ADOLAT 24

Уйғоқ хотиралар

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ватанимиз мус­тақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли ёзувчи Абдуқаюм Йўлдошевнинг “Шараф йўли” романи ҳамда шоира Сайёра Тўйчиеванинг “Шарофнома” номли достон ва эсселар тўп­лами тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимот йиғинини олиб борган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид ушбу янги асарлар Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланган маърифий лойиҳаларнинг узвий қисми эканини таъкидлади.  

– Шароф Рашидов халқимизнинг асл ва суюкли фарзанди бўлиш билан бирга ижод аҳлига, умуман, одамларга жуда меҳрибон, эътиборли инсон, буюк қалб соҳиби эди, – деди Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид. – Давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов юртимизнинг озодлиги, тўкинлиги йўлида умрини бахшида этган, қалтис замонлардан, тўфонлардан халқимизни омон олиб чиққан эди. Улуғ устоз Шароф Рашидовнинг буюк шахс сифатидаги сиймоси таниқли адиб Абдуқаюм Йўлдошевнинг “Шараф йўли” романи ҳамда Сайёра Тўйчиеванинг “Шарофнома” номли достон, эсселар тўпламида ҳаётий ва таъсирчан мисоллар ёрдамида очиб берилган. Ушбу нашрларда жуда қимматли ва керакли, жиддий факт ва маълумотлар келтирилганки, улар Шароф Рашидовнинг буюк сиймосини тўлақонли очиб беришга хизмат қилади.  

– Мазкур нашрлар тақдимоти Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллигига бағишлаб ўтказилаётганида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор, – деди таниқли журналист Маматқул Ҳазратқулов. – Негаки, атоқли давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов юрагида, ўй-хаёлида, амалий ҳаракатлари ва ташаббусларида мамлакатни, халқни озод, обод, тўкин ва фаровон кўриш иштиёқи билан яшаган инсон эди. Дунёга таниқли шахслар ҳақида асар ёзиш жуда қийин ва масъу­лиятли вазифадир. Шу маънода асар муаллифи Абдуқаюм Йўлдошев ғоят катта машаққат билан, фактлар асосида мазкур тарихий романни яратган.  

Тақдимот тадбирида сўзга чиққан “Зарафшон” газетаси бош муҳаррири Фармон Тошев, “Маънавий ҳаёт” журнали бош муҳаррири Эшқобил Шукур, журналистлар Шуҳрат Жабборов, Муқаддас Абдусаматова ва бошқалар атоқли жамоат ҳамда давлат арбоби Шароф Рашидовнинг халқимиз, Ўзбекистон ҳаётида тутган бениҳоя улкан ўрни ва хизматлари, одамлар оғирини енгил қилиш, заҳматларни муносиб енгиб ўтишдаги жасорати хусусида сўз юритдилар.  

– Миллат қалбида умрбод яшаб қолиш ва ўз ибрат мактабини яратиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими раҳбари Маҳмуд Тоир. – Бир инсон ҳақида икки ижодкорнинг асари тақдимоти илк марта ўтказилмоқда. Абдуқаюм Йўлдошевнинг “Шараф йўли” романи Эркин Аъзамдек талабчан адиб муҳаррирлигида нашр этилгани аҳамиятлидир. Қўлига қалам тутган ижодкор борки, Шароф Рашидов ҳақида ёзишни истайди. Бугун тақдимоти бўлиб ўтаётган китоблар Шароф Рашидовнинг табаррук сиймосини теранроқ очиб беришга хизмат қилади.  

Ҳаёт давом этмоқда. Кимники ёд этиб, унинг умр йўлига нигоҳ ташласак, аввало, ўзимизга, ўзлигимизга назар солган бўламиз. Шароф Рашидов ҳақидаги ушбу китобларга жамланган хотиралар эса ҳар бир ўзбек учун ўзлигига, тарихи ва бугунига назар солиш, ўз ҳаётини тадқиқ этишга имкон беради. Шароф Рашидов халқимиз қалбида, авлодлар хотирасида, миллат ва мамлакат тарихида ёрқин сиймо, ўз умрини халқига бахш этган буюк инсон сифатида қолади.

Шоир айтмоқчи:

Халқим, ниятлари улуғ донишим,

Ниятга муносиб иқболинг бекам.

Ўзбек деганлари катта халқ эрур,

Шу боис улуғдир фарзандлари ҳам!  

М.Камолов

Tegishli xabarlar

СОХТА ХАШАМАТГА КАНЧАЛАР ЎЧМИЗ ёхуд 777 х 0 =?

admin

Сайлов — биз учун катта имконият

admin

“Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонун кучга кирди

admin