ADOLAT 24

Аниқ вазифалар белгилаб олинди

Президентнинг Тошкент вилоятига ташрифи вилоят ҳаётидагина эмас, жамиятимизда рўй берадиган янада улкан ўзгаришлар дебочаси бўлди, десак асло муболаға бўлмайди.

Кейинги пайтда Тошкент вилоятида бунёдкорлик ишлари кенгайди. Иқтисодиётда ўсиш, аҳоли фаровонлиги ошишида муҳим қадамлар ташланди. Йирик саноат мажмуалари ва спорт объектлари, янги корхоналар ишга туширилди. Шунингдек, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда маҳаллий бюджет даромадларини кўпайтириш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар ҳаётга тат­биқ этилди.

Таъкидлаш жоизки, Тошкент вилояти мамлакатимиздаги иқтисодиёти, аҳолиси ва табиати жиҳатидан ранг-баранг ҳудуд ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари ташриф давомида “Ангрен” эркин иқтисодий зонасида ташкил этилган Маиший техника корхонаси, Металл қувурлар заводи, Чирчиқ қишлоқ машинасозлиги кластерида бўлиб, ишлаб чиқарилаётган янги маҳсулотлар билан танишди. 

Шунингдек, Президент иштирокида Тошкент вилоятида бир қатор янги саноат, хизмат кўрсатиш ва ижтимоий соҳа объектларини ишга тушириш маросими бўлиб ўтди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари Тошкент вилоятига ташрифи чоғида “Чирчиқ” кимё-индустриал технопаркида бўлди. Татаристон Республикаси билан ҳамкорликдаги мазкур технопаркда бугунги кунда 10 миллион долларликдан зиёд 5 та корхона ишга туширилган. Жорий йил якунига қадар қиймати 18 миллион доллар бўлган яна 8 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.

Хусусан, “Родиум Полимер” масъулияти чекланган жамияти томонидан кўпиклантирилган полипропилен маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қў­йилди. 

Кореялик ишбилармонлар билан биргаликда ишга туширилган корхонада йилига 2 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 2 миллион долларлик экспорт қилинади.

Шу куни Президент раислигида камбағалликни қисқартириш, аҳоли банд­лигини таъминлаш ҳамда маҳаллий бюджет даромадларини кўпайтириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши Тошкент вилоятида бўлиб ўтди. Танқидий руҳда бўлиб ўтган видеоалоқани Қорақалпоғистон Респуб­ликаси раҳбарияти, барча вилоят ва туманлар ҳокимлари ҳам кузатиб борди.

Йиғилишда ўтган йили Тошкент вилоятида тўғридан-тўғри хорижий инвес­тиция ўзлаштириш, экспорт, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ютуқлар билан бир қаторда бу борада кўзланган режаларга тўла эришилмаганлиги алоҳида таъкидланди ҳамда камчилик­ларга йўл қўйган бир қатор раҳбарлар лавозимидан озод қилинди.

Тошкент вилоятидаги янги имконият ва ташаббуслар Оҳангарон тумани ва Ангрен шаҳри мисолида кўриб чиқилди. Жойларда солиқ базасини кенгайтириш, ҳар бир тадбиркорнинг муаммосини ҳал қилишга алоҳида солиқчи масъул бўлиши лозимлиги белгиланди. Солиқ идораларини коррупциядан холи тузилмага айлантириш, соҳа ходимларининг маънавий-ахлоқий қиёфасини тубдан ўзгартириш долзарблиги таъкидланди.

Айниқса, эндиликда ҳоким ёрдамчилари ўзини ўзи банд қилганларнинг кичик ва ўрта бизнесга ўтишига кўмаклашиши, бунда салоҳиятли тадбиркорларга дастлабки айланма маблағлари учун “улушдорлик” капитали берилиши бу соҳа вакилларини қувонтириб юборди. Бунинг учун Япония тажрибаси асосида ҳудудларда бизнес-инкубатор ва акселераторлар тизими жорий этилади. “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури асосида 400 минг киши бандлигини таъминлаш ташаббуси қўллаб-қувватланди.

Президентнинг Тошкент вилоятига ташрифи аҳоли фаровонлиги ва иқтисодиётнинг янада юксалишида аниқ вазифаларни белгилаб берди. Бу масалаларга энг муҳим вазифалар сифатида қаралиб, Президентимиз таъкидлаганидек, “инсон манфаати ва яна бир бор инсон манфаати ислоҳотларнинг бош мақсади этиб белгиланганлиги”, аҳоли турмуш даражаси ошиши давлат сиё­сатининг муҳим масалалари эканлигидан далолатдир.

Гулнора Аҳмедова, 

халқ депутатлари 

Тошкент вилояти Кенгаши депутати

Tegishli xabarlar

Хаёлимизга ҳам келмаган ўзгаришлар бўлмоқда

admin

БИТИРУВЧИЛАР КУНИ: ортиқча чиқимларга қачон чек қўйилади?!

admin

АДОЛАТ – БИЛИМДА

admin