ADOLAT 24

Тарих фалсафасида шахс талқини 

Тарих фалсафаси халқнинг дунё­қараши, орзу-умидлари, ўз анъаналарига содиқлиги, имон-эъти­қоди орқали давлатчилик сиё­сатига, ҳукмдорлар фаолиятига, ҳокимиятнинг бошқарув шакл-шамойилларига таъсир кўрсатган омилларни, уларнинг сабаб-оқибатларини, вақт ва макон вазиятида воқеликни яхлит идрок этиш имкониятларини беради. Тарих фалсафаси ўтмиш, бугун ва келажакнинг ўзаро боғлиқлиги масаласини ҳал қилади. Зотан, бугунги воқелик, у қандай бўлишидан қатъи назар, фақат ўтмишнинг оқибати, кечаги воқеликнинг натижасидир. Унда тарихнинг турли босқичлари ўртасида мустаҳкам ҳамда нозик алоқалар мавжуд. Шу сабабдан тарих фалсафасини билмасдан бугунги куннинг моҳиятини англаб бўлмайди.  

Тарих фалсафаси ўтмиш асоратлари янги замонга кўчиб ўтиши ва яшовчанлиги давом этишида муайян қонуниятларга эга эканлигини кўрсатади. Бу қонуниятлар ижтимоий-тарихий жараёнларнинг икки хил табиатини очиб беради. Бир томондан, ривожланиш ва эскиликни инкор этиш, ўтмишдан узилиб, янгиликни бунёд қилиш. Иккинчи томондан, тарих ўтмишнинг барча барҳаёт қад­риятларини, хоҳ у салбий ёхуд ижобий бўлсин, сақлаб, ҳозирги ва келажак замонга кўчириб ўтказади. Фақат икки хусусиятларнинг уйғунлиги: бир тарафдан, ривожланиш ва янгиликни яратиш, иккинчи тарафдан, ўтмиш билан ворисийликни сақлаш орқали тарихий ҳақиқат ҳақида гапириш мумкин. Шунинг учун ҳар қандай ижтимоий-фалсафий ёки ғоявий-сиёсий конструкция шу қонуниятларга суянса, ижтимоий объектив шароитни ифода этса, тарих сабоқ фанига айланади. 

Миллат тарихи эл ва улусларнинг бир-бирини маҳв этишдан иборат ҳукмдорлар тарихи эмас. Ҳақиқий тарих – инсон, миллат тафаккури эволюцияси, ривожланиш диалектикаси, унинг маънавий юксалиши, қалб зиддиятлари, қувонч ва изтироблари, аждодларимизнинг даҳолик қудрати ва заифлиги ўртасидаги қарама-қаршиликлардан иборат бўлган яхлит тарих. Халқнинг бунёдкорлик салоҳияти, илм-фан, дин ва маданият, давлатчилик табиати умумий тарихнинг асосини ташкил этади. Миллий давлатчилик асосларини яратган халқнинг имон-иродаси ўрнига фақат сулолалар ўртасидаги жанггоҳлар тарихи бизга қандай сабоқ бериши мумкин? Хоразмшоҳлар тарихи билан боғлиқ бўлган аксарият яратилган тадқиқотларда ана шундай тарих ифодаланган. Яхлит, узвий, бутун тарих йўқ. Шу сабабдирки, ўқувчилар учун тарихий шахсларимиз қиёфаси йўқ, сиймолари хира. Баъзида уларни умумий тарих силсиласидан айри ҳолда ўрганишга қаратилган тадқиқотлар ҳам эълон қиляпмиз.

Бугун мустақиллик шароитида, мафкуравий измлар  таъсиридан ҳоли бир шароитда миллий тарихимиз ва улуғ шахсларимиз ҳаёт-фаолиятини ўрганишда қандай ўзгаришлар ҳамда натижаларга эриша олдик? Тарихий шахс­лар янги тадқиқотларда қай даражада кенг қамровли ва муносиб баҳоларини олмоқда? Афсуски, давр, вақт, тузум ўзгарган бўлсада, миллий тарихни тадқиқ этиш услубимиз ва амалимиз ўзгариши ниҳоятда секин кечаётганлиги бор гап. Илмий ёндашув конструкцияси ҳам ўзгарган эмас. Менимча, биз ҳамон руҳий ички чекловларимиздан чиқиб кета олмаяпмиз. Охирги йилларда аксарият мавзулар ва эълон қилинаётган айрим адабиётларда хронологик баёнчилик, тарихий манбаларни такрорлаш, бирёқлама талқин этиш, саёз ва беўхшов олқишлар, баъзида ривоятларни «ҳақиқат»га айлантиришга уринишлар кўзга ташланиб турибди. Сўз, ҳамон тарихий баҳосини кутиб келаётган Муҳаммад Оловуддин Хоразмшоҳ ҳақида.

1200 йиллар Хоразмшоҳлар давлатининг босқичма-босқич юксалиши ва мус­таҳкамланишининг бошланиш йиллари бўлди. Мусулмон дунёсининг шарқидаги мураккаб сиёсий вазиятда давлатнинг мустаҳкамланиши маъмурий аппарат ва армиянинг мукаммал ташкил этилиши туфайли мумкин бўлди. Ва тез орада бу давлат Марказий Осиё ва Эрон ҳудудларидаги энг қудратли давлатга айланди. Давлатнинг ташкил топиши даврида Хоразмшоҳлар томонидан йиғилган армия турк аскарларидан иборат эди; ҳарбий қисмлар ва бўлинмалар қабила хусусиятларига кўра тузилган, ҳатто давлатнинг гуллаб-яшнаган даврида ҳам, бошқа қабилаларнинг вакиллари қўшин сафига жалб қилинганида, турклар асосий зарба берувчи кучни ташкил қилганлар. Хоразмшоҳлар давлатида аҳолини ҳарбий билимларга мажбурий ўқитиш тизими жорий этилган. 

Давлатнинг қудратли маъмурий ва харбий тизимини сақлаш ва уни янада шакллантиришга, мустаҳкамлашга эришган шахс бу — Муҳаммад Оловуддин Хоразмшоҳ бўлди. У отаси Такиш ишини муносиб давом эттириб, Хоразмшоҳлар давлатчилик анъаналарига, ворисийлик тартиботларига риоя қилади. Отаси ҳурмат ва илтифот кўрсатган шахслар, уларнинг фарзандлари ва авлодларини салтанат барқарорлиги йўлида хизмат қилдиради. Чуқур илми, раҳбарлик ва бош­қарувчанлик, ташаббускорлик ҳамда инсонпарварлик, қатъият ва жасорати билан салтанат аъёнлари ўртасида ҳурматга сазовор бўлади. Айниқса, адолатли ва мантиқли қарорлари, унинг ижроси борасида ҳеч кимда шубҳа-эътирозлар уйғотган эмас. Давлат хизматчиларини танлаш, муносибларини хизмат лавозимларига кўтариш, улар фаолиятини мунтазам назорат этиш, турли манфаатлар ўртасида мувозанатни сақлаш борасида ёш, аммо зукко ақл соҳиби Муҳаммад Хоразмшоҳ том маънодаги ҳукмдор фазилатини намоён этади. Айнан ҳукмдорнинг шундай сифатларигина ҳокимиятни нафақат сақлайди, балки уни такомилга олиб боради. Хоразмшоҳ шу салоҳият ва иқтидори билан 20 йил ичида шакллантирган давлат қудрати туфайли буюк тарихий шахслар қаторига киради.

Тарихий шахслар ўз фаолияти билан нафақат бевосита, балки билвосита ўлимидан кейин ҳам сезиларли таъсир кўрсатиши ва жамиятлар тарихи ва кейинги ривожланишида сезиларли из қолдириши маълум. Айни пайтда, у нафақат ижобий, балки салбий ҳам бўлиши мумкин. Афсуски, аксарият тарихий шахс талқинларининг сиёсий ва миллий имтиёзлар орқали татбиқ этилиши натижасида уларнинг интеллектуал ва ахлоқий фазилатларига муносиб баҳо берилмаётибди. Маворауннаҳр тарихида, хусусан, Хоразм давлатчилиги тарихида муҳим рол ўйнаган зиддиятли, мураккаб, аммо улуғвор шахслардан бири Муҳаммад Оловвуддин Хоразмшоҳ фаолияти муносиб ва ҳолис талқин ва тадқиқотларини кутиб ётибди. Шу жиҳатдан ёндашилганда, ҳукмдор фаолиятида сўнг­­ги йилларда вужудга келган зиддиятлар — унинг нафақат инсон сифатидаги заифликлари, балки Ибн Холдун таълимотида келтирилган, давлатнинг ибтидоси билан интиҳоси сабаблари ҳам тадқиқот изланишларидан четда қолмаслиги зарур. 

Тарихда шахсият бу – аниқ индивидуалликка эга, бошқа одамлардан қайсидир маънода ва нафақат ижобий, балки салбий маънода ҳам фарқ қиладиган шахслар тоифаси. Хўш, шу маънода буюк шахс ким? Салбий хусусиятларга эга шахсларми ёки ижобий? Кўпинча, шахслар фақат ижобий ёки салбий хусусиятларга мос келмайди. Ҳукмдор ўз мавқеи ва мақомига кўра мутлақо бошқа категория. Улар оддий ўлчамлардан фарқ қилади. Хусусан, отаси Муҳаммад Ибн Такишдан қолган меросни кенгайтирган ва унга 20 йил раҳномалик қилиб, Хоразм давлати довруғи ва шукуҳини кўтарган шахс унинг таназзули билан қораланиши, қолаверса, авлодлар томонидан қатоғон этилиши тарихий ҳақиқатга қанчалик мос келади? 

Тарихий шахслар ҳар бир инсон каби, ҳамма хусусиятга эга, фақат турли даражада. Шунинг учун, масалан, замонавий психологияда шахснинг тан олинган қатор таърифлари мавжуд.  “Тарихий шахс” тушунчаси одатда сиёсий арбоб фаолиятининг йирик тарихий воқеалар билан боғлиқлигини акс эттиради, ўзининг шахсий изини қолдиради. Тарихий шахс­ларнинг фаолияти у яшаган даврнинг ўзига хос хусусиятларини, унинг ахлоқий танловини, ҳаракатларининг мантиғини ҳисобга олган ҳолда баҳоланишини талаб қилади. Зеро, тарихий шахсларнинг буюклиги у ўз даврининг катта ижтимоий эҳтиёжларини қондиришга қодир бўлган салоҳиятларга эга. Буюк инсон айнан ташаббускордир, чунки у бошқалардан кўра кўпроқ нарсани кўради ва бошқалардан кўра кўпроқ нарсани хоҳлайди. Лекин тадқиқотларда биз назардан қочираётган шахс фаолияти эл, жамият ва унинг маданий мероси, дину-қадриятлари силсиласида уйғун тадқиқ этилмайди. Натижада бутун халқ тарихини шахс фаолияти билан баҳолаб қўямиз. Бинобарин, шахс салбий бўлса, шу давр ҳам, халқ қисмати ҳам салбий буёқларда ифодаланади. Аслида ҳар қандай шахс ва унинг тақдири шу халқнинг турмуш маданияти маҳсули. 

Тарихий шахс фаолиятини ўрганиш кимнинг манфаатларини, нима учун айнан шу шароитда ва у нимага, қандай намоён бўлади, деган саволларга жавоб ахтаришдан бошланади. Мавжуд вазият ва шароитларда у ёки бу ўзгаришларни амалга оширишга эришишга қодир инсонлар тарихий шахс даражасига кўтариладилар. Бунда тарихий услубларнинг бир қанча турларини уйғун қўллаш тақозо этилади. Аксарият шахс­лар ҳар доим ҳам умр бўйи бирон-бир ғоя ва қад­риятнинг тарафдорлари бўлиб қололмайдилар. Баъзан уларни вақт, шароит тақозоси ўзгартиради, баъзан эса улар бирон иш қилишга мажбур бўлганлик­лари учун ўзгарадилар, бошқалари эса ўз ҳокимиятларини сақлаб қолиш илинжида бош­қача қиёфага киришга мажбур бўладилар. Уларнинг орасидан авлиёларни излаш керак эмас. Тадқиқотчи ушбу муаммолар ўртасидаги ўзаро боғлиқ даврий занжирларни ўрганиши билан ижобий хусусиятларни топа олиши зарур. Шунда тарихнинг фалсафаси вужудга келади.  

Тарихий далилларнинг мантиқий алоқадорлигини ўрганар эканмиз, улкан ҳудудларни тасарруф қилиб турган Хоразмшоҳ ўз юртининг тинчлиги ва фаровонлиги учун барчани барчага қарши қўйиб келаётган ихтилофли оламнинг ғолиб ҳукмдорига айланади. Ўзининг атрофида кенгайиб, табора қудратли бўлиб келаётган давлатларнинг мавжудлиги уни кўпроқ ташвишга солади. Ўз ҳақиқатларига эга бўлган мазкур важларни қиёсий ўрганганимизда Хоразмшоҳ давлат манфаатлари юзасидан қарор қабул қилганлигини эътироф қилишимизга тўғри келади. Чингизхон (1206—1227) босқини арафасида Хоразмшоҳлар сулоласи дунё­нинг энг кудратли сиёсий кучларидан бирига айланганди. Орол денгизидан Ҳинд океанигача, Ироқдан Шарқий Туркистонгача бўлган улкан ҳудуд тақдири Хоразмда ҳал бўларди. Аммо бугун бизда у шу даражадаги муваффақиятларга қандай усуллар билан эришди, унинг бош­қарув тизими, амал ва воситалари, саркардалик маҳоратлари, ички ва ташқи душманларнинг таъсири қандай кечган, сиёсий-ахлоқий маҳорати, имон-эътиқоди қандай сифат ва қарашлардан иборат эди, деган саволларга жавоб берадиган тадқиқотлар яратилдими? 

Бугунги кунда тарих мутахассислари олдида тарихни фан сифатида инсонпарварлаштириш вазифаси турибди. Бу, биринчи навбатда, тарихдаги шахсларга эътиборни кучайтириш, тарихий жараёнда шахснинг ўзини-ўзи қадрлаши ғоясини очиб бериш, давлатчилик мероси, келгуси авлодлар учун олиниши лозим бўлган маънавий-мафкуравий сабоқларни англатиш билан боғлиқ масалаларни ташкил этади. Бу нафақат ўрганилган тарихий шахслар сонини кўпайтиришга хизмат қилади, балки ўтмишдаги таниқли одамлар ҳаётини туркий халқлар маданиятининг тарихий илдизлари билан таҳлил этишни тақозо қилади.

 Муаррихларнинг маълумот беришларича, Султон Оловуддин Муҳаммад шахс сифатида ҳам камолотга эришган инсон эди. У фиқҳ илмини ва ислом ақидаларини, шунингдек, бошқа илмларни ҳам яхши билган. Ибн ал-Асирнинг ёзишича, “У алломаларни улуғлаган, ҳурмат-эҳтиром кўрсатган, илмий ишларини амалга ошириши учун ёрдам берган, улар билан мулоқотлар қилишни хуш кўрган. Хоразмшоҳ қўшинлар билан юришларда, сафарларда чарчаш нималигини билмаган, аксарият вақтини тик оёқда ўтказган. Шу билан бирга у тўй-ҳашамларга, зиёфатларга, байрамона тадбирларга ўч эмасди. Унинг бутун фикр-ўйи мамлакатни бошқариш, давлат юритиш, уни яхшилаш ишларига, аҳолининг ташвиш­ларини енгиллатиш ва уларни ҳимоя қилишга қаратилган эди. У исломга хизмат қилаётганларга ҳурмат-эҳтиром билдириб, улар билан учрашиш ва суҳбатлашишни хуш кўрган”. Аксарият манбаларда шундай таъриф ва тавсиф келади.  

Аммо аксарият замонавий тадқиқотларда Муҳаммад Хоразмшоҳни “жоҳил, қўрқоқ, нодон” киши сифатида таърифланган ҳолда илмий асослардан маҳрум бўлган эҳтиросли хулосаларни кузатамиз. Илмий мушоҳада, холислик ва объектив ва субъектив омилларни маърифий позицияда ифода этишдан холи ғайриилмий ёндашувлар янги авлодларга қандай таъсир кўрсатар экан?! Тарих силсилаларини, эврилиш ва теб­раниш жараёнларини фақат шахслар тақдири билан боғлаб ифодалаш тарихий ҳақиқатни идрок этишга хизмат қиладими? Тарихий талқинлар холис ва мукаммал бўлиши учун фалсафий, сиё­сий, социологик ва тизимли талқинлар жараёнларнинг математик моделини яратишга қаратилиши лозим. Шундай қилинганда Хоразм давлатчилиги ривожи учун унинг қилган саъй-ҳаракатлари қиймати юқори бўлганлиги кўзга ташланади. Айни пайтда, отаси Такишдан қолган меросни у қанчалик даражада юксакликка кўтара олганлиги, унда сиёсий муҳитнинг динамик таъсири кучлар нисбатини ўзгаришига олиб келган омиллар билан янада равшан бўлади. Шундай экан, бундай шахсни ношуд ва сиёсий калтабинликда айблаш қанчалик тўғри бўлади? Боз устига айрим тадқиқотларда Жалолиддин Мангубердини отасидан устун ҳисоб­лаш ва унга қарши қўйиш тенденция­си мавжудлигини ҳам кузатамиз. Ваҳоланки, тарихий факт­ларни қиёслайдиган бўлсак, Оловуддин Муҳаммад Жалолиддин Мангубердини имкони борича ҳимоя қилади ва авайлайди. Унинг қудрати ва салоҳиятига бир дақиқа ҳам шубҳа қилмайди.

Тарихий шахсни баҳолаш турли нуқтаи назардан, шу жумладан, ўша инсон яшаган давр нуқтаи назаридан ҳам амалга оширилиши муҳим. Оловуддин Хоразмшоҳ ҳақида сўз борганда, аксарият ҳолларда ўша давр эътибордан соқит қилинади ва унга бугунги кун нуқтаи назаридан баҳо беришлар кучаяди. У давлатнинг калтабин, нобоп, қўрқоқ раҳбари сифатида айбланади.

Хоразмшоҳ бутун олам шаҳаншоҳи бўлиш хаёлотидан уни амалда исботлайдиган қудрат соҳиби эдими? Албатта, унда иқтисодий ва ҳарбий қувватлар бемисл эди. Хоразмшоҳга бўйсунган шаҳарларнинг ўзи 400 тадан ортиқ бўлиб, бу шаҳарларнинг қарийб учдан бир қисмидан кўпроғи Буюк ипак йўли орқали жаҳон иқтисодий алоқалари билан боғланган, савдо-сотиқ ва ҳунармандчилик ривож­ланган фан-маданият ўчоқлари эди. Агарда вилоят ва шаҳарлар ҳамда ноиб­ликларда ялпи сафарбарлик ўтказиладиган бўлиб, ҳарбий ҳолат эълон қилинадиган бўлса, миллиондан ортиқ қўшин фармонга итоаткор бўлиб, жангга отланиш имконияти мавжуд бўлган.

Тарихий ривожланишнинг ҳал қилувчи лаҳзаларида, инсон ўз тақдирига ҳам, мамлакат ва унинг халқи тақдирига ҳам таъсир кўрсатадиган танловни амалга оширганда, шахснинг фаолиятини тавсифлашга алоҳида эътибор берилади. Бу талаблар тарихни ривож­лантиришнинг мумкин бўлган муқобилларини таҳлил қилишга жалб қилиш, ролини кўрсатиш имконини беради. Танлов вазиятлар, инсоннинг тарихдаги ҳаётий позицияси, бу танловнинг сабаблари ва оқибатларини уйғун ўрганишга имконият беради. Мазкур услубий талқин тавсиялари асосида якка шахсни (собиқ совет давридагидек) қоралашдан фарқли ўлароқ, тарихий вазият ва шароитни бутунлигича комплекс тадқиқ этиш асносида Хоразмшоҳ сиймоси, давлатининг мўғуллардан мағлуб бўлишига, қулашига сабаб бўлган омилларни объектив илмий хулосалар чиқаришга хизмат қилади. 

Шахснинг тарихдаги ролини ўрганиш ва тарихий жараённинг ушбу шахс­нинг шаклланишига таъсири бизнинг давримиз учун жуда долзарб йўналиш­лардир. Кучли, таниқли шахсларсиз тарих бўлиши мумкин эмас, худди у шаклланган ва намоён бўлган тарихсиз шахс ҳам бўлиши мумкин эмас. Шундай экан, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда шонли тарихимизни яратишга ҳисса қўшган улуғ шахснинг давлатни барқарор қилиш, миллатга хизмат қилиш йўлидаги фожеаларидан ҳам хулоса чиқариш ва сабоқ олиш ниҳоятда муҳимдир.

Tegishli xabarlar

ЭГРИ ЙЎЛНИНГ КАСОФАТИ

admin

МАЪНАВИЯТ ҲАЁТИМИЗДА ЯНГИ КУЧ, ЯНГИ ҲАРАКАТГА АЙЛАНИШИ КЕРАК

admin

“Илм – хаста кўнгил чироғи” Яна бир хайрли лойиҳа старт олди

admin