ADOLAT 24

Халқ ноиби аралашмайдиган, унинг ваколат доирасига кирмайдиган масала йўқ

Қашқадарё вилояти. Халқ ишончини қозониш саодатдир. Билдирилган ишончга муносиб бўлиб қолиш эса улкан масъулият. Бир неча йиллик депутатлик фаолияти давомида зиммасидаги шарафли ва залворли вазифаларини сидқидилдан адо этиб келаётган халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари Руиддин Рауповни кўпчилик фидойи ва меҳнатсевар раҳбар сифатида эъти­роф этади. 

Аҳолини қийнаб келаётган муаммоларга ечим топиш, моддий, маънавий кўмакка муҳтож фуқароларимиз оғирини енгил қилиш истаги депутатни ҳамиша халқ орасида бўлишга, улар билан ҳамфикрлиликка чорлайди. 

Руиддин Раупов жорий йилнинг март ойида Қарши шаҳридаги Кат маҳалласида яшовчи фуқаролар билан ўтказган мулоқоти давомида мазкур маҳаллада юқори кучланишли трансформаторга эҳтиёж туғилгани, бундай қурилмани маҳаллага олиб келиб ўрнатиш учун эса, энг аввало, 120 дан ортиқ электр симёғочларни бетон устунларга алмаштириш лозим эканлиги борасидаги муаммоли вазият билан яқиндан танишди. Учрашув давомида мазкур ҳудуддаги 18 та кўча ички йўлларига асфальт ётқизиш, оқава сув билан таъминлаш каби яна бир қатор муаммоли масалалар борлиги маълум бўлди. 

Фуқаро Наргиза Игамбердиева ёлғиз она, уй-жойга муҳтож. У депутат қабулида бўлган чоғида, уй-жой олиш масаласида кўмак сўради. Аёлнинг яшаш шароити ўрганилганида унинг ижарада яшаши маълум бўлди. Руиддин Раупов фуқаронинг уй-жойли бўлишини таъминлаш мақсадида Қарши шаҳар ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосарига мурожаат қилди. Натижада Наргиза Игамбердиевага янги барпо этиладиган кўп қаватли уйлардан биридан хонадон ажратиб берилиши белгиланди. 

Шунингдек, депутат Навоий кўчасидаги 55-56-кўп қаватли уйлар ва Илғор кўчасида яшовчи аҳолининг яшаш тарзи билан яқиндан танишиш мақсадида сайёр қабул ташкил этган чоғида, аҳоли мазкур ҳудуддаги 1-ва 2-кўп қаватли уйлар, Аҳмад Дониш кўчасидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар яшайдиган уйлар олдида чиқиндихоналар ва болалар ўйингоҳлари йўқлиги, маҳалла биносини қайта таъмирлаш, МФЙ ҳудудида нуронийлар дам олиш масканини қуришга эҳтиёжлари борлиги борасидаги муаммоли масалаларни ўртага ташлашди. Депутат Кат ва Илғор маҳаллаларида бўлиб ўтган учрашувлари давомида аниқланган муаммоли вазиятларнинг аксариятига ўша жойнинг ўзидаёқ ечим топди. Айримлари юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Баъзи муаммоли вазиятларни ҳал этиш борасида вилоят ҳокими номига депутатлик сўрови юборилди. 

Депутатлик сўрови, мурожаат, бирор масалани доимий комиссия мажлиси ёки сессия кун тартибига олиб чиқиш унинг ваколати доирасида фаолият олиб бораётганидан далолат беради. Жорий йилнинг шу кунига қадар Руиддин Раупов фуқаролар мурожаатлари асосида тегишли идораларга 45 та депутатлик сўрови чиқарди.

Қарши шаҳридаги Араловул, Шўртангаз, Чўлқувар, Заҳокимарон МФЙларда маҳалла аҳлининг юқори қувватли трансформаторга эҳтиёжи борлиги, ўнга яқин кўп қаватли уйлар йўлакларини бетон қоплама ва асфальт қилиш, ёритгичлар ўрнатиш, том қисмини ёпиш, иситиш тизими ва ертўла қисмидаги ичимлик сув қувурларини янгилаш, 25-26-болалар боғчаларини қайта таъмирлаш борасида депутатдан кўмак истаб йўллаган мурожаатлар юзасидан Қарши шаҳар ҳокимлиги тасарруфидаги мутасадди идоралар раҳбарларига юборилган тегишли тартибда депутатлик сўровлари ҳам шулар жумласидандир. Айни вақтда депутат аҳоли муаммолари юзасидан юборган депутатлик сўровлари бирма-бир ўз ечимини топмоқда. 

Шу билан бир қаторда депутатлик гуруҳи аъзолари ташаббуси билан халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясига 3 та масала киритилди. Гуруҳ аъзолари ташаббуси билан доимий комиссиялар йиғилишларида 20 нафар мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари тингланди. 

Шўртангаз МФЙдаги 1382 та хонадонда 3820 нафар фуқаро истиқомат қилади. Жорий йилнинг 11 май санасида Руиддин Раупов аҳоли хонадонларида бўлиб, фуқаролар билан суҳбат чоғида ушбу хонадонларда истиқомат қилувчи 15 нафар шахснинг ишсиз эканлиги аниқланди ва депутатнинг саъй-ҳаракатлари натижасида уларнинг барчаси мавсумий ишларга жалб этилди. 

Мазкур ҳудудда олиб борилган ўрганишлар давомида янги ўтказилган иситиш тизими кўп қаватли уйларнинг ертўласига келганига қарамай, хонадонларга киритилмаганлиги маълум бўлди. Шу билан бир қаторда мазкур кўп қаватли хонадонлар ёнида болалар ўйингоҳи қурилишига эҳтиёж борлиги юзасидан ҳам мурожаатлар келиб тушди. Депутат шаҳар ҳокимлигидаги масъуллар билан ҳамкорликда аҳоли мурожаатларини ижобий ҳал этишга эришди. 

“Адолат” СДП Қашқадарё вилоят кенгаши депутатлик гуруҳи аъзоси, Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаббат Шаропова томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳам эътиборга сазовор. Фикримизга жорий йилнинг май, июнь ойларида Қарши шаҳридаги “Зоғза” маҳалласи аҳолиси билан ўтказилган учрашувлар асос бўла олади. Мазкур маҳаллада истиқомат қилувчи Музайям Қиёмова депутатдан моддий ёрдам олиш борасида амалий кўмак беришини сўраб мурожаат қилганидан сўнг, Муҳаббат Шаропова мурожаатчининг анчадан буён хасталиги ва тўшакка михланиб қолганини инобатга олиб, зудлик билан мутасадди идораларга депутатлик сўрови юборди. 

Шунингдек, мазкур маҳалланинг 46-хонадонида истиқомат қилувчи яна бир эҳтиёжманд фуқаро Муҳаррам Абдиеванинг депутатдан моддий кўмак олиш борасидаги мурожаатидан сўнг, оиланинг яшаш шароити ўрганилди. Ўрганишлар давомида аёлнинг икки нафар ногирон фарзанди борлиги, яшаб турган хонадонлари эскириб, жуда таъмирталаб ҳолатга келиб қолгани, ногирон болаларига қарашга кўмаклашиб келаётган соғлом фарзанд Дилмурод Бобоев ҳам автоҳалокат туфайли тўшакка михланиб қолгани маълум бўлди. Депутат бу оилага зудликда ёрдам кўрсатиш зарур, деган хулосага келди ва вилоят ҳокими номига депутатлик сўрови юборди. 

Муҳаббат Шаропова “Худойзот” МФЙ фуқаролари билан юзма-юз мулоқоти давомида очиқланган бир қатор муаммоларни тегишли мутасаддиларни жалб этган ҳолда бартараф этди. Маҳалла ички йўлларини ўрганган депутат қисқа муддатда 18 та кўчани асфальт қилишга эҳтиёж борлигини аниқлади. Бу муаммо шаҳар ҳокимлиги ва унинг тасарруфидаги идоралар масъуллари иштирокида бартараф этиладиган бўлди. 

Қарши шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида 37 та йўналишда касбга тайёрлаш учун ўқув курслари ташкил этилган. Уни ҳозиргача 11 та касб, яъни тикувчи, аёллар сартароши, косметолог, нейлстилист, ошпаз, қандолатчи, официант-батлер, уқаловчи, ёш болалар учун энага, ёрдамчи тарбиячи, кичик меҳр-шафқат ҳамшираси каби йўналишлар бўйича 287 нафар фуқаро тамомлади. Мазкур битирувчилар олдида иш топиш масаласи кўндаланг бўлиб турган бир вақтда депутат Муҳаббат Шаропова уларга ёрдам қўлини чўзди. Депутат ўқув курсларини битирган ишсиз фуқароларни иш билан таъминлашни ўз назорати остига олди ва тегишли идораларга хат билан мурожаат йўллади. Натижада 7 нафар ишсиз фуқаро ишли бўлди. 274 нафари эса ўз-ўзини банд қилди, 6 нафари субсидия олди, қолганлари ҳам бошқа йўналишларда фаолият олиб бормоқда. 

– Айни пайтда ҳам мономарказларда 500 нафардан ортиқ тингловчи касб-ҳунарга ўқитилмоқда, – дейди депутат Муҳаббат Шаропова. – Ўқув курс­ларини муваффақиятли тамомлаганлар эса ўз ишини йўлга қўйиб, оилаларига даромад олиб кириш баробарида, бошқаларни ҳам иш билан таъминлаётгани кўзлаган мақсадларимизга эришаётганимиздан далолатдир.

 Жорий йилнинг июнь ойида депутат Қарши шаҳридаги “Шайхали” МФЙ аҳолиси билан учрашуви чоғида Норжамол Шоймардонова касалманд эканлиги туфайли даволаниши учун ордер олиб беришда ёрдам сўради. Муҳаббат Шаропова фуқаро мурожаатини ўрганиб, унга тегишли муассасалардан ордер ҳамда моддий ёрдам олишига кўмаклашди. 

Шу билан бир қаторда Муҳаббат Шаропова вилоятдаги хотин-қизларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, уларнинг бандлигини таъминлаш борасида ҳам жамоатчилик асосида вилоят ҳокимлигида фаолият юритиб келмоқда. Депутат саъй-ҳаракати ва партия фаоллари иштирокида йил бошидан буён 130 нафар хотин-қизлар иш билан таъминланишига эришилди. 100 нафардан ортиқ аёлларга банклардан кредит олишларига, бизнесларини йўлга қўйишларига ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари, 1800 нафардан ортиқ хотин-қизларга зарур ҳуқуқий тушунчалар берилди.

“Адолат” СДП Қашқадарё вилоят кенгаши депутатлик гуруҳи аъзоси Дилрабо Темированинг ҳам сайловчилар манфаатини кўзлаб олиб бораётган ишлари диққатга сазовордир. 

Замира Губиева Шаҳрисабз шаҳридаги “Дўстлик” МФЙда яшаб келган. Оилавий муаммолар туфайли яшаб турган уйидан қайноғаси ҳайдаб чиқарган. Замира Губиева 2023 йил 6 апрелдан буён “Сариосиё” МФЙ ҳудудида жойлашган Бобур исмли фуқарога тегишли бўлган сартарошхонада қўним топган. Депутат фуқаро мурожаати асосида масалани тегишли мутасаддиларни жалб этган ҳолда ўрганди. Бошига тушган азиятлар сабаб соғлиғини ҳам йўқотган Замира Губиева соғлиғини тиклаб олиши учун туман тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги травматология бўлимига ётқизилиб даволанди. Шунингдек, яшаши учун ҳам бошпана ажратилиб, керакли ёрдам кўрсатилди.

Яна шуни мамнуният билан эъти­роф этиш жоизки, “Адолат” СДП Қашқадарё депутатлик гуруҳи аъзолари аҳолига ижтимоий кўмак кўрсатиш билан бир қаторда уларнинг сиёсий саводхонликларини ошириш мақсадида қатор тадбирлар ташкил этиб келмоқдалар. Жумладан, “Маънавий тараққиётни таъминлаш, ушбу соҳани тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш вазифалари” мавзусидаги тадбирларнинг мунтазам ўтказиб келинаётганлигини “Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси”нинг устувор йўналишларини халқимизга тушунтириш йўлида амалга оширилаётган самарали иш сифатида баҳолаш мумкин.

Қашқадарё вилоят кенгаши 

матбуот хизмати


Самарқанд вилояти.Бугун шиддат билан кечаётган глобаллашув жараёнлари инсоният учун бир қанча муаммоларни юзага келтирмоқда. Бу, айниқса, миллий менталитет, тарбия ва урф-одатлар умумлашуви жараёнларида янада яққол намоён бўлмоқда. Бу эса ўз-ўзидан ҳар бир мамлакат ўзининг ривожланиш стратегиясида миллий бошқарув тизимини ислоҳ қилишини тақозо этмоқда. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар замирида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларга барча шарт-шароитларни, фаровон яшаш имкониятларини яратиб бериш муҳим аҳамиятга эгадир. 

Бугунги кун талабларини яхши англаган халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати Илҳомжон Тўхтасинов Самарқанд шаҳридаги хорижий миграция­дан қайт­ган, жиноят содир этган, жиноятчиликка мойил, профилактик назоратда, пробация рўйхатида турган ва ногиронлиги мавжуд бўлган 62 нафар ёшлар билан алоҳида ёндашув асосида иш бош­лади. 

Депутат жамиятда ёшлар фаоллигини ошириш, уларни менталитетимизга ёт турли ғоя ва қарашлар таъсиридан ҳимоялаш мақсадида маҳаллаларда учрашувлар ташкил этди. Бунда ёрдамга муҳтож бўлган ёшларга уларнинг талаблари, эҳтиёжидан келиб чиқиб қурилиш анжомлари, сартарош­хона анжомлари, ноут­бук, бир миллион сўмдан бир марталик пул маб­лағлари тақдим этилди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Инобат Бобо­қулова сайёр қабулларда мамлакатимизда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинлик­лари ҳамда қонуний манфаатларини тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилишнинг инс­титуционал ҳамда ҳуқуқий асос­ларини тубдан такомиллаштиришга, болалар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга, шунинг­дек, ногиронлиги бўлган ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини қайд этиб ўтди. Шунингдек, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинлик­лари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларда бир қатор муаммолар мавжуд эди. Хусусан, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқларига дахл қилувчи жиноий қилмиш­лар учун мутаносиб санкциялар белгиланмагани, хотин-қизларни шилқимлик ва зўравонликдан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатлари мавжуд эмаслиги, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсга давлат ҳимоясини тақдим этувчи ордернинг амал қилиш муддати (ўттиз кун) хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари етарли даражада ҳимоя қилинишини таъминлаш имконини бермаслиги, алиментларни тўламаганлик учун жазо сифатида жарима солиниши янада кўпроқ молиявий қийинчиликларни келтириб чиқараётганини ўз сайловчиларига алоҳида таъкидлаб ўтди. 

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати Санобар Мирсаидованинг аҳоли билан сайёр қабуллари жараёнида аҳолининг эҳтиёжманд, кам таъминланган оилалар мурожаатлари ижобий ҳал этилиб келинмоқда. Жумладан, даволаниш учун ёрдам сўраган Машҳура Ражабова, Нозима Узоқованинг илтимосига кўра, депутат вилоят Соғлиқни сақлаш бош бошқармасига юборган сўровлар ўз вақтида кўриб чиқилди ва тез орада ўзининг ижобий натижасини берди. Ҳар иккала аёл махсус даволаниш масканларига жойлаштирилиб, жарроҳлик амалиёти муваффақиятли амалга оширилди. Айни вақтда мурожаатчилар ўзларига кўрсатилган ёрдам, эъти­бор ва ғамхўрликдан беҳад миннатдор. Бу эса бугунги кун депутати халқ вакили сифатида аҳолининг чин кўмакчисига айланганидан, эл-юрт корига ҳамиша камарбаста эканлигидан далолат беради.

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати Муҳиба Бабабекова ҳам ёшларни қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эъти­бор қаратган. Депутат илм­­га чанқоқ, интилувчан ва тиришқоқ ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, 3 йилдирки Нур­обод туманида жойлашган 11-сон умумтаълим мактабининг иқтидорли ёшларини бир марталик моддий маблағ (стипендия) билан тақдирлаб келмоқда. Ушбу стипендия мактаб педагогик жамоаларининг таклифига биноан ўқув йили якунлари бўйича аъло баҳоларга ўқиган энг фаол ўқувчиларга бериб борилади. Ушбу янги ғоя ва амалий ҳаракат мактаб ўқувчилари томонидан қизғин кутиб олинди ва ўқувчиларнинг янада кўпроқ билим олиш­ларига, изланишларига, ўз қобилиятларини намоён этиш­ларига асос бўлмоқда.

Мамлакатимизда инсон манфаатлари энг олий қадрият сифатида қаралади. Шу нуқтаи назардан аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, фаровон келажагини таъминлаш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутати Тозагул Холиқова ўз округи ҳудудидаги кўплаб маҳаллаларда “Аёллар дафтари” да турувчи хотин-қизларни қўллаб-қувватлаб, уларга амалий кўмак бериб келмоқда. Жумладан, депутат ташаббуси билан жорий йил бошидан бери 20 дан ортиқ мана шундай ижтимоий кўмакка муҳтож хотин-қизларга моддий ёрдам кўрсатилди. 

Гулнафиса Абдимуродова,

Самарқанд вилоят кенгаши матбуот котиби

Tegishli xabarlar

ПРЕЗИДЕНТ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ АГЕНТЛИГИ    ТИЗИМИДАГИ ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБЛАР ТАРМОҒИНИ КЕНГАЙТИРИШ ТЎҒРИСИДА

admin

АЗМУ ШИЖОАТЛИ ЁШЛАРИМИЗ – ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН БУНЁДКОРЛАРИДИР

admin

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ “ХИТОЙ – ҚИРҒИЗИСТОН – ЎЗБЕКИСТОН” ТЕМИР ЙЎЛИ ҚУРИЛИШИ ТЎҒРИСИДАГИ БИТИМНИ ИМЗОЛАШ МАРОСИМИ ИШТИРОКЧИЛАРИГА МУРОЖААТ ЙЎЛЛАДИ

admin