ADOLAT 24

ФАОЛИЯТИМИЗГА  ДАСТУРИЛАМАЛ  ҲУЖЖАТ

Маълумки, жорий йилнинг 26 январь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини белгилаш ҳамда уни жорий йилда амалга ошириш масалалари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керакки, Юртбошимиз ўтган йилги Президент сайловида “Инсон қадри учун”, “Давлат – инсон учун” деган ҳаётбахш ғояларни илгари сурган эди. Уларни амалиётга татбиқ этиш мақсадида, аҳолининг фикр ва таклифлари асосида 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ишлаб чиқилди.

Шубҳасиз, халқимизнинг ривожланган давлатларга хос ҳаёт даражасига эришишига, адолатли, эркин ва фаровон жамият қуришдек улуғ мақсадлари ижобат бўлишига хизмат қиладиган мазкур дастурий ҳужжатда яқин ва ўрта истиқболда мамлакатимизнинг ривожланиш тенденциялари, бу борадаги устувор вазифалар белгилаб олинди. “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосида ислоҳотларнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Тараққиёт стратегияси 7 та устувор йўналиш ва 100 та кенг кўламли мақсадни қамраб олган. Албатта, белгиланган йўналиш­лар бири иккинчисидан муҳимлиги, жамият тараққиётида бемисл аҳамиятга моликлиги билан кишининг эътиборини тортади. Айни пайтда мазкур дастуриламал ҳужжатнинг иккинчи йўналиши кўпроқ диққатимизни тортди. Эътибор беринг, мазкур йўналиш “Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамо­йилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш” дея номланади. Ушбу йўналишда белгилаб қўйил­ган ҳар бир мақсад, ҳар бир банд “Адолат” СДПнинг Сайлов­олди дастури билан ҳамоҳанг эканлиги партиядошларимизнинг, қолаверса, биз, депутатларнинг сайловчиларимиз олдида берган ваъдаларимизни амалиётга татбиқ этишимиз учун берилган катта имконият, десак асло адашмаган бўламиз.    

“Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш”. Нақадар улуғвор вазифа! Нақадар халқпарвар ғоя! Зеро, ҳаммамиз яхши биламиз-англаймиз, фақат асл адолат бор жойда тараққиёт бор, фақат асл адолат устувор жамиятда маънавий ва моддий юксалиш бўлади. Фақат қонун устувор бўлган жамиятдагина фуқаролар келажакка комил ишонч билан яшайдилар. Бундай фавқулодда юксалиш эса биз орзу қилаётган, ишонаётган учинчи Ренессанс ибтидоси бўлиб хизмат қилиши муқаррар! 

Чин дилдан, мамнуният билан эътироф этайлик, йиғилишда Президентимиз мазкур йўналишнинг асл мазмун-моҳиятини, ўқ илдизини, бутун кўламини, аҳамиятини чуқур очиб берди. Чунончи, Юртбошимиз Ўзбекистоннинг “қонун устуворлиги индекси” юқори даражада бўлган давлатлар қаторидан жой олиши олдимизда турган энг асосий вазифалардан бири эканини алоҳида таъкидлади. Дарҳақиқат, адолатнинг ўзаги – қонун устуворлигида, жамиятда қонун барча учун баробарлигида. Қайси ривожланган давлатнинг тарихига ёки бугунги кунига назар ташламанг, албатта, жамият амалдаги мустаҳкам қонунлар талаб­лари, меъёрлари асосида гуллаб-яшнаётганига шоҳид бўламиз. Айнан қоғоздаги эмас, амалдаги қонунлар асосида! Хўш, мамлакатимизда қонун устуворлиги индекси юқори бўлиши учун қандай бирламчи вазифаларни ҳаётга татбиқ этишимиз зарур? Президентимиз бу саволга лўнда, аниқ ва мукаммал жавоб қайтардилар. Яъни шу мақсадда мулк ҳуқуқини ишонч­­ли ҳимоя қилиш, маъмурий судлар ваколатларини кенгайтириш орқали фуқаро ва тадбиркорлар ҳуқуқларини кафолатли таъминлаш бўйича янги тизим яратилади.

Ишончимиз комилки, бу ишлайдиган, ўта самарали янги тизим бўлади. Зеро, фақат яхлит тизим ишлагандагина жамиятда сезиларли даражада ижобий ўзгаришлар амалга ошади. Акс ҳолда, яъни кичик, майда саъй-ҳаракатлар билан кутилган натижаларга эришиб бўлмайди. Мукаммал тизим яратилишини, унинг ўз-ўзидан осмондан тушишини ҳам кутиб ўтириб бўлмайди. Бугун янги замон, Янги Ўзбекистон биздан ёниқ фаолият, фидойилик ва ватанпарварликни талаб этмоқда. Биз бу талабга “лаб­бай” деб жавоб бермоғимиз шарт.

Тўғриси, йиғилишда Президентимиз ўртага ташлаган ўтли чақириқ мени ҳам тўлқинлантириб юборди. “Ҳамма ислоҳотларни, ҳамма ҳаракатларни жамият билан бирга қиламиз. Ҳаммамиз бир куч, бир қудрат бўлиб халқимизга хизмат қилишимиз керак!” деди муҳтарам Юртбошимиз.

Ҳа, айнан шундай ишлашимиз керак. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас!

Зуҳра ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери 

ўринбосари

Tegishli xabarlar

Олий Мажлис палаталари ва Сиёсий Партияларнинг роли янада оширилади

admin

Парламент эшитуви танқидий руҳда ўтди

admin

Ўзбекистон ва Қирғизистон алоқалари мустаҳкамланмоқда

admin