ADOLAT 24

Таҳририятдан:

Дарҳақиқат, кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда аёлларнинг турмуш ўртоғига жаҳл қилиб, фарзандларини калтаклаётган, азоблаётган ҳолатлари акс этган тасвирлар кўпайиб бормоқда. Шу жумладан, юқоридаги мақолада ҳам шу мавзу кўтарилган. Бу видеотасвирларни кўрганлар эса аёлларни тошбағирликда айблашаяпти, ҳатто оналикдан маҳрум қилиш масаласини ҳам ўртага ташлашаяпти. Биз ҳам оналарнинг бундай қаҳри қаттиқлигини, Аллоҳнинг улуғ неъмати бўлмиш болажонларга қилаётган жабр-зулмини оқлаш фикридан мутлақо йироқмиз. Аммо танганинг икки томони бўлганидек, бу ҳолатга ҳам адолат билан ёндашмоқ лозим назаримизда. Шу ўринда онанинг ўз-ўзидан бундай разилликка бориши мумкин эмаслиги, бу қадар тушкунликка тушишига сабаб бўлган ҳолатлар ҳақида бир ўйлаб кўрайлик. 

Бир мушоҳада қилайлик-чи, турмуш ўртоғи хорижда ишлаб, фарзандлари таъминотини қилиб, уларни ҳеч нарсага зориқтирмай, шу билан бирга хотинига ҳам, болаларига ҳам меҳру-муҳаббатини, соғинчини ҳис қилдириб турган қайси эркакнинг аёли шундай разилликка қўл уради? Биз аёлнинг фарзанди ва ҳатто ўз жонига қасд қилувчи омиллар ҳақида, бунда оилабоши, суянган тоғи бўлмиш эркакнинг ўрни, тўғрироғи, “ҳиссаси” қанчалик эканлиги борасида ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Қишлоқларимизда ҳеч қаерда ишламайдиган, на олий маълумоти, на ҳунари бўлмаган жуфти ҳалолига уч-тўрт нафар болаларини, ҳатто кекса ва касал ота-онасини ҳам омонат қолдириб, бир ойда сизларга катта-катта пул юбора бошлайман, дея қоп-қоп ваъдалар бериб, ишлаш, оила тебратиш илинжида чет элга кетиб, кейинчалик бир-икки марта пул юборгач, йиллаб дом-дараксиз кетган ва “бошқа оила қурдим”, деган хабар юборган қанча эркаклар ҳақида эшитганимиз, гувоҳи бўлганимиз рост. 

Аслида ҳеч қайси она ўз боласининг, жигаргўшасининг оёғига тикан кирса чидай олмайди. Балки уларнинг қорнини тўйдириш имкони қолмагач, иқтисодий қийинчиликлар олдида чорасиз қолиб, на иш, на пул тополмагач, сўнгги чора сифатида, шояд болаларни азоблаётганимни эрим кўрса, уларга раҳми келиб уйга қайтар ёки маблағ юборар, деган хом хаёлда шафқатсизликка қўл уришга мажбур бўлаётгандир? Тасвирни эрига жўнатгач, бу қилмиши маънавий қашшоқлик, илмсизлик, ноҳақлик эканини анг­ласа ҳам боласига озор етказгани учун ўзидан нафратланиб, боласини қучоқлаб, зор-зор йиғлагандир… 

Ҳар қандай ҳолатда ҳам боласини урмаслиги керак эди, норасида болада нима айб, дегувчилар топилади. Тўғри, бу ҳолат аёлнинг ўз қарашларига ўралиб қолганию дунёқарашининг ҳаминқадарлигидан, сўнгги чора сифатида золимлик қилаётганидан, чора излаётганидан дейиш мумкин. Аммо бировнинг бошидан ўтганини биров билмайди, дастурхони тўла ноз-неъматни тановвул қилиб, кекириб ўтирган одам, ош-овқат сўраб мўлтиллаб турган болаларига нима беришини билмай азобланаётган аёлнинг аҳволини қандай тушунсин?

Бу узоқ давом этадиган, муҳокамаларга сабаб бўладиган мавзу. Нима бўлганда ҳам умр йўлдошидан меҳр кўрган, иқтисодий таъминланган бахтли аёл бундай шафқатсизлик, бераҳмлик қилмайди, қила олмайди ҳам. Шу ўринда оиласини, болаларини – қоракўзларини ночор аҳволда қолдириб, юртидан йироқда оталик, эрлик масъулиятини унутиб, аҳли аёлини чорасиз аҳволга солиб, айш-ишратга берилган баъзи эркакларга сизнинг ғурурингиз, ор-номусингиз қаерда қолди, дегимиз келади. Сиз қаерда бўлсангиз ҳам ўзбекнинг шаъни, ғурури, қадриятлари қалбингизда бўлиши лозим. Ўзбекнинг марди асло ўз жуфти ҳалолини, зурриёдларини ночорлик ботқоғига ташлаб қўймайди. Аёлнинг ўз ҳаддидан ошишига, меҳрибон онадан ваҳший, золимга айланишига айнан сиз сабабчисиз оиласини аросатда қолдираётган эркаклар! Фарзандларингизнинг азобланишида, моддий таьминотсиз қолишида ҳам айнан сизнинг ҳам ҳиссангиз катта!.. 

Сиз нима дейсиз, азиз муштарий?

Tegishli xabarlar

Ҳикмат

admin

Ҳудуд ободлиги — юрт ободлиги 

admin

ОЗИҚ-ОВҚАТ МАҲСУЛОТЛАРИ ТАЪМИНОТИНИ ЯХШИЛАШ ЧОРАЛАРИ КЎРИЛДИ

admin