Ҳар бир инсон озод ва обод Ватанда мустақил яшашга, эркин фикрлашга ва ўз мақсадларини мустақил амалга оширишга интилиши табиий. Бунинг учун яшаб турган Ватанингда имкон бўлиши керак. Шукрки, биз ўзбекистонликлар бундан ўттиз икки йил аввал ана шундай бахтга эришдик. Мустақиллик деб аталмиш ижтимоий адолат тантанаси юртимизда қарор топганлигидан бугун барчамизнинг кўнглимиз шод. Ортга назар ташлар эканмиз, тарихан қисқа вақт ичида ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, иқтисодий ва ҳуқуқий соҳаларда улкан ютуқлар қўлга киритилганидан қувонамиз.
Яқинда матбуотда эълон қилинган давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори бу борада яна бир дадил қадам бўлди, деб айтиш мумкин. Мазкур ҳужжат Ватанимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётида бутунлай янги даврни бошлаб берган унутилмас тарихий воқеа – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик санасини баланд руҳ ва кўтаринки кайфият билан нишонлашимизга асос бўлади.
Қарорда кўрсатилганидек, ўтган тарихан қисқа вақт давомида элимизнинг фидокорона меҳнати ва қатъияти билан миллий ўзлигимиз, қадимий тарихимиз, бой маданиятимиз, эзгу қадрият ва анъаналаримиз қайта тикланди, давлат ва жамият ҳаётининг туб асослари ўзгариб, мамлакатимиз дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлди. Бугун дунёнинг исталган жойида Ўзбекистон номи тилга олинмоқда, ўзбекистонликлар қўлга киритаётган ютуқлар эътироф этиляпти. Бунда, айниқса, истиқлол фарзандларининг муносиб ҳиссаси бор.
Албатта, шу ўринда мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеалар, хусусан, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг қабул қилингани, юртдошларимиз Янги Ўзбекистонни, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга қаратилган ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келаётганини айтиб ўтиш лозим. Бу она-Ватанимизга бўлган ҳурмат, юртга содиқлик ва эртанги кунга бўлган ишончнинг ифодасидир.
Бу йилги байрам тантаналари “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган бош ғоя остида ўтиши янада қувонарли. Чунки амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳар бир соҳадаги ўзгаришлар айни шу мақсадга қаратилган. Халқимиз ортга назар ташлаш баробарида олдинга интилиш, бутунлай янги ҳаёт бошлаш йўлидан бормоқда. Янги Ўзбекистонни ҳам, албатта, яратувчилик ҳаракати, бунёдкорлик ва ташаббускорлик билан қурамиз.
Халқ вакили сифатида жамоатчилик орасида кўп бўламан. Мен бир нарсадан хурсандман. Бугун юртдошларимизнинг Ватанга бўлган муносабати, эртанги кунга ишончи кескин ўзгарган. Аввалгидан фарқли равишда ҳар бир ўзгаришга, амалга оширилаётган ислоҳотларга эътиборли. Буни амалдаги йилда бўлиб ўтган сиёсий воқеликлар – Референдум ва Президент сайлови мисолида кўриш мумкин. Конституциявий ҳуқуқ ва бурчларидан келиб чиқиб ҳар бир фуқаро ўз муносабатини билдириш орқали юрт келажагига бефарқ эмаслигини кўрсатди.
Янги Ўзбекистон! Эндиликда бу сўзни катта ёшлилардан бошлаб мактаб ўқувчисигача фахр билан айтмоқда. Уни бунёд этиш йўлида ҳар ким ўз имкониятидан келиб чиқиб, ҳаракат қиляпти. Мақсад эса бир – мустақил Ўзбекистонимизни янада ривожлантириш, юрт ободлиги. Истиқлол тантаналарида юқоридагилар ўз ифодасини топиши шубҳасиз. Барчамиз шу озод Ватан учун хизмат қилайлик.