ADOLAT 24

Товар айрибошлашдаги техник тўсиқлар бартараф этилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг нав­батдаги йиғилиши бўлиб ўтди. 

Йиғилишда дастлаб “Стандартлаштириш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. 

Таъкидланганидек, қонун лойи­ҳасини ишлаб чиқишдан асосий мақсад стандартларни ихтиёрийлик асосида қўллаш орқали маҳсулотлар, хизматлар ва жараёнларнинг сифатини ошириш ҳамда уларнинг ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош­лигини таъминлаш, амалдаги қонунчиликни илғор халқаро тажриба ва мезонларга мос равишда уйғунлаштириш ҳамда ушбу соҳада қўлланилаётган тушунчаларни халқ­­­аро даражада тан олинган тушунчалар билан мувофиқлаштиришдан иборат.

Шу билан бирга, депутатлар стандартлаштириш соҳасида манфаатдор томонларнинг ўзаро муносабатларини аниқлаштириш, жа­ҳон бозорида товар айрибошлашдаги техник тўсиқларни бартараф этиш, илмий-техник тараққиёт жараёнига кўмаклашиш ва стандартлаштириш соҳаларида ҳамкорлик қилиш вазифалари ҳам долзарблигини айтиб ўтишди.

Дилмурод ИСМАИЛОВ, 

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

– Қайд этиш жоизки, қонун лойи­ҳасида стандартлаштириш соҳасида Вазирлар Маҳкамасининг, стан­дартлаштириш бўйича миллий органнинг, давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмаларининг, шунингдек, стандартлаштириш бўйича техник қўмиталар, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳам белгилаб қўйилмоқда.

Аҳамиятлиси, ҳозирги кунда стан­дартлаштириш соҳаси 1993 йилда қабул қилинган “Стандартлаштириш тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинаётгани ва у қонунда юқорида таъкидлаб ўтилган масалалар мавжуд эмаслиги сабаб қонуннинг ҳозирги кун талабларига жавоб бермаслиги ва маънан эскирганлигини айтиб ўтишди. Биргина мисол, амалдаги қонунда стандартларни ишлаб чиқишда манфаатлар тўқнашуви мавжуд бўлиб, стандартларни қабул қилишда бетарафлик ва холислик таъминланишининг қонуний асос­лари яратилмаган.

Йиғилишда айтиб ўтилганидек, мазкур лойиҳанинг қабул қилиниши билан мамлакатимизда стандартлаштириш тизими халқаро амалиёт билан уйғунлаштирилиб, маҳсулотлар, хизматлар ва жараёнларнинг сифати, уларнинг ташқи бозорда рақобатбардошлиги ошишига эришилади. Шу билан бирга, саноатга инновацион технологияларни жадал киритиш орқали маҳсулот ҳамда хизматлар сифати ошади, сифатсиз маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилиши ва амалиётда фойдаланилишининг олди олинади, истеъмолчиларнинг қонуний манфаатларини ҳимоялашга, шунингдек, фуқаролар, жамият ва давлатнинг сифатли маҳсулотларга бўлган эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилган ҳуқуқий нормаларнинг самарали ишлашига асос бўлади. 

Фракция йиғилишида, шунинг­дек, “Қурол тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Рес­публикасининг айрим қонун ҳуж­­жатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳасида амалдаги қонунлардаги мавжуд тушунчаларни, қурол турлари ва уларнинг ҳуқуқий мавқеини “Қурол тўғрисида”ги қонунга мувофиқлаштириш, қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи соҳасида давлат томонидан тартибга солиш ва назоратни амалга ошириш вазифаларини Миллий гвардиядан ички ишлар органларига ҳуқуқий жиҳатдан ўтказилишини таъминлаш назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга, лойиҳада “Қурол тўғрисида”ги қонунни татбиқ этиш чоралари доирасида, лицензия ва рухсатномалар асосида бажариладиган ҳаракат ва фаолият турларига ўқ­отар қурол ва унинг ўқ-дориларидан ташқари ўқотар қуролнинг асосий қисмларини, бошқа ўқотар бўлмаган қурол ва унинг ўқ-дориларини киритиш, шунингдек, улар билан қонунга хилоф равишда муомалада бўлиш ёки қурол муомаласи қоидаларини бузиш учун жиноий ва маъмурий жавобгарлик чораларини ўрнатиш назарда тутилмоқда. Айниқса, фуқаровий қуролга эгалик қилиш мезонларини қайта кўриб чиқиш назарда тутилмоқда.

Мавлуда АДХАМЖОНОВА, 

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

– Лойиҳанинг қабул қилиниши натижасида қурол эгаларининг ҳуқуқлари ва манфаатлари тўлиқ тарзда рўёбга чиқарилишига, уларнинг қурол муомаласи соҳасидаги тартиб-қоидаларга риоя этилишидаги масъулияти оширилишига хизмат қилади. Шунингдек, уларни бузганлик учун жавобгарлиги аниқ белгиланишига, фуқаролар орасида ўқотар қуролдан хавфсиз фойдаланиш ҳамда фуқаровий қуролнинг муомаласи устидан назоратни кучайтиришга эришилади.

Шунингдек, қонун лойиҳаси қурол муомаласи соҳасидаги қонунос­ти норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қай­та ишлаб чиқишнинг ҳуқуқий асослари яратилишига, соҳани давлат томонидан тартибга солиш ва назоратни амалга ошириш механизми такомиллаштирилишига хизмат қилиш билан бирга хавфлилик назария­сидан келиб чиқиб, пневматик, ярим автоматик ўқотар ов ҳамда пахтавон, ўқув ва йирик-габаритли қурол турларининг муомаласига қўшимча чекловлар белгиланишига эришилади.

Йиғилишда муҳокама этилган шу ва бошқа қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда таклиф ва муносабатлар билдирилди.

Нигора КАМАЛОВА,

“Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби

Tegishli xabarlar

Меҳнат ҳуқуқлари такомиллаштирилмоқда

admin

Сахийлик – улуғлар сифати

admin

Рақобат ҳам “ИНСОФСИЗ” бўладими?!

admin