ADOLAT 24

ПРЕЗИДЕНТЛИККА НОМЗОДНИНГ САЙЛОВЧИЛАР БИЛАН УЧРАШУВЛАРИ НИҲОЯСИГА ЕТДИ

Самарқанд вилояти. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Робахон Махмудова Самарқанд вилояти Тайлоқ тумани маданият саройида самарқандлик сайловчилар билан учрашди.

Унда нуронийлар, фаол ёшлар ва хотин-қизлар, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партия аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Тадбирни “Адолат” СДП Самарқанд вилоят кенгаши раиси ўринбосари Асқар Холиқов кириш сўзи билан очиб берди. У ўз нутқида кутилаётган муҳим сиё­сий тадбир – Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти сайловининг келгусида юртимиз равнақи ва фуқароларимиз фаровонлигини таъминлашдаги аҳамиятига атроф­лича тўхталди.

Шундан сўнг номзоднинг бош ишончли вакили Иномжон Қуд­ратов томонидан йиғилганларга номзоднинг таржимаи ҳоли ва фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

Тадбир давомида Президентликка номзод сўзга чиқиб, ўз Сайловолди дастурида белгиланган устувор йўналишлар билан сайловчиларни яқиндан таништирди.

Таъкидланганидек, номзоднинг 9 та устувор йўналишдан иборат Сайловолди дастурида ҳуқуқий давлат қуриш, ижтимоий адолатни ҳамда миллий иқтисодиётимизнинг барқарор ўсишини таъминлаш, илм-фан, инновациялар ва таълим соҳасини барқарор ривожлантириш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва бошқа масалаларга доир таклифлар илгари сурилмоқда.

Жумладан, номзод дастурида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, бу борада, энг аввало, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида қонун устуворлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

– Шу боис, биз судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлашга қаратилган бир қатор таклифларни илгари сурмоқдамиз, – деди ўз чиқишида Президентликка номзод Робахон Махмудова. – Ҳаммамизга маълумки, ҳозирда судьяларнинг ўз фаолияти юзасидан маҳаллий Кенгашларда мунтазам равишда ахборот бериш амалиёти мавжуд. Мазкур жараёнда судьялар чиқарган суд қарорлари, айрим пайтларда эса ҳали юритувда бўлган ва ниҳоясига етмаган ишлар бўйича ҳам савол-жавоб қилиш ҳоллари учрайди. Шунга кўра, биз судлар мустақиллигини таъминлаш мақсадида судьяларнинг халқ депутатлари Кенгашларига ахборот бериш амалиётини бекор қилиш таклифини илгари сурмоқдамиз.

Дастурда, шунингдек, мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида изчил ислоҳ қилиш, марказдан узоқ қишлоқларда яшаб, аъло баҳолар билан ўқиган, ота-она қарамоғисиз қолган, кам таъминланган иқтидорли ёшларнинг давлат ҳисобидан олий таълим олишини кафолатлаш таклифлари ҳам илгари сурилаётганлиги таъкидланди. 

Шу билан бир қаторда, фармацевтика ва тиббиёт ходимлари орасидаги яширин келишувларга барҳам бериш юзасидан аниқ таклифларнинг ўртага ташлангани иштирокчиларда номзод дастурига нисбатан катта қизиқиш уйғотди.

Қолаверса, номзод дастуридан ўрин олган ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва бошқа соҳаларга оид ғоя ва мақсадлар тадбир иштирокчиларининг эътибор марказида бўлди.

Учрашувда сўзга чиққанлар номзоднинг Сайловолди дастури борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. 

– Гувоҳи бўлдикки, адолатли жамият ва ҳуқуқий давлат қуришда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш мақсадида, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилияти ҳамда имкониятларини рўёбга чиқаришлари учун шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини сўзсиз таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга доир қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда такомиллаштириш “Адолат” социал-демократик партияси номзоди дастуридаги устувор йўналишларидан биридир, – деди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, Жомбой туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Тозагул Холиқова. – Қолаверса, номзод дастуридан ўрин олган, қонун устуворлигини таъминлаш, адолатли фуқаролик жамиятига асосланган ҳуқуқий-демократик давлат қуриш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаш каби устувор мақсадлар партиямиз ғояларига ҳамоҳангдир.

Шунингдек, номзоднинг дастурида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида хотин-қизлар улушини кўпайтириш каби бир қатор долзарб масалалар илгари сурилмоқда.

 – Мен ёшлар вакили сифатида бугунги учрашувда ўзимга керакли кўп маълумотларга эга бўлдим, – деди Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Самарқанд вилоят ҳудудий бўлинмаси етакчи мутахассиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси Дилнур Аъзамов. – Президентликка номзод Махмудова Робахон Анваровнанинг Сайловолди дастури ҳаётийлиги ва кенг қамровлилиги билан диққатимни тортди.

Биз номзодимизнинг Сайловолди дастурида илгари сурилаётган асосий йўналишга эътибор қаратсак, барча соҳаларда қонун устуворлигини таъминлаш бош вазифа сифатида алоҳида қайд этилганига гувоҳ бўламиз.

Бу бежиз эмас. Чунки қонун устувор бўлган жамиятда тинчлик ва осойишталик ҳукм суради, тараққиётнинг барқарор ва бардавомлиги таъминланади, халқнинг давлат сиёсатига ва келажакка бўлган ишончи ортади, фуқароларнинг Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси юксалади.

– Халқимиз “Адолат” партиясини қонун устуворлиги, адолат тантанаси, инсон ҳуқуқлари, социал-демократик ғояларни илгари сурувчи сиёсий куч сифатида билади. Мамлакат тараққиёти, халқ фаровонлиги, фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштироки партиямизнинг дастурий вазифалари сирасига киради, – деди халқ депутатлари Нуробод туман кенгаши депутати, 73-умумтаълим мактаби директори Баҳриддин Қиличов. – Номзоднинг Сайловолди дастурида илгари сурилаётган мақсад ва вазифалар ҳам партия ғояларига чамбарчас боғлиқ. Шу боис, дастурда илгари сурилаётган адолатли жамият ва ҳуқуқий давлат барпо этишда таълим, илм-фан ва инновацияларнинг аҳамиятини ошириш, таълим ва илм-фан билан шуғулланувчиларни қўллаб-қувватлаш ташаббуси, ўйлайманки, ҳеч бир сайловчини бефарқ қолдирмайди.

Умуман, номзод дастурида ижтимоий-сиёсий ҳаётимизнинг барча жабҳалари қамраб олинган. 

Юқоридагиларни инобатга олиб, Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентлигига Махмудова Робахон Анваровнанинг номзодини қўллаб-қувватлаб, унинг учун овоз беришга чақираман.

Тадбир якунида сайловчиларни қизиқтирган саволларга Президентликка номзод томонидан батафсил жавоблар берилди.

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ ЎТТИЗ БИР ЙИЛЛИК БАЙРАМИГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ ВА УНИ ЮҚОРИ САВИЯДА ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА

admin

“АДОЛАТ”ЧИ АЁЛЛАР ҒАМХЎРЛИКДАН МИННАТДОР

admin

Саудия Арабистонидан ажойиб хушхабар!

admin