ADOLAT 24

Диққат: янги рукн Юз билан юзлашганлар Уч асрга юзлашиб яшаётган онахон

Фарғона вилояти, Бувайда туманининг Қорақум маҳалласидаги “Замондошлар” кўчаси ҳамиша зиёратга келувчилар билан гавжум бўлади, десак муболаға бўлмайди. Бу ерда уч аср юзини кўрган Ҳувайдо момо Умарова истиқомат қилади. Онахон нафақат туман ёки вилоятда, балки республикамизда ҳам энг ёши улуғ, табаррук инсонлардан бири.

1895 йилда таваллуд топган онахон бу йил 128 баҳорни қарши олди. Турмуш ўртоғи Умирали Умаров (раҳматлик) билан кечган умрлари мобайнида 7 нафар фарзандни тарбиялаб, вояга етказишган. Бугунги кунда онахон 32 невара, 70 чевара, 88 нафар эваралар ва 5 нафар бегоналар ардоғида. Ўзбекнинг пиру бадавлат онахонига барчанинг ҳаваси келади. Шундай улуғ ёшга етишни, ўз-ўзидан кўпайишни орзу ва ният қилиб, кекса- ёш зиёратга келишади, айниқса, турмуш қураётган ёш йигит-қизлар Ҳувайдо момонинг дуосини олиб кетишади.

Ҳувайдо момонинг болалик йиллари алғов-далғов, суронли даврларга тўғри келди. Ёшлиги далаларда ўтди, Фарғона каналини қазишда иштирок этди. Неки оғир меҳнат бўлса, қилди. Бу заҳматлардан сўнг онахонни яна бир ҳаёт имтиҳони – машъум уруш қийинчиликлари ўз гирдобига олди. Лекин момо дард-у аламларини матонатга, шижоатга айлантириб, бу оғир кунларни ҳам енгиб ўтди.

Онахонга кўпинча: “Бу табаррук ёшга етишингизнинг сири нимада?” дея савол беришади. Момонинг жавоби эса доимо бир хил: 

– Улуғ ёшга етишимнинг сабаби, аввало, Яратганнинг инояти. Мен ўз қайнона-қайнотамни рози қилган келинларданман. Қайнона-қайнотамни ўз ота-онамдек яхши кўриб, ардоқлаб, меҳр билан хизматларини қилганман. Улар доимо: “Илоҳим умрингиз узоқ бўлсин”, дея дуо қилишарди. “Олтин олма, дуо ол, дуо олтин эмасми”, деб бекорга айтишмас экан. Бундан ташқари серҳаракатлик, ҳалол меҳнат қилиш, одамларга фақат яхшилик исташ ҳам бунга сабабдир. Асосийси, мен бир умр ҳаммага яхшилик тиладим.  

Ҳувайдо момо Умарова ҳукуматимиз томонидан кексаларни эъзозлаш, уларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликларни чин қалбидан ҳис этади. Онахоннинг кўп йиллик самарали меҳнати ҳукуматимиз томонидан юксак қадрланди. Унинг кўксини “Шуҳрат” медали ва “Мустақилликнинг 25 йиллиги” кўкрак нишони безаб турибди.

Умрингиз янада узоқ бўлсин, юртимиз тинчлигини, ёшлар камолини тилаб дуога очган қўлларингиз толмасин, деймиз табаррук онахонга.

Азизахон СОЛИЕВА, 

“Бувайда кўзгуси” газетаси бош муҳаррири

Tegishli xabarlar

ОЗИҚ-ОВҚАТ ХАВФСИЗЛИГИ БЎЙИЧА ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ ИШТИРОКЧИЛАРИГА

admin

Тиббий хизмат тезкорлиги янада оширилади

admin

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш йўлидаги дадил қадамлари

admin