ADOLAT 24

Марказий Осиё – КАДҲК: минтақалараро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари

КАДҲК қандай ташкилот?

Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши (КАДҲК) – Форс кўрфазида жойлашган Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қувайт, Қатар, Уммон ва Баҳрайн каби араб давлатларини бирлаштирган минтақавий ташкилот бўлиб, у 1981 йил 25 майда ташкил топган. Ташкилотнинг асосий мақсад ва вазифалари 1982 йилда қабул қилинган Низомда ўз аксини топган.

Ташкилотнинг асосий мақсади сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик ва интеграция жараёнларини мувофиқлаштириш, яъни иқтисодий ва молиявий масалалар, таълим ва маданият, ижтимоий, соғлиқни сақлаш, оммавий ахборот воситалари ва туризм, қонунчилик ва бошқарув муаммолари каби соҳаларни тартибга солишдан иборат. КАДҲК, шунингдек, саноат, қишлоқ хўжалиги ва сув ресурс­ларини муҳофаза қилиш соҳаларида илмий ва технологик тараққиётни рағбатлантиради. Қўшма иқтисодий келишув шартларига кўра, олти давлат ўртасида ўзаро тариф тўсиқлари бекор қилинган. Улар ўзаро келишувга мувофиқ исталган давлатда тенг шартлар асосида ишлаб чиқариш корхоналари очиш ва шартномалар тузиш ҳуқуқига эга. Бундан ташқари, таъсис ҳужжатларида тезкор ҳолатларда қўшма мудофаа кучларини яратиш ҳам кўзда тутилган.

Ташкилот доирасида ягона пул бирлигини яратишга интилиш тенденцияси ҳам мавжудки, бу эса унинг келгусида конфедерацияга айланиши эҳтимоли борлигидан далолат беради.

Ташкилотнинг асосий органлари – ҳар йили йиғиладиган Давлат раҳбарларининг Олий кенгаши ва ҳар уч ойда бир марта ўтказиладиган Ташқи ишлар вазирлари кенгаши ҳисобланади. КАДҲК Бош котибиятининг қароргоҳи Саудия Арабистони пойтахти – Ар-Риёзда жойлашган.

Марказий Осиё –КАДҲК: ўзаро ҳамкорлик зарурати

Маълумки, сўнгги йилларда Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган изчил ва прагматик минтақавий ташқи сиёсат туфайли Марказий Осиё давлатлари ўртасида ўзаро ишонч ва ҳурмат, дўстлик ва яқин ҳамкорлик руҳидаги янги муҳит пайдо бўлди. Яхши қўшничилик ва стратегик шериклик, ҳатто иттифоқлик даражасидаги муносабатлар мус­таҳкамланиб бормоқда. Кўпгина мутахассислар минтақада рўй бераётган ижобий ўзгаришларни ҳақли равишда “Марказий Осиё руҳи” деб номламоқдалар.

Энг муҳими, минтақани фаровон ва барқарор ривожланаётган маконга айлантириш йўлида қўйилаётган қадамлар, яратилаётган конструктив муҳит жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам алоҳида эътироф этилмоқда ва фаол қўллаб-қувватланмоқда.

Ҳозирда Марказий Осиё мамлакатлари минтақавий муаммоларга якдил жавоб қайтариш йўлида анча дадилроқ ҳаракат қила бошладилар. Айниқса, сўнгги олти йил ичида Ўзбекис­тон етакчисининг қатъий саъй-ҳаракатлари туфайли илгари анча тарқоқ ва ўта зиддиятли ички муносабатларга эга бўлган Марказий Осиё халқаро майдонда ягона ва яхлит жуғрофий-сиё­сий макон сифатида гавдалана бошлади. Марказий Осиё – АҚШ, Марказий Осиё – Европа Иттифоқи, Марказий Осиё – Хитой каби “Марказий Осиё +” мулоқот форматлари доирасида етакчи давлатлар билан муносабатларни йўлга қўйилганлиги фикримизнинг яққол далилидир.

Шу нуқтаи назардан, Марказий Осиёнинг Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши билан ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш ва фаоллаштириш жуда муҳим ҳисобланади. Зеро, дунёда юзага келаётган мураккаб вазият, глобал сиёсий, ҳарбий, иқтисодий ва молиявий муаммолар ва таҳдидлар ҳамда уларнинг фонида Марказий Осиёнинг хавфсизлиги ва иқтисодий ривожланишини таъминлаш масалалари ҳамкорлик географиясини янада диверсификация қилиш, шу жумладан, араб дунёси мамлакатлари билан алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, минтақалараро ўзаро боғлиқликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашни тақозо этмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Марказий Осиё ва араб давлатлари ўртасидаги алоқалар кеча ёки бугун бошланмаган. Икки минтақа ўртасидаги борди-келди алоқалари тарихнинг турли даврларида мавжуд бўлган. Бу борада биргина Буюк ипак йўлини эслашнинг ўзи кифоядир.

Бугунги кунда Марказий Осиё ва КАДҲК мамлакатлари жуғрофий жиҳатдан бир-биридан анча олисда жойлашган бўлса-да, турли соҳаларда ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга ҳаракат қилмоқдалар. Жумладан, қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ҳозирда Ўзбекистон ва КАДҲКга аъзо давлатлар ўртасидаги алоқалар барча соҳаларда динамик равишда ривожланиб бормоқда. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми кескин ошиб, амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар сони ортиб бормоқда. Бунга олий даражадаги ташрифлар ҳам яқиндан ёрдам бермоқда. Мисол тариқасида жорий йилда Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи, 2019 йил март ойида давлатимиз раҳбарининг БАА ва 2022 йилда Саудия Арабистонига расмий ташрифларини келтириш мумкин.

Бироқ икки минтақа мамлакатлари ўртасидаги умумий савдо айланмаси бугунги кунда мавжуд салоҳиятга жавоб бермайди. Янги-янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, ўзаро савдо ва сармоявий ҳамкорлик ҳажмини сезиларли даражада ошириш учун ҳали ишга солинмаган талайгина имкониятлар мавжуд. Бунга “Марказий Осиё – КАДҲК” давлат раҳбарларининг мулоқот формати яқиндан туртки бериши шубҳасиздир.

Стратегик мулоқот 

Жидда шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги биринчи саммитда давлат раҳбарлари минтақалараро ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари ҳақида фикр алмашдилар.

Саммит Саудия Арабистони раислигида бўлиб ўтди. Унда конструктив сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий ва инвес­тициявий ҳамкорликни кенгайтириш, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари кенг муҳокама қилинди. Минтақавий ва халқаро сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.

Мазкур саммит доирасида савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар, илмий-техникавий ва бошқа долзарб соҳалардаги ҳамкорлик масалаларининг муҳокама этилиши иштирокчи давлатлар учун алоҳида аҳамиятга эга. Таъкидлаш жоизки, Марказий Осиё ва араб давлатлари ўртасидаги муносабатларнинг бугунги даражаси ҳақиқатан сезиларли суръатда ўсиб бормоқда.

Саммитда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёв нутқ сўзлади. У ўз нутқида икки минтақа халқлари ўртасидаги муносабатларнинг узоқ тарихига эътибор қаратиб, муштарак қадрият ва анъаналар, муқаддас ислом дини бирлаштирувчи омиллар эканини алоҳида таъкидлади.

Ҳозирги вазиятга баҳо берар экан, мамлакатимиз раҳбари Марказий Осиё ва Кўрфаз давлатларини ўзаро ишончли ва узоқ муддатли ҳамкор сифатида қараётганини қайд этди.

Президентимиз ўз нутқида минтақалараро алоқаларни янада кенгайтириш бўйича 5 та йўналишда муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари сурди. Биринчиси – сиёсий соҳада кенг қамровли алоқаларни турли форматларда ривожлантириш; иккинчи йўналиш – юқори технологиялар ва инвестициялар соҳасидаги ҳамкорлик; учинчи йўналиш – савдо ва транспорт боғлиқлигини кучайтириш; тўртинчи йўналиш – экология ва иқлим ўзгаришлари масаласи ва бешинчи йўналиш – туризм соҳаси, яъни Кўрфаздан Марказий Осиёга сайёҳлар сонини кўпайтириш мақсадида бу давлатлар аҳолисига визасиз тартибни жорий этиш.

Президент 2024 йилда Ислом дунёси туризм пойтахти, деб эълон қилинган Хива шаҳрида минтақаларимиз етакчи сайёҳлик операторлари форумини ўтказишни таклиф қилди.

Шу билан бирга, иштирокчиларни Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида дунёда кузатилаётган исломофобия ҳолатларига қарши биргаликда курашишга даъват этди.

Ўзбекистон Президенти бу гал ҳам Афғонис­тонда тинчликка эришиш масаласига тўхталиб, “Бизнинг минтақаларимиз ташаббускор бўлиб, катта-катта минбарлардан Афғонистон муаммоларига бутун дунё эътиборини жалб этишимиз, афғон халқининг ҳаётини енгил қилишга муносиб ҳисса қўшишимиз керак”, деб алоҳида таъкидлади.

Сўзининг якунида мамлакатимиз раҳбари бугунги тарихий саммит натижалари, албатта, Марказий Осиё ва Кўрфаз минтақалари ўртасидаги кўп қиррали алоқаларни мутлақо янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Олий даражадаги саммит якунида давлатлар етакчиларининг Қўшма баёноти қабул қилинди.

Саммит иштирокчилари Ўзбекистон Респуб­ликасининг “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” форматидаги навбатдаги олий даражадаги учрашувини Самарқанд шаҳрида ўтказиш таклифини қўллаб-қувватладилар.

Умуман, “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” биринчи саммити ниҳоятда самарали бўлди. Мазкур мулоқот форматининг йўлга қўйилиши Марказий Осиё мамлакатлари ва Араб давлатлари ўртасидаги алоқаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнаши шубҳасиздир. 

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 

Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раисининг ўринбосари

Tegishli xabarlar

МИЛЛИЙ АРМИЯМИЗ — ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ МУСТАҲКАМ ҚАЛҚОНИ

admin

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ КЎРФАЗ АРАБ ДАВЛАТЛАРИ – МАРКАЗИЙ ОСИЁ ОЛИЙ ДАРАЖАДАГИ БИРИНЧИ САММИТИДАГИ НУТҚИ

admin

Қани бизнинг Қаҳрамонлар?

admin