БОКУДАН БОКУГАЧА
Бокуга бир неча марта борганман. Охирги марта қачон борганимни эсладим. 1988 йил май ойи экан. Ўттиз беш йил бўлибди.
Бу орада собиқ совет республикалари мустақилликка эришди. Мустақил давлат тузумининг ўзига яраша афзалликлари билан бир қаторда мураккабликлари ҳам бор… Барибир, ҳар қандай давлатнинг, халқнинг, миллатнинг мустақил бўлгани яхши: бировнинг измида юришдан, бойликларини ўзи тасарруф эта олмасликдан кўра ёмонроқ, даҳшатлироқ нарса йўқ бу оламда. Яхшими-ёмонми ҳар кимнинг ўз кунини ўзи кўрганига нима етсин!
…Самолёт Бокуга яқинлашгани сайин ўй-хаёлларим чуқурлашиб бормоқда: Озарбойжон, хусусан, Бокуда истиқлол йилларида қандай ўзгаришлар бўлди экан? Кавказнинг бу қадимий шаҳарига сўнгги йилларда борган дўстларимиз, ҳамкасбларимиз Бокунинг ниҳоятда ўзгариб кетганини оғзидан бол томиб мақтагани, Европа шаҳарларига ўхшаб кетибди, деганлари эсимда. Ростдан ҳам шундаймикан?..
Аэропортга кириб ҳайратланганимни яширмайман. Замонавий аэропортда эскалаторлар, лифтлар ишлаб турибди. Хизмат кўрсатиш олий даражада.
Шаҳарга элтадиган йўл тўрт қаторли, ҳар бир қаторнинг тепасида неча километр тезликда юриш мумкинлиги ёзилган: ўнг томондаги биринчи қаторга 70, кейингисига 80, қолган иккитасига 90 ёзилган. Ҳайдовчилар шунга қараб йўл танлайди.
Аэропорт ҳудудидан чиқиб, шаҳар сари йўлга тушганимизда соат тонгги 3.30 эди. Шаҳаргача ярим соатдан сал кўпроқ юрилади.
САЛОМ, БОКУ
Шаҳарга яқинлашганимиз сари юрагим гупиллаб уради. Яқин кишисини узоқ йиллар кўрмаган одам унинг ҳузурига бораётганда қандай ҳаяжонланса, қувонса, менда ҳозир ана шундай туйғу жўш урарди. Зотан, менга бу шаҳар энг қадрдон дўстимдай ардоқлидир. Дунёнинг қирқдан зиёд шаҳарини кўрганман. Уларнинг ҳар бири ўзига хос гўзал, ўзига яраша тарихий аҳамиятга эга. Бу шаҳарлар ичида меҳримни қозонган, юрагимга яқинлари бор, шулардан бири Боку. Бунинг сабаби, аввало, шаҳар денгиз бўйида, баланд-пастликларда жойлашганидир. Боку азалдан йирик маданият маркази бўлиб келган. Бу кентда дунёга машҳур М.Рострапович, Е.Примаков, М.Магомаев, Г.Каспаров ва бошқалар туғилган. ХХ асрнинг 20-йилларида бир неча ўзбек ёш санъаткорлари, олимлари, жумладан, машҳур актриса ва хонанда Ҳалима Носирова, академик Воҳид Зоҳидов Бокуда таҳсил олганлар.
Озарбойжонлик дўсту қадрдонларим аввалида машҳур ёзувчи Анар муаллим туради. Бугун бу буюк ёзувчи наинки Озарбойжон, балки бутун турк дунёси адибларининг оқсоқоли. Бинобарин, у ТУРКСОЙ Ёзарлар бирлигининг фахрий раиси, Озарбойжон Ёзувчилар бирлигининг раиси, Озарбойжон халқ ёзувчиси. Бу шаҳарда Мирза Иброҳимов, Сулаймон Рустам, Имрон Қосимов, Наби Ҳазрий, Юсуф Самад ўғли, Наримон Ҳасанзода, Аббос Абдулла, Мамед Исмоил, Халил Ризо, Жалол Баргушад сингари шоир ва ёзувчилар, машҳур хонанда Зайнаб Хонларова, атоқли рассом Микоил Абдуллаев суҳбатидан баҳраманд бўлганман.
Ана шу хаёллар билан шаҳарга кириб бордик. Тонг ёришмаган, аммо шаҳар кундуздай чароғон. Ўнгда, сўлда бир-биридан гўзал, салобатли, осмонўпар, пурвиқор бинолар. Отелга боргунча атрофга ҳавас билан қарайман, бири иккинчисига ўхшамаган биноларни суратга олишга ҳаракат қиламан. Бундай ҳайратомуз биноларни Бокуда кўриш ҳам қувонарли, ҳам ҳайратланарли. Совет давридаги Бокуга эмас, мутлақо бошқа шаҳарга келиб қолгандай бўлдим. Илгари аксарият кўчалар тор, баланд-паст, баъзиларига тош ётқизилган эди. Бугунги Боку дунёнинг манаман деган шаҳарларидан қолишмайди.
Бокуда эътиборимни тортган нарса – бир-бирига ўхшаш, яъни, “эгизак” бинолар айтарли йўқ, ҳар бир бинонинг, у турар-жойми, маъмурий биноми, архитектураси ўзига хос, такрорланмас. Эски иморатлар билан янги бунёд этилган биноларнинг ўзаро уйғунлиги таъминланган, уларнинг ташқи кўриниши умумий ансамблга мослаштирилган.
Шаҳарнинг ландшафт дизайни алоҳида диққатга молик. Йўл четлари, оралари, айланма йўллар ораси, кўйингки, ҳар қарич ер юксак дид билан безатилган. Ноёб гуллар, дарахтлар, манзарали буталар кўзингизни қувнатади. Ҳаммаёқ кўм-кўк.
Алишер Навоий ҳайкалини зиёрат қилдик. Ниҳоятда кўркам, шинам хиёбон. Ҳайкал атрофи, бутун хиёбон чиннидай топ-тоза, харраклар қўйилган. Одамлар дам олиб ўтиришибди.
Бокунинг энг гавжум жойларидан бири Каспий соҳили. Бу ерда илгари бир чойхона бўларди. Ижодкорлар – шоир ва ёзувчилар, рассомлар, бастакорлар тез-тез йиғилиб турар, ижодий суҳбатлар қурар эдилар. Бугун бу ерда тўрт қаватли ниҳоятда ҳашаматли, ўта замонавий савдо-кўнгилочар мажмуа қурилипти.
Буларни нега батафсил ёзаяпман? Агар Озарбойжон мустақил давлат бўлмаганида бу даражада ривожланармиди? Асло! Ахир собиқ иттифоқ таркибида озмунча вақт бўлмади-ку! Неча ўн йиллар мобайнида қандай ютуқларга эришди-ю, ўттиз йил ичида қанақа бетимсол марраларни эгаллади! Бугун нафақат Боку, бутун Озарбойжон тамоман ўзгариб кетган.
АДАБИЁТ ВА КИТОБ ФЕСТИВАЛИ
Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ туркий тилли давлатлар маданиятини тарғиб қилиш, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида ибратли ишлар қилмоқда. Жумладан, 2023 йил март ойида Навоий шаҳрида “Мумтоз шеърият” фестивали, туркий тилли давлатлар Ёзарлар бирлигининг биринчи йиғилишини ўтказди.
2023 йил 5-11 июнь кунлари Боку шаҳрида Турк дунёси II адабиёт ва китоб фестивали бўлиб ўтди. Бу етти куннинг ҳар куни бир давлат адабиётига бағишланди. 10 июнь Ўзбекистон куни бўлди.
Озарбойжон Миллий илмлар академияси бўлим мудири, профессор Олмос Улви Биннатова тадбирни кириш сўз билан очди. Боку давлат университети профессори, Ўзбекистоннинг “Дўстлик” ордени соҳиби, ўзбек адабиёти ва тарихи тарғиботчиси Рамиз Аскеров, филология фанлари доктори Яшар Қосимов маъруза қилди.
Шундан кейин камина сўзга чиқди.
– Жаҳон адабиётида турк дунёси адабиётининг салмоқли ўрни бор. Низомий Ганжавий дунё адабиётида биринчи бўлиб “Хамса” яратган. Аммо у “Хамса”ни форс тилида битган. Биринчи туркий “Хамса”ни Алишер Навоий яратган. Бундан бутун турк дунёси фахрланиши лозим, – дедим. – Халқларимизнинг дўстлиги ўша замонлардан бошланган. Бу дўстлик қанақа тузум, қанақа сиёсат бўлмасин, гоҳо муайян узилишлар билан бўлса-да, мунтазам давом этган. Ҳатто халқларимизни бир-биридан ажратиб ташлашга ҳаракат қилган ва бунга маълум даражада эришган совет тузуми даврида ҳам қардошлигимиз, ҳамкорлигимиз иплари узилмаган. Бунда ўзбек ва озарбойжон халқларининг буюк фарзандлари Шароф Рашидов ва Ҳайдар Алиевнинг хизмати бениҳоя катта. Озарбойжонда Ўзбекистон адабиёти ва санъати ўн кунлиги, Ўзбекистонда Озарбойжон адабиёти ва санъати ўн кунлиги каби тадбирлар кўтаринки руҳда ўтгани эсимизда.
Ўзбекистон ва Озарбойжон мустақилликка эришганидан кейин бу дўстлик ва ҳамкорлик янгича руҳда давом этди. Президентларимиз Ислом Каримов ва Ҳайдар Алиев, кейин Ислом Каримов ва Илҳом Алиев ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳужжатларни имзоладилар. Сўнгги йилларда давлатларимиз раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев бу ҳамкорликни мутлақо янги йўлда, янги оҳангда давом эттирмоқдалар. Олий даражадаги ташрифлар мунтазамлик касб этди. Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлди. Ўзбекистон Президентининг ташаббуси билан туркий тилли мамлакатлар адиблари асарларидан иборат юз жилдлик китоб ўзбек тилида нашр этилди. Унинг ўн олти жилди озарбойжон адабиётига бағишланди.
Ўзбекистон санъат ва маданият институти профессори Маъруфжон Йўлдошев, ёш ёзувчи Шавкат Дўстмуҳаммад сўзга чиқди. Озарбойжон шоири Акиф Азалп (Бағиров) ўзбек миллати ҳақидаги шеърини ўқиди.
Озарбойжон ва Ўзбекистон халқ артисти Гуляноқ Маммадова озарбойжон ва ўзбек ашулаларини куйлаб, фестиваль иштирокчиларига хуш кайфият бағишлади.
Фестивалнинг ёпилиш маросимида иштирокчилардан бир гуруҳи ТУРКСОЙ ва турли ташкилотларнинг мукофотлари билан тақдирланди. Камина ва Маъруфжон Йўлдошев ТУРКСОЙнинг “Низомий Ганжавий” медалига лойиқ кўрилдик.
Бундан қирқ тўрт йил аввал Ганжа шаҳри яқинида Низомий мақбарасини зиёрат қилган эдим. Ўшанда буюк бобомиз Алишер Навоий қабрини ҳам зиёрат қилиш насиб этса эди, деб орзу қилгандим. Афсуски, бу орзуим ҳамон амалга ошмади. Аммо бир куни келиб Низомий Ганжавий номи билан аталувчи медаль билан тақдирланишим хаёлимга ҳам келгани йўқ. Бинобарин, у пайтда бундай медалнинг бўлиши ҳам тасаввурга сиғмайдиган гап эди-да… Шу кунларга етказган Оллоҳимга беадад шукурлар бўлсин…
Шу ўринда Яшар Қосимов ва Акиф Бағиров ҳақида икки оғиз сўз. Улар ўтган асрнинг 70-йилларида Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)да ўқиган. Университетни битиргач, ЎзФАнинг Тил ва адабиёт институтида, турли газеталар таҳририятларида ишлади. Ўзбек адабиётидан илмий иш ёзишди, таржималар қилишди. Я.Қосимов бугун филология фанлари доктори, Акиф Бағиров яхши шоир, унинг кўплаб шеърлари озарбойжон хонандалари томонидан ашула қилинган.
Ўша йиллар Тошкент Давлат университети билан Боку давлат университети ўртасида талаба алмашиш тажрибаси бор эди. Бундай тажриба Грузия билан ҳам йўлга қўйилганди. Мен бу ўринда журналистика факультетларини назарда тутяпман. Ушбу хайрли тажриба бугун ҳам давом эттирилса, кўп улуғ иш бўлар эди.
АНАР МУАЛЛИМ КУЛГУСИ
Озарбайжонда 2023 йил Ҳайдар Алиев йили, деб эълон қилинган. Сабаби, бу йил Озарбойжон халқининг буюк фарзанди Ҳайдар Алиев таваллудининг 100 йиллиги нишонланмоқда. Боку кўчаларида унинг улкан портретини тез-тез учратасиз.
Анар муаллим таклифига кўра Озарбойжон Ёзувчилар бирлиги котиби Элчин Ҳусаинбейли учаламиз Сумгаитга отландик.
“Янги Озарбайжон” партиясининг Сумгаит шаҳар ташкилоти биноси олдида тўхтадик. Уч қаватли оппоқ бино. Ичкарига кирдик. Кенг холл. Бир томонда Ҳайдар Алиев, бошқа томонда Илҳом Алиев портрети.
Мажлислар залига ўтдик. Ғоят шинам, озода зал. Ҳайдар Алиевга бағишлаб “Абадий умрнинг юз йили” деган китоб чиқаришибди. Шу китобнинг тақдимоти бўлди. Маҳаллий раҳбарлар, Анар муаллим, Элчин Ҳусаинбейли сўзга чиқди. Анар муаллим каминани таништирди. Менга ҳам сўз беришди.
Тадбирдан сўнг мезбонларнинг қистовига қарамай йўлга тушдик. Машина қўзғалгач, Анар муаллим Элчинга деди:
– Ҳозир бу ерда қолсак, одам йиғилиб кетади, суҳбатлашиб бўлмайди. Шаҳардан чиққандан кейин денгиз бўйида холироқ жойда тўхта. Ўзимиз бироз истироҳат қилайлик.
Сумгаитдан Бокуга қараб юрганда денгиз соҳилида қатор тамаддихоналар қурилган. Шулардан бирига кирдик. Жуда озода, файзли жой экан. Беш қадам нарида баҳри Ҳазар чайқалиб ётипти. Ғоят сокин, оромбахш.
– Маматқул, – деди Анар муаллим ўтирганимиздан кейин. – Ман сизни Ўзбекистонда йўқ нарса билан меҳмон қилмоқчиман. Бу осетрин балиғи. Биласиз, бу балиқдан қизил икра олинади. Бунинг икраси дона-донадор, йирик-йирик бўлади.
– Ташаккур, муаллим, – дедим. – Раҳматли отам ёшлигимда насиҳат қилган: қулоғингда турсин, меҳмонга борганингда уйингда йўқ нарсани егин. Шунинг учун Сизнинг таклифингиз жуда ўринли. Чўх ташаккур Сизга, муаллим.
Бу гапимни эшитган Анар муаллим ёйилиб, мазза қилиб кулди. Ҳа, ростакам, овоз чиқариб кулди.
– Отангиз кўп ақлли одам бўлган экан, – деди.
Қадрли ўқувчи, бу буюк ёзувчи билан танишганимга қирқ тўрт йил бўлди. Шу йиллар давомида Бокуда, Тошкентда, Самарқанд ва Навоийда бир неча бор суҳбатлашганмиз, аммо бирон марта кулганини кўрмаганман. Доимо ўйчан, хаёл билан юради. Деярли гапирмайди. Бирон нарса сўраса ҳам, саволга жавоб берганда ҳам ниҳоятда қисқа, лўнда гапиради. Бу феъли асарларида ҳам акс этган.
Шунча йиллар ичида ўзаро суҳбатда бўлсин, тадбирларда бўлсин – ўша вазминлик, ўша камгаплик. Бир неча марта машинада, поездда, теплоходда бирга юрдик, ҳамиша ўша ҳолат. Бир-икки жилмайгани эсимда.
Бу гал анча очилиб ўтирди, ёйилиб кулди. “Бу одам ҳам кулишни биларкан-ку”, деб ўйладим. Анар муаллимни шундай хуш кайфиятда кўрганимдан ўзим ҳам роса завқландим. Ҳатто латифалар айтишдик.
ХАЙР, БОКУ
Юрган дарё, ўтирган бўйра, деб бежиз айтмаган халқимиз. Қардош Озарбойжонда, қадрдон Бокуда беш кун давомида қанчадан-қанча янги жойларни кўрдим, Туркия, Можаристон, Қирғизистон, табиийки, озарбойжонлик ҳамкасблар билан мулоқот қилдик, фикр алмашдик, кўзимиз қувнади, дилимиз яйради.
Бугунги Бокуни кезиш, у ердаги ўзгаришларни кўриш, англаш учун беш кун оз, жуда оз. Чунки унинг ҳар бир гўшасида ўзгариш, янгилик барқ уриб турибди. Нақадар ҳайратланарли, ҳавас қилгулик.
Бокуга эрта тонгда кириб борган эдим, ярим тунда тарк этмоқдаман. Худди эрталаб бориб, оқшом қайтаётгандай эдим. Қадрдон кишилар узоқ йиллардан сўнг кўришса ажралиши қийин кечади, бир-бирининг дийдорига тўймайди, хайрлашгиси келмайди. Ҳозир менда ҳам шу туйғу ҳукмрон эди. Тун бўлишига қарамай чор тарафи кундуздай чароғон Бокудан чиқиб кетяпману атрофга суқ билан боқаман. Ҳайдовчига секинроқ юринг, дегим келади. Аммо самолётга етиб боришни, жонажон Ватанимга учишни ўйлаб, бу фикримдан қайтаман. Ўзга юрт ҳар қанча гўзал бўлмасин, ота юртингга, она Ватанингга тенг келмайди, унинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди…
…Самолёт Тошкентимизга яқинлашганда иллюминатордан пастга қарайман: осмондаги сонсиз юлдузлар каби ярқираб турган шаҳри азим – Шарқ дарвозаси Тошкентимга ҳавас ва ҳайрат билан термуламан. Самолёт пастлаб борган сари юрагим ҳаприқади. Ҳаво кемасининг оёқлари юртимиз, пойтахтимиз заминига текканда бир енгил тортдим, бир енгил тортдим…
Ватан соғинчи, Ватан меҳри ҳамма нарсадан тотли, ҳамма нарсадан устун! Борингга шукур, жонажон Ватаним – жаннатмонанд Ўзбекистоним!
Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист