ADOLAT 24

ЛОҚАЙДЛИК ҚАЧОНГАЧА?

Мен талабаман, шу билан бирга фахр билан юртим келажагиман, десам муболаға бўлмайди. Мени бир савол қийнайди: биз бепарволикка мубтало бўлмадикми? Кимнидир, ниманидир айб­ламоқчи эмасман. Эртамиз улуғ бўлиши учун ҳар бир инсон фақат ўзини эмас, жамият эртасини ҳам қайғуриши керак, деб ўйлайман. Биз келажак авлодга, фарзандларга ташлаб кетилаётган тарихни ҳаққоний ўрганаяпмизми, бугунги ва келажак ҳаётимиз илдизларига сепилаётган дорини тўғри танлаяпмизми?

Илгарилари боболаримиз ойнаи жаҳон орқали нималарни томоша қилишган? “Ўтган кунлар”, “Шум бола” асарларини қўлма-қўл олиб, такрор ва так­рор мутолаа қилиб, киноларини томоша қилишган. Биз-чи? Биз экранларимизда қайнонанинг разиллиги, келининг муғомбирлиги, эрнинг хиёнати, сингилнинг ҳийла-найрангларидан бошқа нималарни кўраяпмиз? Тасаввур қилинг, биз ҳозир ўзимизнинг аждодларимиз, боболаримиз, фидойилик­лари билан фахрланамиз. Аммо келажакда бизнинг фарзандларимиз кимлар билан фахрланишар экан? Тўғри, улар Соҳибқирон Темурнинг жанг­ларини, жадидлар бошига тушган азобларни, мус­тақиллик учун курашганларни эслашар, аммо бизга келганда нимани ёдга олишади? Эр хиёнати учун ўзининг ва фарзандларининг ҳаётига зомин бўлаётганларними? Пул учун ўз имонидан кечаётганларними? На исломга, на имонга тўғри келмаса ҳам, ўз опасининг эри билан никоҳдан ўтаётганларними? Бундай воқеаларни телеканалларимиздаги “Синглим”, “Интиқом алангаси” каби сериалларда неча ойдирки, томоша қилаяпмиз. Биз улардан қандай маънавий озуқа олаяпмиз? Аксинча, кўпхотинликни, юзсизликни, қасос олиш илинжида норасидаларни ҳам ўлдиришни, қасос­корликни ўрганмаяпмиз­ми? Бу каби сериаллар жамиятимизга ушбу иллатларнинг кириб келиши йўлида хизмат қилаяпти-ку? Тўғри, замон ва вақтда айб йўқ, аммо ундаги муҳитни биз яратамиз. Биз ва бизнинг фарзандларимиз маданиятни, маърифатни қаердан ўрганамиз – шу бемаъни сериалларданми? Уларни назорат қиладиган бирон ташкилот борми? Биз ойнаи жаҳон, матбуот, радио, олий таълимдаги дарслар, ахборотлар алмашинуви, машҳурлар ҳаётидан ўрнак оламиз-ку! Шундай экан, нима учун кўз олдимиздаги бу маънавиятсизликка қарши курашмаяпмиз? Воқеалар ривожидаги ноҳақлик ғалабасини кўриб қанча асабийлашсак ҳам нега бу сериалларни томоша қилиб ўтираверамиз?

Ахир булар бизнинг маънавиятимизга, қонимизга кириб келаётган афюн кабидир. Улар ёшларнинг дунёқарашини бузиб, маънавиятини балчиққа булғаяпти-ку? Аммо бу борада томошабинлар ҳам, масъуллар ҳам жим. Телеканал масъуллари эса рейтинг учун кураш олиб боришади. Рейтингимизни ушлаб турсак бас, дейишади. Афсуски, шу рейтингни кўтараётган сериаллар на қадриятларимизга, на одоб-ахлоқ нормаларимизга тўғри келмаётганлиги борасида ўйлаб ҳам кўришмайди.

Биз маънавият гулханининг зарраларимиз, биз ўчмоғимиз эмас, аксинча, ёнмоғимиз, ёндирмоғимиз зарур. Зеро, биз 12 ёшида тахтга ўтирган Бобурнинг авлодимиз, қалам ила дунёни забт етган Навоийнинг невараларимиз. Бугун мен лоқайд бўлсам, эртага сиз лоқайд бўлсангиз, бу муаммо, бу мавзулар қачон кўриб чиқилади? Ойнаи жаҳонга боқ, нимани кўряпсан? Уларга қарши қачон бонг урамиз? Биз кўраётган киноларда аёлнинг хиёнатини, очиқ-сочиқ кийимлару беҳаё таналарни кўряпмиз. Биз қайси йўл билан тарбия олаяпмиз ўзи?

Автобусда кетаётсам, эндигина тили чиқаётган болакай онасига бармоқларини кўрсатиб, “Мен иккита хотин оламан”, дейди. Онаси ҳам кулиб, кимни оласан, деса, икки опа-сингил қўшниларининг номини чала-чулпа айтади. Она хурсанд бўлиб кулади. “Телевизордаги сериални томоша қилади-да бу”, дейди. Ичимда, астағфуруллоҳ, дейман. Боланинг бу гапидан қувонманг, онажон, аксинча, ташвиш­ланинг… дегим келади.

Буларнинг бари хамир учидан бир патир. Сизга оддий туюлаётган ҳар бир ҳодиса, қачондир энг муҳим ва ҳаёт-мамот масаласига айланиши мумкин. Жалолиддин Румийнинг бир сўзи бор. “Ҳатто шахматдаги оддий пиёда ҳам, чекинмасдан охиригача юрса, вазирга айланур”, бежизга бу мис­рани ёдга олмадим. Кимлардир танқиддан қўрқади, кимлардир ошкор этишдан. Бизнинг энг катта гуноҳимиз – биламиз, лекин айтолмаймиз, ҳис этамиз, аммо кўрсатолмаймиз, эшитамиз, аммо ўзимизни англамагандек кўрсатамиз. Азизлар, келинг, барчамиз жамиятни қусурлардан ўз вақтида тозалайлик. Қадриятларимизни сақлаб қолишга интилайлик!

Муниса АҲМЕДЖОНОВА,

Бухоро давлат университети журналистика йўналиши талабаси

Tegishli xabarlar

ТАРИХИЙ САММИТ: ЎЗАРО МАНФААТЛИ ҲАМКОРЛИКНИ КЕНГАЙТИРИШГА БЎЛГАН УМУМИЙ ИНТИЛИШЛАР МАЙДОНИ

admin

Муносабатлар изчил ривожланмоқда

admin

Олий Мажлис палаталари ва Сиёсий Партияларнинг роли янада оширилади

admin