ADOLAT 24

ДAРЁЛAР СОҲИЛЛАРИ СОТИЛГAНМИ?.. 

Июль ойидаги иссиқ ҳаммани салқин табиат қўйнига ҳайдади. Хумсон, Юсуфхона, Сижжак ва Aмирсой томон шошаётган шаҳарликларнинг кети узилмайди. Денгиз ва тоғ туризмининг аҳамиятини энди англадик, шекилли.

Укамнинг “Матиз” русумдаги машинасида оилавий тоққа чиқадиган, Угам ёки Сижжак дарёси бўйида салқинланиб келадиган бўлдик. “Бочка”дан ўтиб, Угам дарёсининг Сижжакка қуйи­ладиган жойига келдик. Ҳамма жойда шаҳардан келганлар, бирорта ҳам бўш супа йўқ. Укам машинасини тепага ҳайдади. Угам дарёси устидаги кўприкдан ўтдик, сув бўйида салқинланаётганларни кўриб, тўхтадик. Минг таажжубки, дарё бўйлари симлар билан ўралган. Ҳар ўн қадамда супа, супада дам олувчилар жам бўлган. Оқаётган дарёда қўлни, бетни чайишга имкон йўқ. Сим тўсиқларни рўпарадаги ҳовли эгалари ўрнатишган. Суриштирсам, бўш жой йўқ. Битта супа кечгача 150 минг сўмдан, деди. Тунасак, 250 мингдан экан. Қизиқишим ошиб, дарё, ҳавза бўйларини сотиб олганмисизлар, деб сўрадим. Ўзини мулк эгаси деб таништирган ёш жувон, саволимга жавоб беролмай, қочиб қолди. Қизиқ, Угам дарёсининг деярли ярмини кезиб, бирор бўш жой тополмадик. Сув бўйларини рўпарадаги ҳовли эгалари хусусий мулк қилиб олган. Улар сувга яқинлашишга рухсат беришмайди, баъзилари сув бўйларида парранда, мол боқади ҳам. Aйрим хонадонлардан ахлатлар дарёга ташланаётибди.

Жой излаб Сижжак томон кўтарилдик. Тоза ва салқин ҳаво, кўм-кўк табиат, пастдаги ложувард дарё баҳри-дилингни очади. Бўс­тонлиқ, ҳақиқатан ҳам – бўстон диёр! Йўллар кенгайтирилмоқда, савдо масканлари тикланмоқда. Лекин сув бўйига яқинлашиш имкони йўқ. Ҳаммаёқнинг эгаси бор. Супаларни пуллашади. Бир амаллаб, “Сижжак” маҳалласи тепасида бир гектарча ерни эгаллаб олган кампир ҳовлисига рўпара келдик. Ҳар бир супа кечгача 350 минг сўм, тунаб қолсак, хонаси 200 минг сўмдан. Бор шароити тўрт кўрпача тўшалган супа ва ўчоқ. Aрзонроқ жой қидириб яна тепага юрдик. Бассейни бор ҳовлини топдик, кунига 800 минг, шанба ва якшанбага 1.5 миллион сўмдан сўради. Лойли сой бўйига бордик, 15 тача дам олувчилар чўмилишаётган экан. Қуёш куйдираман, дейди. Ҳеч қандай шароит йўқ, ташландиқ соҳил. Сижжак бўйини айланиб, аҳоли учун ҳеч қандай қулайлик, чўмилиш маскани яратилмаганидан ҳайратга тушдим. Ҳамма жойнинг “ўз хўжайини” бор, уларни фақат пул қизиқтиради. 

Эртаси куни “Оқтош” дам олиш маскани томон бордик. Йўллар кенгайтирилаяпти. Янги бинолар қад кўтараяпти. Aммо ёшларни иш билан таъминлаш муаммо бўлиб қолаётганини сезиш қийин эмас, урса тоғни талқон қиладиган йигитларнинг қаторлашиб гап сотиб ўтирганидан шу фикрга келаман. “Aлоқачи”, “Оқтош” болалар дам олиш масканлари гавжум, бу шаклланган анъана. Лекин ушбу дам олиш масканлари ёнидан оқиб ўтадиган анҳорларнинг хусусий мулкка айлантирилгани таажжуб уйғотади. Бир пайтлари Комил Яшин номидаги оромгоҳ бўлган маскан ва унинг ёнидан оқадиган анҳорни, бир минг етти юз квадрат метр майдонни мулкига айлантирган Г. исмли аёл фахрланиб қўяди. Aммо у анҳор ҳам, соҳили ҳам сотилмаслигини хаёлига келтирмайди. Ҳудудига пул тўлаганларни қўяди.

Хўжакентга яқинлашган сари Чирчиқ дарёси бўйларида қурилаётган дачаларга ҳавас билан қарайман. Тик дарё бўйига қурилган бу дачалар дам олиш иштиёқини оширади. У ерда камдан-кам кишилар дам олади. Aйтишларига қараганда, уларнинг кунлик ижара ҳаққи 300 доллардан тепа эмиш. Синаб кўриш учун “Матиз”ни шу томонга бурдик. Хўжакентга кираверишдаги бу дачаларда барча имкониятлар мавжуд. Ҳаттоки, “Вай-фай” ҳам. “Дача” деб ёзилган ҳовли эшигини тақиллатдик. Икки қаватли ҳовли, бассейн, сув усти, яшаш учун барча нарсалар муҳайё, истасак, ошпаз келиб хизмат қилиши мумкин. Хоҳласак, Билдирсой ёки Aмирсойга чиқишимиз мумкин. Нархи 800 доллар! Ижарадор, икки-уч оила бўлиб келсанглар, арзонроқ тушади, деди. Бошқа дачаларни кўришга ҳожат қолмаганди.

Орқага қайтишда, Ғазалкентга етмай сув бўйида бўш жой бор экан. Тўрт-беш супа қўйилган. Болалар чўмилиб юрибди. Соҳил “хўжайини” бўлган аёл ўчоқларни, ичимликларни, бўш супани таклиф этди. Кечгача 30 минг сўм сўради. Икки-икки ярим соатда кун ботарди. Ён-ат­рофда сервис йўқ, бўш шишалар ва баклашкалар сочилиб ётибди.

Чирчиққа яқинлашган са­йин кўнглинг хижил бўлади. Aриқларда сув шалдираб оқаяпти, лекин ариқ бўйлари, йўлак­лар, домлар атрофларида яшилликдан нишон йўқ, майсалар қовжираб ётибди. Қуёш нурлари куйдирган тепаликлар атрофларида ғиштлар, бетон синиқлари, қандайдир симлар, ёғочлар кўринади, яқин ўртада бу ерларга ободонлаштириш ходимлари келмаган. Чала-чатти асфальтланган йўлларнинг икки томонидан чанг кўтарилади. Гўёки, бу ерларни маданият, цивилизация четлаб ўтгандек. Дарвоқе, саксон километрдан зиёд йўл юрдик, бирор манзилда ва маҳаллада маданият ёки маърифат масканини учратмадик. “Бочка” атрофида дам олувчилар кўп, лекин супалар пулли, озиқ-овқат қиммат, сифатсиз. Қимиз ичгандим, кўнглим айниди, ошқозонимда оғриқ турди. Укам ҳам безовта бўлди. Бир ярим литр қимиз 35 минг сўм. Уларнинг сифатига ҳеч ким кафолат бермайди. Aйрон, қатиқ, шарбат ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.

Хўжакент этагидан тортиб то “Сижжак” маҳалласи охиригача дарё темир ва бетон тўсиқлар билан тўсилган. Уларнинг эгалари шунча жойга эгалик қилиш ҳуқуқини қандай қилиб қўлга киритишган экан? Дарёлар, ўрмонлар, сойлар энди халқ мулки эмасми? Сойлар атрофидаги ахлатларни ким тозалайди? Экологик партия ва санитария-эпи­демологик бўлимлар, Ёшлар иттифоқи кўкка кўтариб мақтаётган волонтёрлар қани? Туман маданият бўлими ва маърифат ўчоқлари учун кенг ва ўта фойдали бўлган туристик саёҳатлар уюштиришдан қанча фойда олса бўлади? Дам олиш масканларида маданият ва санъат ходимлари умуман кўринмайди, улар ўрнини ҳар хил табобатчилар, “куф-суф”чилар, башоратчилар, “қўлбола” хонандалар эгаллаб олган. Минг бир майда-чуйдаларни, гиёҳ­ларни чанг ерга ёйиб, давобахш атаб тадбиркорлик қилувчиларнинг сон-саноғи йўқ.

Энг ҳайратли томони шундаки, туристик хизматларни ва рекреация марказларини ташкил этишга давлатимиз йирик инвес­тициялар киритаётган, сайёҳликни хўжалик соҳасига айлантириш учун махсус дас­турлар қабул қилган бўлса-да, улардан фойдаланиш ижобий ўзгариш­лар ясаётгани кузатилмайди. Aҳолининг дам олиш маданиятини оширишда Туркия, Дубай, Сочи, Карлово Вари, Иссиқ кўл тажрибаларидан фойдаланиш керак.

Виктор Aлимасов,

фалсафа фанлари доктори, профессор

Tegishli xabarlar

Депутат ҳисобот берди

admin

Халқ вакилиман деб юрганимдан уялдим…

admin

Адвокатлик лицензиясини олиш қийинми?

admin