ADOLAT 24

Ўзбекистонлик илк ҲУҚУҚШУНОС АЁЛ

Юртимизда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, академик Хадича Сулаймонова номини эшитмаган инсон топилмаса керак. Ўтган асрда ўзбек аёлларидан биринчи бўлиб ҳуқуқшунослик илмини мукаммал эгаллаган бу инсон рес­публикамиз суд-ҳуқуқ тизимида, айниқса, жиноят ҳуқуқи йўналишида ўзига хос мактабга асос солган.

Жорий йилда 110 йиллиги кенг нишонланаётган Хадича Сулаймонова Андижон шаҳрида таваллуд топган. Болалигидан илм-фанга иштиёқи баланд бўлган. Х.Сулаймоновада ҳуқуқшуносликка бўлган меҳр эрта уйғонган. Аввал ҳуқуқий йўналишдаги илмий-тадқиқот инс­титутининг тайёрлов курсида таҳсил олган Хадича кейинчалик Тошкентда эндигина ташкил этилган Жаҳон Обидова номидаги қурилиш ва ҳуқуқ институтининг иккинчи босқичига қабул қилинади. 

Хадича Сулаймонова меҳнат фаолиятини 1935 йилда халқ судьялигидан бошлаб, 1964 йилга қадар Ўзбекистон Олий суди аъзоси, юридик фанлар доктори, профессор, Юридик инс­титут директори, Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси, академик, Адлия вазири, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги юридик комиссия раиси, Олий суд раиси лавозимларида ишлаб, юксак унвонлар билан тақдирланади. Табиийки, олима аёл тоталитар тузум даврида, совет таълим тизими ва сиёсий мафкурасида вояга етган. Шундан келиб чиқиб, “Ўзбекис­тонда Совет жиноят ҳуқуқининг вужудга келиши ва ривожланиши” мавзуида докторлик дессертациясини ёқлаган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Хадича Сулаймонова жиноят ҳуқуқи бўйича ўзбек тилида яратилган биринчи дарслик, 80 дан зиёд илмий-оммабоп рисолалар, давлат ва ҳуқуқ тарихига оид 3 томлик китоблар муаллифидир. Қолаверса, у 1959 йилда Ўзбекистон Жиноят ва Жиноят-процессуал кодекслари, 1961-1963 йилларда эса Фуқаролик ҳамда Фуқаролик-процессуал кодекслари тасдиқланишида ҳам жонбозлик кўрсатган, умуман олганда, Хадича Сулаймонова бизга ва келажак авлодга катта илмий мерос қолдирди. Айни пайтгача амал қилаётган, Хадича опа раҳбарлигида тайёрланган қонунлар, мажмуалар (кодекслар), илмий асарлар ана шу бебаҳо мероснинг бир қисмидир. Бу маънавий-ҳуқуқий мерос унинг ворислари – ёш ҳуқуқшунослар томонидан тарихий, ҳуқуқий маърифат намуналари сифатида ижодий ўзлаштирилиб, кейинги авлодларга етказиб берилмоқда. 

Хадича опа нафақат ҳуқуқшунос олима, балки табиатан камтар, ҳалол, покиза ва фидоий инсон ҳам эди. Шогирдлари ўз халқини севиш ва унга фидойи бўлишни Х.Сулаймоновадан ўрганишган. Чунки у ўзбек миллати учун яшади, халқининг қувончи, дарди-ғамига доимо шерик бўлди.

Афсуски, юртимиздан етишиб чиққан биринчи аёл академикнинг умри қисқа экан. Олима 1965 йилда Тошкент шаҳрида вафот этган.

Албатта, халқимизнинг ҳуқуқий маданиятини оширишда беминнат хизмати сингган олима Х.Сулаймонованинг номи халқимиз учун мўътабар ҳисобланади. Собиқ иттифоқ даврида Ўзбекистон Адлия вазири лавозимида ишлаган олима Мамлакат Восиқова унинг энг яқин шогирди, биринчи аспиранти эди. М.Восиқова устозининг ёш илмий кадрлар тайёрлаш борасидаги жонбозлиги ва ғамхўрлиги тўғрисида шундай дейди: “Профессор X.Сулаймонова ниҳоятда банд бўлишига қарамай, олимлар тайёрлаш ишига ҳамиша вақт топарди. У ҳар бир илмий ходимни ўз фарзандидек тарбияларди. У илтифотли, сезгир, қалби пок инсон эди. Ўзини аямасдан қалб амри билан ишларди”. 

Олима машҳур ҳуқуқшунос сифатида Лондон, София, Қоҳира, Токио, Деҳли, Прага, Коломбода ўтказилган турли илмий анжуманларда сўзга чиқиб, юриспруденция ва оила социологияси муаммолари бўйича чуқур билимга эга эканлигини намойиш қилди. Шуни фахр билан айтиш жоизки, ўзбек миллатининг қатағон қилинган ва номлари ноҳақ қораланган, “халқ душмани” деган тамға остида йўқ қилиб юборилган ёки айбсиз ҳолда озодликдан маҳрум қилинганларни, қонунийлик асосида улар истиқлол курашчилари, ўз миллатининг асл фарзандлари эканлигини амалда исботлашга, уларни батамом оқлашдек шарафли ишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Айниқса, унинг 1956 йилда 1937–1938 йилларда “Катта террор” номи остида қатағон этилганларни реабилитация қилишдаги хизматлари беқиёс.

Ўзбек халқи ва ҳукумати томонидан ҳуқуқшунос олимани эъзоз­лаш ва хотирасини абадийлаштириш мақсадида пойтахтимиздаги марказий кўчалардан бирига, Республика Суд экспертизаси маркази ва илмий тадқиқот институтига унинг номи берилган. 

Хадича Сулаймоновани ҳеч иккиланмай аёлларнинг жамият ва давлат қурилишида, оилада ўз ўрнини топишларида, уларни қўллаб-қувватлашда бошқаларга намуна сифатида кўрсатиш мумкин. 

Хулоса қилиб айтганда, юртимизда фидоий аёллар, эл-юрт равнақи учун сидқидилдан меҳнат қилаётган хотин-қизлар кўп. Истиқлол Хадича Сулаймонова сингари аёлларимиз учун чексиз имкониятлар эшигини очди, билим ва малакаларини ошириш­ларига шарт-шароит яратди, яхшиликлар сари илҳомлантирди.

Зилола ТАЛИПОВА,

Тошкент давлат юридик университети 

Ахборот-ресурс маркази 2-тоифали кутубхоначиси 

Tegishli xabarlar

ФАОЛИЯТИМИЗГА  ДАСТУРИЛАМАЛ  ҲУЖЖАТ

admin

Берунийнинг интеллектуал жасорати:  у бизни вақт ва маконда бирлаштира оладиган кучга эга

admin

Янги йил кечаси

admin