ADOLAT 24

Ота, сизга из бўлгим келди…

Устоз деганда тафаккуримизда бизни бу ҳаёт уммонининг беаёв тўлқинларига қарши мардонавор туришни ўргатган, оламни танитган, унинг турфа рангларига ошно этган, юрар йўлларимизда бизга суянч ва таянч бўлган улуғ зот гавдаланади. Бахтим шулки ва минг шукрки, тақдир мени ана шундай буюк Устоз билан сийлади. У – менинг Отамдир! Камтарликни, ҳалолликни, самимиятни вужудимга сингдирган, илм ва ижод ишқини юрагимга жо айлаган, бу эзгу йўлдаги машаққатларга чидам билан бардош бериш илмини ўргатган Отамнинг олдида ҳамиша таъзимдаман!

Бугун фахр билан айта оламанки, ўзбек журналистикасининг ривожида отамнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Журналистнинг нигоҳи ҳам, қалами ҳам ўткир бўлиши лозимлигини, у эртани кўра олишини, жамиятнинг дарди билан яшаши зарурлигини мен отам тимсолида кўрганман. Отам бош муҳаррир бўлган “Хоразм ҳақиқати” газетаси даврнинг ижтимоий муаммоларини бонг уриб кўтарувчи мақолалари билан халқимизнинг орасига чуқур кириб борган эди. Орол муаммоси бутун дунё эътиборини тортаётган, унинг ҳудудида яшовчи аҳолининг саломатлигини муҳофаза қилиш кун тартибига чиққан бир даврда воҳа табиатининг кескин ёмонлашуви ва унинг салбий оқибатлари ҳақидаги чиқишлар сабабли газета ўта халқчиллик касб этган эди. Воҳада азим гужум дарахтларига қурт тушиб, уларнинг ёппасига қуриётгани, тўқайзорларнинг йўқолиб бораётгани ҳақида отам бизга ҳам гапириб берарди. Ва “буларни ёзмасак бўлмайди, газетага бермасак бўлмайди”, дерди куйиниб. Одамларда ҳам газета билан ҳамнафас бўлиб яшаш кайфияти пайдо бўлган эди. Мен тез-тез таҳририятга бориб турардим. Хатлар бўлимидаги мактублар уюмини кўриб, таажжубланардим. Уларнинг ҳар бирига жавоб ёзиш учун қанча вақт керак бўларкин, деб ўйлардим. Баъзан эса одамларнинг ўзлари бош муҳаррирнинг ўзи билан кўришиб, муаммоларига ечим топиш учун олис ҳудудлардан ҳам келишарди. Отам уларни жон дили билан эшитиб, айрим муаммоларни шу ернинг ўзида ҳал қилсалар, айримларини газета саҳифаларида ёритиб, кенг жамоатчиликни мулоҳазага чорлардилар. Эсимда, айниқса, газета чиқадиган куни жуда кеч, ҳорғин кириб келарди. У вақтда газета ҳафтасига беш марта чоп этиларди. Бу жуда катта минбар эди! Бу минбарда туриб муносиб сўз айтиш, халқнинг дилидан жой олиш эса, табиийки, журналистнинг фидойи жони, бедор юраги эвазига рўй беради. “Биз газетанинг нонини еб катта бўлганмиз!” дейман ҳар гал ифтихор билан! Бу ноннинг таъми жуда ширин ва ҳаётбахшдир! Отамнинг жуда кўп­лаб шогирдлари бор, ўша пайт­ларда меҳр билан парвариш қилинган ниҳоллар бугун муаззам дарахт бўлиб, юртимизга салқин сояларини ташлаб турибди. 

Менинг илм ва ижод оламига қадам қўйишим ҳам отамнинг зукко эътибори туфайли бўлган.

Илк шеъримни 1985 йилда, отамнинг 50 ёшлик юбилейига туҳфа сифатида ёзганлигимни ҳамон дилда ҳаяжон билан эслайман. Шеърни эрталаб тортиниб қўлларига тутдим. Отамнинг кўзлари қувончдан яшнаб кетди! “Қачондан бери ёзяпсан?”. Илк саволлари шу бўлди. “Биринчи марта ёзишим”, дедим ийманиб. “Раҳмат, қизим, шеър билан сени ҳам табриклайман” деди. Кечки пайт ҳамма йиғилиб, таомлар тортилгач, назму навога навбат келганида отам уни меҳмонларга баланд овозда ўқиб берди. “Бугун қизим менга шеър совға қилди. Эҳтимол, бу шунчаки қораламадир, эҳтимол, ундан шоир чиқмас, муҳими, у қўлига қалам тутибди. Мен шундан жуда хурсанд бўлдим. Бу қувончимни сиз билан баҳам кўришни жуда истадим”, деди. Мен эшик орқасида туриб, ҳаяжон билан эшитиб турганларим ҳамон эсимда. Унутиб бўлмайди у лаҳзаларни!

Эртасига отам мени “Хоразм ҳақиқати” газетаси таҳририятига олиб борди. Хоналарига ҳая­жон билан кирдим. Газеталарнинг тоғдай қатлами бу хонага ўзгача салобат бағишлагандай эди. Газета қошида ташкил этилган ёш ижодкорларнинг “Ёғду” тўгараги раҳбари шоира Уллибиби Отаевани (Оллоҳ у кишини ўз раҳматига олган бўлсин) котиба қиз дарров чақириб келди. “Уллибиби, қизим Сайёра кеча менга шеър совға қилди. У ёза бошлабди. Бир кўринг. Балки, сафимизга қўшилар”, деди. Уллибиби опа мени ўзлари билан хоналарига олиб кирди. Яқиндан танишдик. Тўгарак ҳақида гапириб берди. Машғулотларга қатнай бош­ладим. Янги ёзилган шеърлар муҳокамаси, мушоиралар мени ижод оламининг домига торта бошлади… Шу-шу мен бу оламнинг Сўз харидорига айландим. Мендан ҳам кўп отам хурсанд бўларди. “Издошимсан, ўз устингда кўп ишла, кўп ўқи” дерди бот-бот. Фахр билан шундай ёзгандим: 

Ота, Сизга из бўлгим келар,

Сизга ёруғ юз бўлгим келар.

Сиз тоғимсиз, бошпаноҳимсиз,

Пойингизга тиз бўлгим келар!

Давраларда навбат берсалар,

Нафасларим ўтли келсалар,

Самандарнинг қизи десалар,

Сизга кўрар кўз бўлгим келар!

Саъдий Шерозий ёзади: “Дарёга бормагил дедим-ку, охир, бордингми, ўзингни дарёга топшир!”. Мен билиб-билмай дарёга бориб, унга ўзимни топширганимга ҳам, мана, 40 йилга яқин бўлибди. Устозни алқаш, унга дил изҳорини билдириш учун бирон байрамни кутиш шарт эмас. Яратганнинг ҳар бир куни ғанимат. Бир кечада отамга табрик ўлароқ ёзилган шеърда учқун кўриб, қўлларимдан маҳкам тутиб, мени адабиётнинг гўзал оламига олиб кирган, 88 ёшни бўйлаган Отажоним, устозим, шоир, ёзувчи, драматург, Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган журналист, “Дўстлик” ордени соҳиби Эркин Самандарга мус­тақил, озод ва обод юртда ўтаётган ҳар бир кунимиз байрамдан ҳам аъло, дея шукроналик билан ушбу мис­ралар орқали чуқур эҳтиромимни изҳор этаман. 

Ота, менинг кўзимда сизнинг кўз нурингиз бор,

Дилимда саботингиз, бардош, сурурингиз бор.

Бу елкамни тоғдан-да баланд кўтариб турган

Сизнинг қутлуғ шаънингиз, номус, ғурурингиз бор.

 Сўз айтар бўлсам агар, бутундирман, омонман, 

 Сўз айтар бўлсам агар, ўз руҳимга посбонман.

 Қайтмай турса гар дами қаламимнинг, ё Оллоҳ,

 Сўз айтар бўлсам агар, қадди баланд, осмонман.

Билдим, жаннат онамнинг оёқлари остида,

Хокисорим, ғамгусорим онам, гапнинг рости-да.

Ва билдимки, осон эмас жаннат пойига етмоқ,

Ота, билдим, жаннатга йўл ризонгизнинг устида!

Бу йўл узра аста қадам ташлаб бораман масрур,

Сўз либосин устга ёпиб бошдан-оёғим довур.

Товонимга тикан кирса, қаламим билан олиб,

Самандардай оловлардан омон чиқаман мағрур!

Иссиққина нафасингиз оламимни қиздирур,

Тақдир мени Сиздай Устоз илгига берди, шукур.

Мен – энг гўзал шеърингизман,

Мен – худ Сизнинг ўзингиз,

Ота, Сизга бари учун минг бор қуллуқ, ташаккур!

Шогирди аржумандингиз, 

Сайёра САМАНДАР,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, 

филология фанлари номзоди, доцент

Tegishli xabarlar

Солиқчиларнинг “солиғи” қимматга тушди

admin

Ибратли воқеа

admin

Марказий Осиё минтақасининг гуллаб-яшнаши йўлидаги муҳим ташаббуслар

admin