари берилди. Ногиронлиги бўлган фуқароларга 10 та аравача ва эшитиш мосламалари олиб берилди.

Шунингдек, 3 та ёниб кетган уйни таъмирлаш ва янгидан қуришда ёрдам берилди. “Оқ олтин” МФЙ ҳудудидаги “Матқосим Буво” қабристонининг 200 метр қисмига девор қурилиб, 2 та дарвоза ҳомийлик маблағлари ҳисобидан ўрнатиб берилди. “Азим­обод” МФЙ Чим­ён кўчасида яшовчи 200 та хонадонга 300 метр ичимлик суви тармоғи тортилди. Натижада бугунги кунда 2-сектор ҳудудида истиқомат қилиб келаётган аҳоли сектор раҳбаридан миннатдор.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилги сайловолди учрашувида Олтиариқ туманига ташриф буюрди. Ана шу жараёнда биз сектор раҳбарларининг олдига яна бир қатор кечиктириб бўлмайдиган, ҳамюртларимиз бугун натижасини кутаётган вазифалар қў­йилди, айрим танқидий фикрлар ҳам билдирилди. Айни пайтда тўрттала сектор раҳбарининг ҳам бутун диққат-эътибори белгиланган вазифаларни бекаму кўст адо этишга қаратилган.

Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни яқинлашиб келаётган мамлакатимиз Мус­тақиллигининг 32 йиллик байрами билан муборакбод этаман.

Абдухалил МАМАТОВ ёзиб олди

Tegishli xabarlar

Президентликка номзоднинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда

admin

Янги таҳрирдаги йўл ҳаракати қоидалари муҳокама қилинди

admin

ҲАЙРАТ ва ҲАВАС

admin