ADOLAT 24

ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ ЯНГИ САНОАТ ЛОЙИҲАЛАРИГА КАТТА МАНЗИЛ БЎЛАДИ

Президент Шавкат Мирзиёев 2 август куни Тошкент вилоятига ташриф буюриб, йирик саноат мажмуалари ва спорт объектлари билан танишди, янги корхоналарни ишга тушириш маросимида иштирок этди.

Ташриф “Ангрен” эркин иқтисодий зонасидаги корхоналар фаолияти билан танишишдан бошланди.

2012 йилда ташкил этилган мазкур иқтисодий зона сўнгги йилларда ҳам ҳудуд, ҳам салоҳият жиҳатидан кенгайди. У Ангрен шаҳри, Оҳангарон шаҳри ва тумани, Бекобод шаҳрининг бир қисмини қамраб олган. Бугун ушбу зонада 76 та корхона, уларда 11 мингдан зиёд аҳоли ишламоқда.

Улардан бири – “Premier elektrotech” масъулияти чекланган жамиятининг 23 миллион долларлик лойиҳаси. Ўтган йили декабрда ишга тушган бу корхона йилига 100 минг дона кир ювиш машинаси ва 200 минг дона совутгич ишлаб чиқариш ҳамда 1 миллион долларлик экспорт қувватига эга. 350 киши иш билан таъминланган.

Бу лойиҳанинг биринчи босқичи бўлиб, уни кенгайтириш учун қурилиш олиб борилмоқда. Иккинчи босқич шу йил декабрда фойдаланишга топширилади ва иш ўринлари 450 тага етади.

Жамият томонидан, шунингдек, телевизор, кондиционер каби бошқа маиший техникалар ҳам ишлаб чиқарилади. Рақобатбардош бу маҳсулотлар МДҲ мамлакатларига экспорт қилинмоқда.

Давлатимиз раҳбари Оҳангаронда тайёр саноат инфратузилмаси борлиги, бу хорижий инвестициялар жалб этиш учун катта имконият эканини таъкидлади. Шу каби корхоналарни кенгайтириш мақсадида электротехника саноати зонасини ташкил этиш таклифи билдирилди.

Оҳангарон металл қувурлар заводининг жойи беш йил олдин унумсиз дала эди. 2018 йилдан бошлаб саноат мажмуаси барпо этилди. 49 миллион долларлик бу лойиҳа учун ускуналар Туркиядан олиб келинди. Йиллик 205 минг тонна металл маҳсулотлар тайёрлаш қуввати яратилиб, 250 та иш ўрни барпо этилган. Жорий йилнинг 6 ойида қарийб 4 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган.

“Silk plast quality” корхонасида йилига 13 минг тонна полимер қувурлар ва фитинг маҳсулотлари тайёрланади. 78 кишининг бандлиги таъминланган.

Давлатимиз раҳбари шу ерда “Ангрен” эркин иқтисодий зонасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмасини кўздан кечирди. Янги лойиҳаларни шакллантириш, аҳоли бандлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

“Ангрен” эркин иқтисодий зонасида яна 42 та лойиҳа бўйича ишлар бошланган. Уларда 5 мингдан зиёд иш ўрни очилади.

Шундан сўнг давлатимиз раҳбари Юқори Чирчиқ туманида барпо этилётган Футбол бўйича миллий терма жамоалар марказини бориб кўрди.

Бу марказ Халқаро футбол федерациялари ассоциацияси (ФИФА) билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда. Ҳозирда 8 минг ўринли стадион қурилган. Яна 7 та машғулот майдони, пляж футболи майдони, футзал манежи, бассейн, реабилитация мажмуаси ва ётоқхоналар қурилиши режалаштирилган.

Соҳа мутасаддилари билан суҳбатда миллий футболимизга хориждан малакали техник директор олиб келиш, футбол тузилмасини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Қорақалпоғистон, Қашқадарё, Жиззах, Наманган ва Тошкентда минтақавий базалар ташкил қилиш, мураббийлар мактабини такомиллаштириш бўйича топшириқлар берилди.

Президент ёшлар орасида футболни янада оммалаштириш, уларга шароит яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

– Ўзбекистонда футбол энг севимли спорт тури. Ҳар ўнта одамдан тўққизтаси унинг мухлиси, деса бўлади. Бу оммавийликдан фойдаланиб, футболни тубдан ривожлантириш керак. Масалан, юртимизда 10 мингта мактаб бор, 208 та туман-шаҳар бор. Хўш, мактаб, маҳалла, жамоаларда футбол қандай бўлади? Иккинчидан, футболга меҳр қўйган болалар ўз йўлини топиши учун нима қилишимиз керак? Учинчидан, ёшлар футболдан кетгандан кейин нима билан шуғулланади, уларга қўшимча касб-ҳунар беришни ҳам ўйлаш зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари ёш футболчилар билан ҳам суҳбатлашди.

– Халқимизнинг спортга меҳри кучли. Айниқса, футбол «оилавий дўстимиз». Миллий терма жамоамиз ўйинларини ҳаммамиз ғурур, фахр, ҳаяжон билан кузатамиз. Сизлар оилада ота-онангизнинг фарзанди бўлганингиз билан майдонда халқимизнинг фарзандисизлар. Ана шуни доим ёдда тутинг, – деди Президент.

Футболчиларда Ватан туйғусини шакллантириш муҳимлиги ҳам таъкидланди.

– Футболчилар дунё кезади, чет эл жамоаларида ўйнайди. Улар Ўзбекистон тарихини, шароитларини яхши билиши керак. Улар бизнинг элчиларимиз, болаларга намуна, – дея таъкидлади давлат раҳбари.

Футбол тиббиёти ва реабилитациясини жаҳон ютуқлари асосида ривожлантириш масалалари ҳам кўрсатиб ўтилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Чирчиқ қишлоқ машинасозлиги кластерига ташриф буюриб, у ерда ишлаб чиқарилган биринчи маҳаллий маҳсулот – универсал трактор билан ҳам танишди.

Бу кластер Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 11 ноябрдаги қарорига асосан ташкил қилинган эди. Машинасозликдаги 5 та корхона қувватлари мақбуллаштирилиб, Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи негизида тўлиқ циклли кластер тизими йўлга қўйилди. Бунинг учун қарийб 38 минг квадрат метр янги иншоотлар қурилиб, 35 минг квадрат метрдан зиёд мавжуд бинолар таъмирланди.

Кластер йилига 15 минг дона трактор, тиркама ва бошқа техникалар ишлаб чиқариш қувватига эга. Мингта иш ўрни яратилган. Яна бир муҳим томони, тармоқ корхоналари орасида кооперация кенгайиши, харажатлар ва маҳсулот таннархи қисқаришига эришилган.

Яқинда кластерда биринчи маҳаллий маҳсулот – универсал трактор ишлаб чиқарилди. Президент Шавкат Мирзиёев унинг илк намуналарини кўздан кечирди.

Шунингдек, комбайн ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилмоқда. Бу ишларни давом эттириб, импорт маҳсулотларни маҳаллийлаштириш, бу жараёнга хусусий секторни жалб этиш муҳимлиги таъкидланди.

– Қишлоқ хўжалигимизда техникага талаб катта. Бизга арзон, муқобил, тежамкор техника керак. Бунинг учун маҳаллийлаштириш ва таннарх бўйича ишлаш зарур. Деҳқонларга арзон техника етказиб бермасак, манфаатдорлик бўлмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари техникаларга хизмат кўрсатишнинг аҳамиятига алоҳида тўхталди.

– Бу кластер фақат сотувчи эмас, хизмат кўрсатувчи ҳам бўлиши керак, – дея таъкидланди.

Тошкент вилояти мисолида сервис масканлари ташкил этиш, ёшларни бепул ўқитиб, сифатли хизматларни йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилди.

Кластерда илм-фан ва ишлаб чиқаришни уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, шу мақсадда замонавий илм маркази ишга туширилди. Бу ерда Германия ва Швеция компанияларининг таълим марказлари билан ҳамкорликда узлуксиз дуал таълим шаклидаги ўқув жараёнлари йўлга қўйилган. Шу билан бирга, олий таълим муассасалари талабалари назарий билимларини кластерда амалиёт билан мустаҳкамлаб боради.

Президентимиз маҳсулотлар намуналарини кўздан кечирди, мутахассислар билан суҳбатлашди.

– Ҳозир жойларда, кластерларда пахтани машинада териш 50 фоизга яқинлашмоқда. Бу йил 6 ойда мева-сабзавотнинг ўзидан 550 миллиондан кўп экспорт қилдик, яқин келажакда 2-3 миллиардга етказмоқчимиз. Қишлоқ хўжалигининг барча тармоқларида яна лойиҳалар кўп. Уларда маҳсулдорликни ошириш, одамлар меҳнатини енгиллаштириш учун сифатли, хамёнбоп техникалар зарур, – деди Президент. 

Кластер фаолиятида муқобил электр энергияси манбаларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, 20 минг квадрат метр майдонда қуёш батареялари ўрнатилди. Бу кластернинг электр энергиясига талабининг 30 фоизигача таъминлаши мумкин.

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташрифи чоғида “Чирчиқ” кимё-индустриал технопаркида бўлди.

Татаристон Республикаси билан ҳамкорликдаги мазкур технопарк ўтган йил 23 март куни очилган эди. Бугунги кунда 10 миллион долларликдан зиёд 5 та корхона ишга туширилган. Жорий йил якунига қадар қиймати 18 миллион доллар бўлган яна 8 та лойиҳа амалга оширилади.

Хусусан, “Родиум Полимер” масъулияти чекланган жамияти томонидан кўпиклантирилган полипропилен маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Кореялик ишбилармонлар билан биргаликда амалга оширилган бу корхонада йилига 2 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 2 миллион долларлик экспорт қилинади.

Шу ерда Тошкент вилоятидаги янги саноат, хизмат кўрсатиш ва ижтимоий соҳа мажмуаларини ишга тушириш маросими бўлди. Булар – Оҳангарон туманидаги “Ташкент Конч цемент”, Қуйи Чирчиқ туманидаги “Ташкент коттон текстиль”, Юқори Чирчиқ туманидаги “Азия Ташкент Текстиль”, “Салюбрис Вита”, Ангрен шаҳридаги “Ангрен каолин”, “Централ Азия Кемикалс”, Нурафшон шаҳридаги “Агро Нью Дрип”, Чирчиқ шаҳридаги “Шарқ Тюбс”, Паркент туманидаги “Самсарак файз” ва “Шабнам Элегант”лардир. Бу корхаларда цемент, ип-калава, тўқимачилик, фармацевтика, бойитилган каолин, кимё маҳсулотлари, томчилатиб суғориш шланглари, рангли металлар ишлаб чиқарилади. Умуман, мазкур корхоналарда 3 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади.

Давлат раҳбари рамзий тугмани босиб, янги корхоналарни ишга туширди.

Шундан сўнг, Президент раислигида камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда маҳаллий бюджет даромадларини кўпайтириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Видеоалоқа орқали уни Қорақалпоғистон Республикаси раҳбарияти, барча вилоят ва туманлар ҳокимлари ҳам кузатиб борди.

Ўтган йилда Тошкент вилоятида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштириш ҳажми 135 фоизга ўсиб, 480 миллион долларни ташкил қилгани таъкидланди. Шунингдек, ўтган олти ойда инвестиция дастурлари доирасида 240 миллион долларлик 322 та лойиҳа ишга туширилиб, 8 мингта иш ўрни яратилган.

Лекин айрим туман ва шаҳарларда фақат кичик ва ўрта лойиҳалар билан чекланиб қолинмоқда. Мисол учун, Ўрта Чирчиқ, Чиноз, Қибрай, Тошкент, Янгийўл туманлари ва Нурафшон шаҳрида бирорта ҳам йирик лойиҳа йўқ.

Шу боис ҳар бир туман ва шаҳар ҳокимига йил якуни билан камида 100 миллион доллардан тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилиш вазифаси қўйилди.

Жорий йилнинг олти ойида вилоятда 440 миллион долларлик экспорт амалга оширилган. Саноат ва хизмат соҳаси кўрсаткичлари ҳам ошган. Лекин айрим туман ва шаҳарлар кесимида олганда, тушган. Бу йил қурилиши режа қилинган 114 та кўп қаватли уй-жойлардан ҳозиргача атиги 9 таси фойдаланишга топширилган.

Бу борада камчиликларга йўл қўйган бир қатор раҳбарлар лавозимидан озод қилинди.

Президент жойларда солиқ базасини кенгайтириш учун мавжуд имкониятларни санаб ўтди. Ҳар бир тадбиркорнинг муаммосини ҳал қилишга алоҳида солиқчи масъул бўлиши белгиланди. Солиқ идораларини коррупциядан холи тузилмага айлантириш, ходимларининг маънавий-ахлоқий қиёфасини яхшилаш долзарблиги таъкидланди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш ва имтиёзли ресурсларнинг етиб боришини осонлаштириш чоралари белгиланди. Унга кўра, эндиликда ҳоким ёрдамчилари ўзини ўзи банд қилганларнинг кичик ва ўрта бизнесга ўтишига кўмаклашади.

Бунинг учун Япония тажрибаси асосида ҳудудларда бизнес-инкубатор ва акселераторлар тизими жорий этилади. Бунда, салоҳиятли тадбиркорларга дастлабки айланма маблағлари учун “улушдорлик” капитали берилади.

“20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури асосида 400 минг аҳоли бандлигини таъминлаш ташаббуси қўллаб-қувватланди.

Йиғилиш якунида тегишли вазирлик ва идоралар, ҳудудлар раҳбарларининг ахбороти тингланди.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Абдулазиз МУСАЕВ,

ЎзА мухбирлари

Tegishli xabarlar

МУАММОЛАР БАРТАРАФ ЭТИЛМОҚДА (Хоразм, Андижон, Сирдарё, Наманган ва Қашқадарё вилоятлари)

admin

Ҳудудлардан хабарлар (Андижон, Навоий ва Қашқадарё вилоятлари)

admin

Ҳикмат

admin