ADOLAT 24

АДОЛАТНИ УЛУҒЛАБ КЕЛМОҚДА

“Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Рес­публикаси Президентлигига номзод этиб кўрсатилган Робахон Махмудовани 1976 йилдан буён биламан.

Бу ёруғ оламда инсонларнинг ҳаёт аъмоллари турли хил тарзда кечади. Баъзилар мактаб таълимини ўтаб бўлганидан кейин, ёшлигидан бошлаб ҳаёт йўлларига тайёр бўладилар. Айримлар эса ўрта ёки олий таълим сабоқларидан сўнг ҳаёт йўлларини белгилаб оладилар. 

Робахон мактаб таълимидан кейин ҳаёт йўлини, фаолият соҳасини белгилаб олганлардан бири бўлди. Мактабни битирибоқ Фарғона вилоят судининг котибаси бўлиб ишга жойлашди. Икки тилни яхши билиши суд мажлисларида котибалик ишини аъло даражада бажаришида қўл келди.

Аввалдан ҳуқуқ соҳасига қизиққан қиз Тошкент давлат университети ҳуқуқшунослик факультетининг сиртқи бўлимида таълим олади. Ўз ишига масъулият билан ёндашиши туфайли касбдошлари ўртасида ҳам, одамлар орасида ҳам ҳурмат-эътиборга сазовор бўлади. Котиба сифатида одамлар орасида ғамхўр ҳуқуқшунос сифатида танилади.

У котибаликдан сўнг Фарғона шаҳар Давлат нотариал идорасининг нотариуси бўлиб ишлади. Кейин ёш бўлишига қарамай Фарғона вилоят Адлия бошқармаси бошлиғининг ўринбосари лавозимига тавсия этилди. Унинг ҳуқуқий соҳада қисқа вақт ичида бундай лавозим эгасига айланиши бежиз эмасди. Бу жабҳада у бор илмий, ҳуқуқий, ишбилармонлик фаолиятини намоён қилди ва ўша йиллари жойларда адолатни таъминлаш, одамларнинг оғирини енгил қилиш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий саводхонликни ошириш, хуқуқий билимларни тарғиб этиш борасида бевосита халқ вакиллари билан учрашувлар ўтказиш орқали самарали ишлади.

Адлия соҳасидаги ибратли ишлари инобатга олиниб Р.Махмудова Фарғона вилоят партия қўмитасининг маъмурий бўлимига ишга ўтказилди. Вилоят миқёсида маъмурий органларнинг фаолиятини назорат қилиш, уларнинг фаолиятини ҳуқуқий, қонунлар асосида уйғунлаштириш жараёнларида фаолият олиб борди.

Робахон қаерда, қайси соҳада ишламасин, доимо бошқаларга ибрат бўлиб фаолият юритди. Ўз ишида янгиликлар яратишга, одамларга яқиндан ёрдам беришга, қонунларга оғишмай амал қилишга интилди. Шунинг учун ҳам у 1990 йилда Фарғона вилоят Адлия бошқармасининг биринчи ўринбосари лавозимига муносиб деб топилди. У бу вазифада 1999 йилга қадар ишлади. 

Унинг ҳуқуқ соҳасидаги меҳнатлари бесамар бўлмади. 1999 йилда у Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг судьяси лавозимига ўтказилди. Орадан кўп ўтмай Фарғона шаҳар судининг раиси лавозимига тайин­ланди. Унинг бу даврдаги фаолияти кўплаб фуқароларнинг тақдирларини, оилаларда юзага келган низоларни адолатли ҳал қилиш, жиноят содир этганлар учун жазо муқаррар эканлигини таъминлаш, ўзи ишлаётган суд тизимида адолат мезонини ўрнатиш билан ўтди. Айни пайтда у Фарғона шаҳри ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг барча жабҳаларида фаол қатнашди, раҳбар сифатида жамоатчилик асосида қийналган оилаларга маслаҳат ва кўмагини аямади. Жиноятчиликнинг олдини олиш борасида жойларда кўплаб анжуманлар, йиғилишлар, учрашувлар ўтказди.

Унинг ўз ишига масъулият билан ёндашганлиги, меҳнатсеварлиги натижасида эришган навбатдаги хизмат пиллапояси Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг судьяси лавозими бўлди. У Олий суд судьяси сифатида фаолиятини қонунларни тарғиб қилиш, суд амалиёти мамлакатимизнинг барча ҳудудларида адолатли, қонуний бўлишини таъминлаш, аҳоли ўртасида қонун устуворлигини мустаҳкамлаш каби масалаларга қаратди. Олий суднинг амалиётини яхшилаш борасида фидойилик билан меҳнат қилди. Меҳнаткашлиги боис 2008 йилда Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг раиси лавозимига тайинланди.

Ўша пайтда Р.Махмудова мамлакатимиз суд тизимида раҳбар бўлиб ишлаётган саноқли аёллардан бири эди, десак янглишмаймиз. Одатда аёл раҳбар бўлган ташкилотлар, муассасаларда иш юритиш жараёнида ўзига хос тартиб-интизом, муносабат, ўзаро ҳурмат-эҳтиром, ижтимоий ҳимоя ва ёшларни қўллаб-қувватлашда янгиликлар юзага келади. Суд раиси ўша йилларда Фарғонада ҳуқуқ соҳаларида ана шундай ижобий муҳитни юзага келтирди. Шу билан бирга унинг ташаб­буси билан вилоятда янги замонавий суд биноси барпо этилди. Бино барча техник воситалар билан жиҳозланди. Натижада суд мажлисларини видеокузатувга олиш, судьялар малакасини ошириш мақсадида видеоалоқа ўрнатиш, судлов жараёнларини кузатиш имкониятлари пайдо бўлди. У мамлакатимизда суд тизимини ислоҳ қилиш, судьялар ва судлар мустақиллигини таъминлашга оид ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок қилди. Судларни ихтисос­лаштириш, маъмурий судларни ташкил этиш, суд муассасалари ва фуқаролар ўртасида ўзаро ишончни мус­таҳкамлаш, очиқлик ва шаффофликни ўрнатиш бўйича унинг бир қатор ташаббуслари қўллаб-қувватланиб, бугунги кунда амалиётда қўлланилмоқда.

У ўша йиллари судьялик фаолияти билан чекланиб қолмасдан Фарғона юридик коллежида махсус фанлар ўқитувчиси бўлиб ишлади ва ёш кадрларга таълим-тарбия бериш жараёнида ҳам фаол қатнашди. Кўплаб ёш ҳуқуқшуносларнинг билимли ва малакали кадрлар бўлиб етишишига муносиб ҳисса қўшди, фаолияти давомида кўплаб шогирдлар тарбиялаб етиштирди. Улар айни пайтда, республикамизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотларида, хусусан, суд, прокуратура, адвокатура, нотариат соҳаларида самарали фаолият юритмоқдалар.

Робахон Махмудованинг кейинги фаолияти Фарғона вилояти Халқ қабулхонаси мудири вазифаси билан боғлиқ кечди. Ташаббускорлик, шижоат, меҳнатсеварлик, бировнинг дардини эшитиш ва унга малҳам топиш, оддийлик, камтарлик, одамларга яқин бўлиш каби хислатлар унинг обрўсини янада оширди. “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ” дас­турларининг бажарилишини назорат қилиш, кам таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатиш, аҳолининг турли қатламларига мансуб фуқароларнинг иқтисодий-ижтимоий аҳволини яхшилаш, ота-онасиз қолган болаларни уй-жой билан таъминлаш, аёлларни ишли қилиш каби масалалар унинг Халқ қабулхонасидаги ташкилотчилик, етакчилик фаолиятининг бир қисмини ташкил этади.

2020 йилда Робахон Махмудова Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг аъзоси ва Сенатда “Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари” қўмитаси раиси этиб сайланди. Бу даврда унинг раҳбарлигида 7 та қонун ва ўндан ортиқ масала Сенат ялпи мажлислари муҳокамасига киритилган. Кўплаб қонунлар ва қонун ости ҳужжатлари қабул қилинишида ўз фикр-мулоҳазалари билан иштирок этган.

2020 йилнинг иккинчи ярмидан бош­лаб то ҳозирга қадар Ўзбекистон Рес­публикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари – Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг раиси вазифасида ишлаб келмоқда. Олий суд томонидан мамлакатимизнинг ўндан ортиқ қонунлари ишлаб чиқилишида, шунингдек, кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тайёрланишида бевосита иштирок қилди. Бир неча минглаб фуқароларни қабул қилиб, уларнинг арз ва шикоятларини адолатли ҳал этди. Олий суд пленумлари қарорларини ишлаб чиқишда қатнашди.

У ижодий-илмий жабҳада ҳам фаол. Унинг 140 дан ортиқ илмий ва оммабоп мақолалари нашр этилган. Судьялар учун 10 дан ортиқ услубий қўлланмалар яратган. 

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” СДПдан номзод Робахон Махмудованинг Сайловолди дастури кенг кўламлиги ва бугунги ҳаётимизнинг ҳамма жабҳаларидаги долзарб масалаларни қамраб олганлиги билан эътиборни тортади. Жумладан, унда мамлакатимизда кучли ҳуқуқий давлат ва адолатли жамият барпо этиш масаласига алоҳида ўрин берилган. Дастурда “Адолатли келажакни танлаймиз!” деган ғоя асосий шиор қилиб олинган. Зеро, шиорнинг асосига бундай ғоя танланиши бежиз эмас. Негаки, ҳаётнинг бутун моҳияти адолатдадир. Адолат бор жойда ҳаёт мувозанатлашади, ҳақиқат қарор топади, жамият, давлат тараққий этади, халқ, миллат фаровон яшайди. Адолатли жамият қуришнинг эса ўз талаблари бор. Шунинг учун дастурда “Биз давлат бошқарувида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, унда фуқаролар иштирокини кенгайтиришнинг замонавий ва самарадор усулларини жорий қилиш тарафдоримиз. Бу борада адолатли жамият ва ҳуқуқий давлат қуришнинг барча жабҳаларига амал қилиш учун жамоатчилик назоратини кучайтириш катта аҳамият касб этади. Бундай назоратни ташкил қилишда партия жамоатчилик ва ижтимоий ташкилотлар билан яқин ҳамкорликда ҳаракат қилади”, дейилади. Айни пайтда, номзоднинг Сайловолди дас­турида ижтимоий адолатни қарор топтириш масаласига алоҳида урғу берилган. Ижтимоий адолат эса ҳаётимиздаги барча соҳалар билан боғлиқдир. Демак, номзод ишлаб чиқаришнинг барча йўналишларида, ҳаётнинг ҳамма жабҳаларида ижтимоий адолатнинг қарор топишига эътибор қаратади. “Биз анъанавий социал-демократиянинг ижтимоий адолат тамойили ва кенг кўламли дастурларнинг амалга оширилишини таъминлайдиган кучли ижтимоий давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаймиз, – дейилади дастурда. – Меҳнат қонунчилиги устуворлигига, ходимлар ҳуқуқлари тўла таъминланишига эришамиз. Аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, аҳолининг реал даромадларини оширишга алоҳида эътибор қаратамиз. Конс­титуциямизга кўра ҳар бир инсон уй-жойга эга бўлишга ҳақли. Ушбу конституциявий қоидани таъминлаш учун биз ўзининг даромади билан уй-жойли бўлиш имкониятига эга бўлмаган фуқаролар учун қўшимча имкониятларни излаймиз”.

Айни пайтда дастурда “Биз мамлакатимизда ишлаётган ёлланма ва мавсумий ишчиларга кенг шароитлар яратиб берамиз, уларнинг меҳнати қадрланишини ва муҳофаза қилинишини, меҳнатига яраша ҳақ олишини, меҳнат стажига қўшилишини ва келажакда муносиб пенсия олиши бўйича чоралар кўрамиз. Фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва бу йўналишда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича “Ижтимоий давлат – 2030” дастурини ишлаб чиқиш лозим, деб ҳисоблаймиз,” деган сўзлар ҳам битилганки, бу номзод томонидан талқин этилаётган адолат тамойилларининг кенг кўламлилигини намоён этади.

Табиийки, ижтимоий адолатни қарор топтириш учун илм-фан, инновация соҳаларини ривожлантириш ҳаётий зарурат ҳисобланади. Шу сабабли номзоднинг дастурида “Биз илм-фан ва инновацияларни ривож­лантириш орқали фан – таълим – ишлаб чиқариш тизимларининг узвий алоқадорлигини таъминлаймиз. Биз нафақат олимларни, балки ихтиро ва ихтирочиларни ҳам қўллаб-қувватлаймиз, рағбатлантирамиз ва уларга зарур шарт-шароитлар яратамиз. Шунингдек, иқтисодиётнинг ҳақиқий локомотиви бўлган инженер, технолог, агроном-механизатор каби мутахассисларнинг сонини кўпайтириш ва малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлаш чораларини кўрамиз. Таълимга инвестиция киритиш – халқ фаровонлиги, давлатнинг рақобатдошлигини таъминлашнинг муҳим омили демакдир”, дея алоҳида таъкидланган.

Албатта, номзоднинг Сайловолди дастури “Адолат” СДПнинг сиёсий платформаси билан ўзаро уйғунлик ҳосил қилган. Шунинг учун ҳар иккала дастурда адолат тамойиллари бўйи­ча мақсад ва режалар ҳам ўзаро ҳамоҳанг келади. Бу фикр­ларни номзод дастуридаги ҳар бир йўналишдаги режалар ҳамда “Адолатли жамият ва ҳуқуқий давлат қуриш жараёнида аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлигини, фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит­лар яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини сўзсиз таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга оид қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш партия фаолиятининг устувор йўналишидир”, деган сўзлар ҳам яна бир карра исботлайди.

Бугунги кунда адолат ва маънавият тушунчалари ўзаро боғлиқ эканлигини, бу икки тушунча жамиятнинг муҳим асос­и эканлигини ҳар қандай одам яхши анг­лайди. Маънавият бўлмаган жойда адолат, адолат бўлмаган жойда маънавият бўлмаслиги кундай аён. Номзод дастурида айнан шу йўналишда “Биз Ўзбекистонда адолатли жамият ва адолатпарвар давлат барпо этиш жараёнлари, бун­ёдкор халқимиз ҳамжиҳатлигини мус­таҳкамлаш, ёшларни она юртга садоқат руҳида тарбиялаш, уларда ташаббускорлик, фидойилик, ах­ло­қий фазилатларни шакллантириш, халқимиз, ёшларнинг руҳий дунёсини издан чиқаришга қаратилган турли бузғунчи кучлар, маънавий таҳдидлар, ахборот хуружларининг олдини олишнинг қонуний асосларини яратишни ўзимизнинг бош мақсадимиз, деб биламиз”, деган ғояни илгари суради. Дастурда адолатли жамият ва ҳуқуқий давлат қуриш бош мақсад сифатида белгиланади.

Ёшлигидан адолатни улуғлаган, шу йўлда хизмат қилган Робахон Махмудованинг, шогирдимнинг шундай йўлларни босиб ўтиб, Президентликка номзод даражасига етганидан фахрланаман. Муносиб номзод учун овоз берасизлар, деган умиддаман.

Tegishli xabarlar

САЙЛОВОЛДИ УЧРАШУВЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА (Навоий вилояти)

admin

Мукофот ва эътироф муборак!

admin

Энергетика ислоҳотидаги навбатдаги вазифалар кўриб чиқилди

admin