ADOLAT 24

ФАҚАТ, онангга ўхшама,  ҚИЗИМ!

Азал-азалдан юртимизда аёл номи эъзозланиб, қадри улуғланади. Айниқса, ўзбек хотин-қизларининг ибо-ҳаёси, болажонлиги, оилаварпарлиги, сабр-тоқатига кўп халқлар лол қолгани рост. Ота-онасиз ҳовли ғариб бўлганидек, фарзандсиз, боласиз уй ҳам файзсиз, нурсиз эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз. 

Ўзи емай, ўзи киймай, боласига илинган, боласи туғилганиданоқ улкан орзулар қучоғида яхши ниятлар билан елиб-югурган, бир умр тер тўкиб, боласи бахти, хурсандчилиги учун халққа ош берган ҳам бизнинг ҳотамтой халқимиз ҳисобланади. Оилада “Ота подшо бўлса, унинг доно вазири аёл”, “Эркак бош бўлса, аёл бўйиндир, бўйин қайси томонга қайрилса, бош ҳам ўша томонга қарайди”, деган гаплар беҳуда айтилмаган. Бу жамиятда, оилада ақлли аёлларнинг ўрни жуда муҳим деганидир. Ота кўчанинг одами, она уйдаги фарзандлар тарбиясига масъулдир. Оилада она тарбияланган, китоб ўқиган, маънавият-маърифат нурлари билан зийнатланган бўлса, бундай оилада ўсган йигит-қизларнинг кўзларида ўзига, келажакка ишонч нурлари чақнаб туради. Аксинча бўлса-чи? Онанинг ўзида тарбия бўлмаса-чи? Яъни, қўли муштга, калтакка югурик бўлса, бу хонадондаги муҳитнинг носоғломлиги туфайли фарзандлар кўзларида мунгни кўрасиз. Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда ҳам ана шундай маънавиятсиз, саводсиз аёлнинг фарзандларига муносабати, бераётган тарбияси, озори борасидаги воқеаларни кетма-кет учратаётганимиз ачинарлидир. 

Яқинда яна шундай тасвирлардан бирига кўзим тушди: ота-онасининг муносабатини тушунмайдиган, дунёдаги ҳар бир нарсага ҳайрат ва қувонч билан боқаётган маъсумгина гўдакни юзларига шапалоқ билан уриб, чимчилаб, азоблаётганини тасвирга олиб, у орқали турмуш ўртоғига мурожаат қилиб, “Сен келмасанг ёки пул юбормасанг болаларингни бундан ҳам баттар қиламан. Ўлдираман, қандай калтаклаётганимни томоша қил”, деб қизалоғини ураётган онанинг ваҳшийлигига чидаб туролмадим. Тўғриси, бу тасвирларни охиригача кўришга юрагим дош бермади, дарҳол компьютеримни ўчирдим. Мен-ку шу билан ижтимоий тармоқдан узилдим, таъбир жоиз бўлса бундай ваҳшийликни кўриб, дилимни вайрон қилишдан қутилдим. Аммо менга бир нарса ҳеч тинчлик бермаяпти: у норасидани онасининг бағри тошлигидан жони оғриётганини, чинқириб йиғлаётганини кўрган, оиласини, фарзандларини боқиш учун ўз уйидан, юртидан йироқда, мусофирчиликнинг аччиқ машаққатларини тотиб, ит ётиш, мирза туриш қилиб яшаб, қора меҳнат қилаётган, бир сўм пул топса ўзи еб-ичмай хотинига жўнатаётган отаси қай аҳволга тушди экан? Ўзи бирон жойда ишламайдиган, маблағ топмайдиган, аммо пешона тери билан оила судраётган жуфти-ҳалолини рағбатлантириш, ширин сўзлар билан кўнглини кўтариш, болаларини ювиб-тараб, чиройли тарбиялаётганини намойиш этиб, илҳомлантириш ўрнига ишдан қўлини совутиб, кўнг­лини чўктириб, қалбидаги ҳаловатини ўғирлаётган аёллар она деган номга лойиқми?! 

Тўғри, ҳар бир оилада тушунмовчилик, ўзаро низолар бўлиб туриши ва буни ота-боболаримиз: “Эр-хотиннинг уриши, дока рўмолнинг қуриши”, дея таърифлаши бежиз эмас. Бу эр-хотинга қарата оиладаги жанжалингни бировга билдирма, деганидир. Шу билан бирга фарзандларинг олдида тортишма, бир-бирингга овозингни баландлама, айтишма”, деб насиҳат қилишади. Митти гулғунчаларни аямай калтаклаётган она, қизалоқларига эшиттириб, “Қизларингиз сизга керак эмасми, менга ҳам керак эмас”, деб турмуш ўртоғига бақираётганини эшитган болаларининг қалбида бу гап бир умр муҳрланмадимикан? Бу фарзанднинг қалбида отасига нисбатан нафрат, онасига нисбатан меҳрсизлик уруғлари ниш отмаслигига ким кафолат бера олади? 

Бундай аёлларга нисбатан нафратим ошар экан, ўша онанинг фарзанди бўлган қизалоқларга меҳрим ошади ва айтар сўзларим тилимдан учади: “Кўзлари қўрқувга, мунгга, қароғлари ёшга тўлган, болажон, бу дунё аслида жуда чиройли, бетакрор, унда сенинг бахтга, шодликка тўла келажагинг, бахтиёрлигинг бор. Бир куни сен меҳр ғунча очган оиланинг маликаси, бекаси бўласан. Илмга, китоб ўқишга интил, маънавиятли фарзандлар тарбияла. Фақат, онангга ўхшама, қизим!..”

Азиза БОЙМУРОДОВА,

халқ депутатлари Каттақўрғон туман Кенгаши депутати

Tegishli xabarlar

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН КЕЛАЖАГИ баркамол ёшлар, малакали кадрлар зиммасида

admin

Ижтимоий давлатнинг муҳим шарти ва талаби янгиланаётган Конституциямизда акс эттирилади

admin

Меҳри БЕКЖОНОВА: “Таниқли бўлиш осон, суюкли бўлиш қийин”

admin