ADOLAT 24

Адолат бор жойда тараққиёт бўлади

Мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллиги арафасида қаддимизни янада баланд тутган ҳолда улуғвор мақсадлар сари интиляпмиз. Бу йил мамлакат тарихида ўзига хос бурилиш­лар ва янгиланиш­лар даври сифатида эътирофга сазовор ишлар амалга оширилмоқда.

Энг аввало, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Рес­публикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Респуб­ликаси референдуми халқнинг истак-хоҳиши асосида уюшқоқлик билан ўтказилди. Жорий йилнинг 9 июль куни муддатидан илгари Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти сайлови кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. 

27-28 июль кунлари мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Фарғонага ташрифи ва халқ билан юзма-юз мулоқоти, қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган меҳнаткашлар, тадбиркорлик субъектлари билан учрашуви халқимизнинг Президент сайловидаги адолатли танловидан далолат беради. Ахир ўзи ишонган йўлбошчининг ортидан эргашган халқнинг фаровонлиги ортади, мамлакат эса ривожланади. 

Ўзбекистон дунё эътирофидаги мамлакатга айланиб улгурди. Бугун халқимизнинг дунёқараши ўзгарди. 

Бироқ шундай шароитда айрим раҳбарларнинг масъулиятсизлиги кечириб бўлмас ҳолатдир. Қўқон шаҳрида Президентимиз раислигида ўтказилган йиғилишда вилоятдаги айрим туман ва шаҳарларнинг кўрсаткичлари қониқарсизлиги қайд этиб ўтилди. Фарғона вилояти саноат ҳажми бўйи­ча рес­публикада 12-ўринга тушиб қолгани танқид қилинди, қатор ҳокимлар ва бош­қарма бошлиқлари ўз лавозимидан бўшатилди. 

Таҳлилларга кўра, вилоятдаги ҳар бир туман йил охирига қадар 100 миллион долларгача инвестиция жалб қилиш имкониятига эга. Биргина Қувада лойиҳалар ишга тушиши натижасида 10 мингдан зиёд иш ўрни яратиш мумкинлиги ва бу лойиҳалар ҳисобига хориждаги 6 минг нафар мигрантимизнинг қайтиб келиши учун шароит яратилиши қайд этилди. 

– Олдимизда ҳали етти йил бор, бу ишларни эртага ёки кейинги йилдан бош­лаймиз, деган вазир ёки ҳоким қаттиқ адашади. Агар энг юқоридан тортиб, маҳаллагача иш услуби ўзгармаса, барча даражадаги раҳбарлар “Ҳар бир янги кун – янги имконият” деб ишлашга ўрганмаса, вақтни бой бериб қўямиз, – деди давлатимиз раҳбари. 

Биз, “Адолат” СДП Фарғона вилояти кенгаши жамоаси мамлакатимиз Президентининг Фарғона вилоятига ташрифи чоғида билдирган ҳар бир фикрини, халқимиз манфаати йўлида хизмат қилишга ундайдиган топшириқларини ўрганиб чиқдик. Бу йўналишлар келгуси фаолиятимиз учун дастуриламал вазифасини ўтайди, албатта. Юртбошимиз бошчилигидаги ислоҳотларнинг тўлақонли рўёбга чиқиши учун астойдил ҳаракат қиламиз. 

– Биз ислоҳотларимизнинг илк кунлариданоқ инсон қадрини улуғлашни энг олий қадрият сифатида эътироф этдик. Ягона мақсадимиз – адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш орқали халқимизни рози қилиш, – деди давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Фарғона шаҳрида ҳудудларда ҳуқуқбузарлик­ларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги устувор вазифалар юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида. 

Чиндан ҳам, қаердаки адолат бўлса, ўша ерда тараққиёт бўлади. Халқнинг эртанги кунига умид ва ишончи бўлади. Биз ҳам бу жараёнда фаол иштирок этиб, электоратимиз бўлган ўқитувчи ва тиббиёт ходимларининг хуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, халқ билан юзма-юз учрашувларда келиб тушаётган мурожаатларни ижобий ҳал этиш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, иш билан банд бўлмаган фуқароларнинг бандлигини таьминлаш каби масалаларни депутатларимиз ва тегишли идоралар билан ҳамкорликда ҳал этишга ҳаракат қиляпмиз.

Мақсадимиз ягона – Ўзбекистонимизнинг энг ривож­ланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши, халқимиз ҳаётдан рози бўлиб, бахтли ва фаровон ҳаёт кечириши учун ҳамжиҳатлик ва бирдамликда ҳаракат қиламиз.

Шаҳноза Ғаниева,

“Адолат” СДП Фарғона вилояти кенгаши раиси

Tegishli xabarlar

Ҳамшираларни рағбатлантириш тизими ишлаб чиқилади

admin

Илмлар Қомусини яратган аллома

admin

ОДИЛ СУДЛОВ ФАОЛИЯТИНИ АМАЛГА ОШИРИШНИ САМАРАЛИ ТАШКИЛ ЭТИШ БЎЙИЧА ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

admin