ADOLAT 24

“Инсон азиз, унинг қадр-қиммати ҳамма нарсадан баланд”   Бу ғоя Ҳаж амалларини бажариш пайтида ҳам яққол намоён бўлди

Юртимизда 2016 йилдан бошланган янги даврда ҳаётимизнинг барча жабҳалари қатори Ҳаж маросимини ташкил қилиш тизимида ҳам кес­кин сифат ўзгаришлари юз берди. Ҳажга жўнатиш квоталари уч баравар оширилди ва 2023 йилда у 15 мингга етказилди. Квоталар кўпайганлиги туфайлигина менинг Ҳажга бориш навбатим 2023 йилда етиб келди. Шу тариқа, бу йил муқаддас Ҳаж маросимини адо этиш бахтига мушарраф бўлдим.

Давлатимиз раҳбарининг “Юртимизда инсон қадри ҳамма нарсадан азиз” туриши кераклиги ва бу ғоя мамлакатимиз сиёсатининг энг устувор вазифаларидан бири эканлиги тўғрисидаги фикрлари ҳаётга қанчалик тат­биқ этилаётганлигини Ҳаж маросимида ўз кўзларим билан кўрдим. 

Ҳажга пухта тайёргарлик кўрилди

Ҳажга бораётган шахсларни улуғ маросимга пухта тайёрлашга мутасаддилар алоҳида эътибор қаратишди. Ўзбекистон Мусулмонлар идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Ҳолиқназаров томонидан ёзилган “Ҳаж буюк ибодатдир” номли 2 жилдли қўлланма 15 минг кишига тарқатилди. У чўнтакка сиғадиган кичик шаклда, бежирим қилиб тайёрланган. Китобда барча Ҳаж амаллари ва уларни қай тартибда бажариш, ўша пайтларда ўқиладиган дуолар батафсил баён қилинган.

Бундан ташқари, маҳалла фуқаролар йиғини, масжид, туман миқёсида ўтказилган йиғилиш­лар ҳамда бизга элликбоши қилиб бириктирилган Тошкент шаҳар Чилонзор тумани “Муҳсинхон Тўра Эшон” жоме масжиди ноиби Ҳасан домла Расулов томонларидан ўтказилган тадбирларда ҳам бу масала ҳамиша диққат марказида бўлди. Бу борада бизга ҳар бир Ҳаж амалининг энг нозик жиҳатларини чуқур тушунтирган Ҳасан домланинг хизматлари жуда катта бўлди.   

Транспорт – 

Ҳажда ўта муҳим омил

Тошкентдан замонавий самолётда Мадинаи мунаввара шаҳрига учиб бордик. Аэропортдан меҳмонхонага автобусларда олиб келишди. Ҳажнинг барча амалларини бажаришга автобуслар­да олиб боришди. Мино, Арафот, Муздалифа каби барча ҳудудларда автобуслар хизматимизга шай туришди. Биз транспорт қидиришга вақт ва қўшимча маблағ сарфлаганимиз йўқ. Ҳаммаси Саудия Арабис­тонининг тегишли идоралари билан олдиндан келишилган ҳолда амалга оширилди. Бу Ҳаж амалларини бажаришда ўта муҳим омил бўлди. Чунки қаттиқ ва қуруқ иссиқ ҳароратда кўчада такси ушлаш ортиқча ташвиш, кўп вақт ва харажатларга сабаб бўларди.

Пештоқига “Узбекистан. Отель Рошидия” деб ёзилган автобуслар қатъий график асосида қатнаб, меҳмонхонамиздан ислом оламининг энг буюк масжидларидан бири бўлмиш Масжидул-Ҳарамга олиб бориб, отелга олиб келиб туришди. 

Шинам ва 

қулай меҳмонхоналар

Фазилатли Мадина шаҳрида “Пулман зам зам” номли ҳашаматли меҳмонхонага жойлашдик. Хонада 4 кишимиз. Меҳмонхона ислом оламининг энг буюк масжид­ларидан бири бўлмиш “Масжиди Набавий” олдида жойлашган. Намозларга пиёда қатнаймиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад САВнинг Равзаи мубораклари (қабр­лари) ҳам шундоққина “Масжиди Набавий”нинг ёнида экан. Уни Шайх Алижон қори ҳазрат раҳбарликларида зиёрат қилдик ва икки ракат “таҳиятул масжид” ўқидик.

Мадинаи мунавварада 3 кун тургандан кейин замонавий автобус­лар­да Маккаи мукаррама шаҳрига келдик. “Рошидия” номли замонавий, ҳамма шароити бор, 9 минг киши сиғадиган меҳмонхонага жойлашдик. Қолган 6 минг ватандошларимиз ёнимиздаги “Аброж Дана”, “Лаба Дарна” ва “Руба ал-Ҳижаз” меҳмонхоналарига жойлашишди. 

Маълумки, Ҳаж амалларининг асосий қисмлари 5 кун мобайнида Макка шаҳридан тахминан 10 километр масофада жойлашган Мино водийсида, Арафот, Муздалифа, Жаморот ҳудудларида, яъни очиқ майдонларда бажарилади. У ерларда чодирларда яшадик. Яшаш жойларимизда ҳар бир киши учун тоза матодан тайёрланган оппоқ чойшаблар солинган юмшоқ ётиш ўринлари бор. Совуткичлар 24 соат чодирларни совутади. Ҳар қадамда салқин ичимликлар билан тўлдирилган махсус идишлар қўйилган. Чодирлар олдига қўйилган самоварларда сув ҳамиша қайнаб туради, кўк, қора чой, кофе, шакар, қуруқ сут билан муттасил таъминланади. Чойхўр халқ эканлигимиз ҳисобга олинган, шекилли, бу неъматлардан фойдаланишга ҳеч қандай чеклов қўйилмаган. 

Ҳажда ҳам 

ўзбекона овқатлар

Ўзбекистондан Ҳажга борганлар ҳамма вақт ва ҳамма жойда 3 маҳал иссиқ овқат билан таъминланишди. Ошпазлар ўз юртимиздан борган экан, овқатлари ўзбекона эди. Деярли ҳар икки кунда ош едик.

Овқатлар сифатли, калорияли ва хилма-хил. Улар суюқ ва қуюқ овқат, турли мевалар шарбатлари, банан, олма ёки нок, салатлар, йогурт ёки кефир, ширинлик, нон, сув, чой, кофе, шакар, қуруқ сутлардан иборат.

Юртимизда инсон қадри шунчалик азизки, овқатларнинг сифати рўйхати шаҳардан ташқарида, яъни Мино водийсида ҳам ўзгармади. Фақат у ерларда овқатлар 3 маҳал бир марталик пластик идишларда тарқатилди. 15 минг одамга суюқ ва қуюқ овқатларни иссиқ ҳолида етказиб бериш жуда қийин эканлигини тасаввур қилиш мумкин.

Кези келганда таъкидлаш лозимки, қатор давлатлардан борган ҳожиларга овқатлар ё ўша ерлардаги саҳоватли инсонлар эҳсонлари ёки ўзлари ҳисобларига ташкил қилинди. Бу эса уларни анчагина қийнади, қўшимча ташвиш­лар ва ортиқча харажатлар қилишга мажбур қилди. 

Сифатли ва бепул тиббий 

хизмат ташкил этилди

Иссиқ жонмиз, бирор жойимиз оғриб қолиши ва тиббий хизматга эҳтиёжи туғилиши табиий бир ҳолдир. Бегона юртда касалхона ва дори қидириб сарсон бўлишимиз мумкин. Ҳажда мутасадди ташкилотлар бунинг ҳам замонавий ва ўта қулай йўлини топишибди. Мадинада 3 кун бўлдик. Яшаган меҳмонхонамизда ташкил этилган тиббий хизмат кўрсатиш шохобчаси беморларга ўз вақтида зарур тиббий хизмат кўрсатди.

Макка шаҳридаги 4 та меҳмонхонада эса “замонавий мини касалхоналар” барпо этишибди. Юртимиздан 50 та малакали тиббиёт ходимлари ҳамда катта миқдорда ва керакли барча дори-дармон олиб борилган, ҳатто ётиб даволанадиган койкалар ҳам ўрнатилган. Мазкур касалхоналарда шифокорлар 24 соат навбатчилик қилишди.

Ҳаж амаллари бевосита бажариладиган Мино водийси, Арафот ва Муздалифа тоғларида, яъни шаҳардан ташқарида чодирлар ичида яшаган пайтимизда ҳам, етарли дори-дармонлар билан таъминланган тиббий шохобчалар ташкил этилганлиги кўпчиликни қувонтирди.

Зарур ҳолларда, беморларни шифокорларимиз Саудия Арабистонининг тегишли касалхоналарига олиб боришиб, жарроҳлик амалиёти ҳам ўтказиб келишди. Ҳатто ана шу қиммат операциялар ҳам бепул бажарилди.

Қўшни давлатлардан борган таниш ҳожиларимиз Ўзбекистонда ташкил этилган тиббий хизматга ҳавас билан қарашди.

Сумка, жойнамоз ва 

бошқа жиҳозлар

Ҳаж амалларини бажариш чоғида жойнамоз, термос, шиппак ва бошқа керакли жиҳозларни солиб юрадиган қулай ва кўтариб юриш осон бўлган сумканинг ўрни катта. Бу йил ҳожиларга берилган сумкалар кўп функцияли, ҳажми катта ва елкага осиб юришга ўта қулай бўлди.

Сумкалар сизни кўча-кўйда адашиб қолмаслигингизга, мабодо шундай ҳодиса юз берса, сизга кўмакчи бўлишга ҳам ёрдам беради. Чунки йўлингизни топа олмай қолсангиз, сумканинг устидаги “Ўзбекистон” деган ёзуви орқали сизнинг қаерлик эканлигингизни билиш мумкин. Бундан ташқари, ҳар бир сумканинг ёнидаги махсус бўлмага исм-фамилиямиз, вилоят ёки шаҳримиз номи ҳамда гуруҳимиз номери ёзилган қаттиқ қоғозда махсус тайёрланган қоғозча жойлаштирилди. Сумканинг махсус бўлмасига жойнамоз ҳам солиб қўйилган.

Ҳар биримизга соябон, 1 литрли термос, Муздалифа тоғида бир кеча тунаш учун махсус “ухлаш қопи” ҳам берилди. 

Булар бир қарашда майда икир-чикирларга ўхшайди, лекин улар аслида ўта муҳим, чунки булар инсон қадри баланд юртнинг фуқароларига Ҳаж амалларини бажаришда жуда катта қулайлик­лар туғдирди. Орқа томонига катта ҳарфлар билан “Ўзбекистон” деб ёзиб қўйилган нимчаларимизни кийиб, сумкаларимизни елкамизга илиб олиб кўчаларда юрсак, бошқа давлатлар фуқаролари ичида яққол ажралиб турдик. Билганича ва турли-туман кийиниб олган бошқа давлатлардан келган ҳожилар бизга ҳавас билан қарашларини кўриб, фахрландик.

Замонавий ва 

кўп функцияли бейжиклар

Ўзбекистоннинг Ҳаж маросимини ташкил қилувчи мутасадди идоралари ҳожиларга 3 хил бейжиклар тайёрлашибди. Мазкур бейжиклар бизга Макка, Мадина шаҳарлари ва Ҳаж амалларини бевосита бажарадиган ҳудудларга эркин кириш ҳуқуқини берди. 

Мазкур бейжикларни тайёрлашда мутасадди идораларимиз ҳожиларга қулайликлар яратиш мақсадида унга қўшимча равишда қатор маълумотларни ҳам киритишибдики, бунинг учун уларга тасанно айтишимиз зурур, деб ўйлайман. 

Булар нималарда кўринади? Тан олиш керакки, Ҳажга бораётган кўпчилигимиз араб тилини билмаймиз. У ерларда хизмат кўрсатаётган ходимларнинг аксарияти меҳнат муҳожирлари бўлиб, турли давлатлардан келишган. Бир-биримизнинг тилимизни билмаганимиз учун улар билан мулоқот қилиш анчагина қийин. Кўчага чиқсангиз ҳам бировдан йўлни сўраб билишга қийналасиз.

Мутасаддиларимиз айнан шуларни ўйлаб, бейжикларга қўшимча маълумотлар киритишибди. Яъни, бейжикларнинг иккитасига QR-код ўрнатилган ва уларга сизнинг шахсингизга тегиш­ли энг муҳим маълумотлар киритилган. Ҳар бири пишиқ тас­мага уланган ва биз уларни бўйнимизга осиб олган ҳолда ҳамма жойда бемалол юрдик, адашиб қолишдан қўрқмадик.

Ҳаж маросимини ташкил этишдаги қулайликлар катта ёшдаги ватандошларимизга ҳам Ҳаж­га бориш имкониятларини оширган. Орамизда 80 ва ундан катта ёшдаги ҳожиларни кўп кўрдик. Ҳатто Наманган вилояти Наманган туманидан 107 ёшли мўътабар Иброҳимжон ҳожи ота ҳам Ҳажга борибдилар. Биз Хожа Аҳмад Яссавийнинг авлодлари бўлмиш бу улуғ зотни зиё­рат қилдик ва дуоларини олдик.

Мухтасар айтганда, Ҳаж маросимини адо этиш мобайнида кўрган-кечирганларим Президентимиз томонидан “Юртимизда инсон қад­ри ҳамма нарсадан азиз бўлиши керак” ғоясининг нақадар катта аҳамиятга эга эканининг ва ҳатто узоқ Саудия Арабистонининг Ҳаж маросимини адо этиш ҳудудларида ҳам бизга қулай шарт-шароит­лар яратиб берилганининг гувоҳи бўлдик. 

Одил Олимжонов, 

иқтисодиёт фанлари доктори, профессор

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН ЎҚИТУВЧИ ВА МУРАББИЙЛАРИГА

admin

Санъаткорнинг умр йўлдоши сабрли бўлиши керак

admin

Xалқимиз фаровонлигини сақлаб, ташқи томондан бўлаётган баъзи ҳаракатларга бирдамликда собитқадамликни йўқотмаслигимиз керак

admin