ADOLAT 24

ПРЕЗИДЕНТЛИККА НОМЗОДНИНГ САЙЛОВЧИЛАР БИЛАН УЧРАШУВЛАРИ НИҲОЯСИГА ЕТДИ

Ҳудудларда “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Робахон Махмудованинг сайловчилар билан учрашувлари қизғин ўтди. 

Жиззах вилояти. Ўзбекистон Рес­публикаси Президентлигига “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Робахон Махмудованинг сайловчилар билан навбатдаги учрашуви Жиззах вилоятидаги “Самбхрам” университетида бўлиб ўтди.

Учрашувда вилоят ёшлари, про­фессор-ўқитувчилар, меҳнат фах­рийлари, жамоат ташкилотлари аъзолари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партия фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Учрашувни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Жиззах вилоят Кенгаши раиси Ориф Шукуров олиб борди. Тадбир давомида ишончли вакил Иномжон Қуд­ратов сайловчиларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди. Сўнг Президентликка номзод сўзга чиқиб, ўз Сайловолди дастуридан ўрин олган таклиф ва мақсадлари мазмун-моҳиятини сайловчиларга батафсил тушунтирди.

Хусусан, номзод ўз дастурида Ватанимиз тараққиёти йўлида ҳуқуқий демократик, ижтимоий давлат ва барча учун фаровонлик таъминланган адолатли фуқаролик жамияти қуришнинг социал-демократик модели таклиф этилаётганлигини, педагоглар ва тиббиёт ходимлари мақомини мус­таҳкамлаш ва уларнинг меҳнатини рағбатлантириш, замонавий технологияларни кенг жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, дастурда инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари давлат ва жамиятнинг энг юксак қадриятлари эканлиги тан олиниб, жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида ҳар бир инсоннинг фаровон ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, мамлакатимизни эркинлик, адолатлилик, бирдамлик, ижтимоий ҳимоя ҳамда масъулият тамойиллари ҳукмронлик қиладиган, аҳолининг юқори турмуш даражасига эга ривожланган давлатлар қаторига қўшилишига эришиш каби вазифа ва мақсадлар қамраб олинган.

Шу билан биргаликда, номзод дас­туридан ўрин олган оилани мус­таҳкамлаш бўйича миллий индексларни, шунингдек, тегишли халқаро рейтингларда Ўзбекистон кўрсаткичларини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш, “Соғлом оила – соғлом жамият 2030” концептуал ғоясини амалга ошириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ҳамда имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, айниқса, қиш­лоқ жойлардаги аёл-қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этишга оид эзгу ғоя ва таклифлар айтиб ўтилди.

Учрашувда сўзга чиққанлар иштирокчиларни номзод дастурини қўллаб-қувватлашга ва сайловда фаол фуқаролик позициясини намоён этган ҳолда иштирок этишга чақиришди. 

– Партиямиздан Ўзбекистон Рес­публикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Робахон Махмудованинг Сайловолди дастури билан танишдик, – деди халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутати, Жиззах шаҳар “Оқила аёллар” ҳаракати раҳбари Офтобой Нишонова. – Мазкур дастурда илгари сурилаётган мақсад ва ғояларнинг эътиборли томони шунда бўлдики, номзод хотин-қизлар масаласига алоҳида эътибор қаратиб, аёл-қизларимизнинг нафақат оилада, балки жамиятдаги ролини ошириш, уларнинг барча бўғиндаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидаги сонини кўпайтириш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, оилавий зўравонликка қарши курашиш масалаларида аниқ ташаббус ва вазифаларни ўртага ташламоқда. Шу билан биргаликда, номзод дас­турида оилани мустаҳкамлаш бўйича миллий индексларни, шунингдек, тегишли халқаро рейтинг­ларда Ўзбекистон кўрсаткичларини янада яхшилаш бў­йича чора-тадбирлар мажмуини амалга оширишга доир мақсадларнинг илгари сурилаётганлиги биз аёлларни қувонтирди, десак муболаға бўлмайди. 

– Бугун Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Робахон Махмудованинг Сайловолди дастури билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдик, – деди халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши депутати, “Адолат” СДП Зомин туман кенгаши раиси Муҳаммади Эгамназаров. – Унинг мазмун-моҳияти, тузилиши, устувор йўналишлари ҳамда илгари сурилаётган ғоя ва таклифлар мамлакатимизни янада тараққий эттиришга ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга йўналтирилганлиги билан аҳамиятли бўлди.

Масалан, номзод дастурида халқ депутатларининг фаолиятини янада жонлантириш билан боғлиқ масалалар ўрин олганлигига гувоҳ бўлдик.

Бу борада халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ролини кучайтириш орқали ижро ҳокимияти устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш ғояси мамлакатимизда эркин фуқаролик жамиятини ривожлантиришда энг муҳим масалалардан ҳисобланади.

Ўйлайманки, бу каби чуқур таҳлилий асосларга эга мақсадлар сайловчиларимизнинг эъти­борини тортиб, уларнинг қўллаб-қувватлашига сабаб бўлади.

– Маълумки, жорий йилнинг 9 июлида бўлиб ўтадиган Ўзбекис­тон Республикаси Президенти сайловига жойларда қизғин тайёргарлик кетяпти, – деди халқ депутатлари Ш.Рашидов туман Кенгаши депутати, 16-умумтаълим мактаби директори Шоира Акбарова. – Шу ўринда бугунги учрашувда гувоҳи бўлганимиздек, Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан Ўзбекис­тон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Робахон Махмудованинг Сайлов­олди дас­турида илгари сурилаётган ғоя ва мақсадлар ҳаётийлиги, изчил асослантирилганлиги билан кўпчиликнинг диққат-эътиборини тортмоқда. Айниқса, номзоднинг дастурида давлат ва жамият ривожига, фуқароларимизнинг ҳаёти фаровонлигини таъминлашга дахлдор бир қанча устувор йўналишлар қаторида ижтимоий соҳага, хусусан, мамлакатимизда илм-фан ва таълимни янада ривож­лантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилганлиги диққатга сазовор.

Унга кўра, таълимнинг барча босқичларида, мактабгача, мактаб ҳамда олий таълимда етишиб келаётган ёш авлоднинг билими ва кўникмаларини бугунги замон талаб­лари даражасида шакллантириш, уларни миллий ҳамда умум­инсоний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, ўқитувчи касби нуфузини ва педагогларнинг сифат таркибини ошириш, ёшларимизнинг иқтидори ва қизиқиш­ларидан келиб чиқиб, уларнинг келгусидаги камолоти учун зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқишга қаратилган кўплаб мақсад ва вазифалар илгари сурилганлиги, албатта, истиқболда ўзининг ижобий самарасини беради.

Тадбир якунида Президентликка номзод томонидан сайловчиларнинг саволларига батафсил жавоб берилди.

Tegishli xabarlar

Тоҳир САИДОВ: “Актёр томошабиндан олдинда юриши лозим”

admin

Улуғ алломанинг мангулик тафаккури

admin

КОМИЛ АВЛИЁЛАР ПИРИ

admin