ADOLAT 24

Фракцияларнинг қўшма йиғилиши: Ҳукумат ҳисоботи муҳокама қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” социал демократик партияси, Халқ демократик партияси ҳамда Ўзбе­кистон Экологик партияси фракцияларининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дас­турининг 2023 йил биринчи ярим йиллигида бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилди.

Қайд этилганидек, ўтган даврда аҳолининг ҳаёт даражасини янада юксалтириш, миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш, юқори ўсиш суръатларини таъминлаш, таълим сифатини ошириш, экологик барқарорликка эришиш борасида тизимли ишлар амалга оширилган.

Ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида 2023 йилнинг I ярим йиллигида ялпи ички маҳсулот ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,6 фоизни, шундан ялпи ички маҳсулот таркибида саноат – 5,6 фоиз, хизматлар – 6,4 фоиз, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик – 3,8 фоиз ўсишни ташкил қилган.

“Адолат” СДП фракцияси аъзо­лари томонидан Давлат дастурининг партия Сайловолди дас­тури билан ҳамоҳанг бўлган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, хусусан, адвокатура институти жозибадорлигини ошириш, соҳага ёш кадрларни жалб қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар алоҳида эътироф этилди.

Шунингдек, Давлат дастури доирасида бошланган ва амалга оширилаётган лойиҳаларни 2023 йилнинг қолган даврида ҳам изчил давом эттириш, белгиланган вазифларни амалга оширишда сусткашликка йўл қўймаслик кераклиги қайд этиб ўтилди.

Ҳисобот даврида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш йўналишида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилган. Жумладан, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш мақсадида 76 та оилавий шифокор пункти, 20 та оилавий поликлиника ҳамда 505 та маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилиб, 1,8 миллион аҳолига ўз яшаш жойида бирламчи тиббий-санитария хизмати йўлга қўйилган, 208 та кўп тармоқли туман марказий поликлиника ҳамда Тошкент шаҳридаги 70 та оилавий поликлиникада болалар бўлимлари ташкил этилган.

Қўшма йиғилишда Давлат дас­тури ижроси таъминланиши, эришилаётган ютуқлар замирида, авваламбор, давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар, ҳукумат амалга ошираётган изчил саъй-ҳаракатлар тургани алоҳида эътироф этилиб, белгиланган вазифаларни ўз вақтида ижро этиш учун вазирлик-идоралар ўртасидаги ҳамкорлик ва масъулиятни кучайтириш лозимлиги айтиб ўтилди.

Давлат дастури доирасида барча соҳалар қатори атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик муаммоларни ҳал этиш масалалари бўйича белгиланган бандларнинг ижроси юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, маиший чиқиндиларни йиғишни 100 фоизга, уни қайта ишлаш даражасини 21 фоиздан 50 фоизга етказиш мақсадида Осиё тараққиёт банки иштирокида “Қаттиқ маиший чиқиндиларни барқарор бошқариш” лойиҳаси доирасида 156 та чиқинди ташувчи техника харид қилиниб, 79 та техника ҳудудларга етказиб берилган.

Давлат дастури доирасида жорий йилда атроф-муҳит мониторинги доирасида 685 та атмосфера ҳавоси, тупроқ ва ер усти сув объектларнинг ифлослантирувчи манбаларидан намуналар олиш ва уларни таҳлил қилиш белгиланган бўлиб, бугунги кунда 542 та объект­ларнинг 1568 та манбаларида мониторинг ўтказилган.

Шунингдек, йиғилишда бугунги глобал иқлим ўзгариш­лари шароитида минтақада юзага келаётган сув тақчиллигини юмшатиш мақсадида сув ресурсларини бошқаришни тубдан ислоҳ қилиш ва сувни иқтисод қилиш бўйича вазифалар ижросини самарали ташкил этиш ҳамда бу борада назоратни кучайтириш, иқтисодиёт тармоқларидан ҳавога чиқариладиган зарарли газлар ҳаж­мини қисқартириш, маиший чиқиндиларни йиғиш ва уларни қайта ишлаш борасида белгиланган кўрсаткичларнинг ўз вақтида ижросини таъминлаш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар берилди.

Савол-жавобларга бой бўлган йиғилишда фракциялар аъзолари томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялари асосида Давлат дастурининг ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи маъқулланди.

Tegishli xabarlar

“Дадамнинг китоблари дўстимга айланди…”

admin

“ЖАДИДЛАР: МИЛЛИЙ ЎЗЛИК, ИСТИҚЛОЛ ВА ДАВЛАТЧИЛИК ҒОЯЛАРИ” МАВЗУСИДАГИ ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ ИШТИРОКЧИЛАРИГА

admin

Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз

admin