ADOLAT 24

“ДАЧА КЕРАКМИ?..”

Бугун янги технологиялар замонида яшаяпмиз. Бир зумда дунёнинг нариги чеккасидаги танишимиз билан гаплашишимиз мумкин. Уйда ўтириб турли тўловларни амалга ошириш муаммо эмас. Муҳими, мушкулимиз осон, узоғимиз яқин бўлмоқда. Аммо ана шу имкониятлардан нотўғри фойдаланиб, одамларни чув тушираётган, уларнинг пулларини ўзлаштириб олаётганлар ҳам, афсуски, учраб турибди. 

Пойтахтимизнинг Яшнабод туманида яшовчи Ф.С. алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзгаларнинг пулини ўзлаштириб олиш мақсадида интернет ижтимоий тармоғининг “OLX.uz” сайтига Юнус­обод туманида жойлашган меҳмонхоналардан биридаги хоналарни ижарага бериш юзасидан эълон жойлаштирган. Ишончли бўлиши учун эълонга ўзининг фотосуратларини ҳам қўйган. Маълум вақт ўтгач, ушбу эълон бўйича бир фуқаро мурожаат қилади.

– Бир хоналисини кунига 250 минг сўм эвазига ижарага бераман, – дейди мижозга Ф.С. – Пулни олдиндан пластик картамга ўтказиб берасиз.

Шу гапдан кейин мижоз айтилган маблағни унинг пластик картасига ўтказиб беради. Аммо мижоз меҳмонхонадан жой топа олмайди. Кейин билса, алданган экан.

Ф.С. кейинги гал бошқача йўл тутиб, мижозни чув туширади. У сайтга аслида мавжуд бўлмаган Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган дала-ҳовлини бир кунлик муддатга 700 минг сўм эвазига ижарага бериш ҳақида эълон беради. Ушбу эълон ишонч­ли бўлиши учун суратини ҳам жойлаштиради. 2022 йил 15 декабрь куни ушбу эълон юзасидан фуқаро Б.Т. мурожаат қилиб, уч кунга ижарага олишини айтади. 

– Яхши, – дейди ўзаро мулоқотда Ф.С. мижозга, – дала-ҳовлини бераман. Заклат пули сифатида олдиндан бир миллион сўмни плас­тик картамга ўтказиб берасиз.

Ўзаро келишувга мувофиқ мижоз Б.Т. пулни дала-ҳовлиси “эгаси”нинг ҳисоб рақамига ўтказиб беради. Айтилган куни мижоз Бўстонлиқ томон йўлга чиқиб, дала ҳовлини излаб топа олмайди. Алданганлигини билгач, тегиш­ли жойга мурожаат қилишга мабур бўлади. 

Ф.С. ўз усули билан ўндан ортиқ фуқарони дала ҳовлига “чорлайди”. Яхши ниятда, дам олиш мақсадида йўлга чиққанлар айтилган манзилни топа олишмайди, ҳориб-чарчаб ортга қайтишади.

– Интернетдаги сайтдан ижарага дала-ҳовли изладим, – деди судда жабрланувчи З.М. – Бўстонлиқ туманидаги дала-ҳовлини бир кунлик муддатга бир миллион сўм эвазига ижарага берилаётганлиги тўғрисидаги эълонга кўзим тушиб, эълонга илова қилинган телефон рақамига қўнғироқ қилдим. Унга дала-ҳовли кераклигини айтдим. Менга нотаниш бўлган шахс шунча бўлади, деб айт­ди. Мен у айтган шартга рози бўлиб, келишилган пулни унинг пластик картасига ўтказиб бердим. У эса пул тушди, сиз келадиган куни хонани бўшатиб бераман, деб айтди. Шундан кейин унга телефон қилдим. Жавоб бермади. Кейин билсам, у бир мени эмас, бошқаларни ҳам чув туширган фирибгар экан… 

Суднинг ҳукми билан Ф.С. ЖКнинг тегиш­ли моддаси билан айбли деб топилди. Унга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Алишер ЖАЛИЛОВ,

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг раиси

Tegishli xabarlar

ИБОДАТ бўлса-ю ТАРБИЯ бўлмаса…

admin

Мулк ҳуқуқи янада мустаҳкамланади

admin

ИНСОН ЎЗИНГ…

admin