Бугунги кунда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ижтимоий дастурларни молиялаштириш харажатлари ЯИМга нисбатан 2 бараварга ошиб, кам таъминланган оилаларда нафақа олувчилар миқдори 5 баробарга кўпайди, ногиронлиги бўлган шахслар ва ногиронлиги бўлган болаларнинг парвариши билан банд бўлганлар учун янги нафақа турлари жорий этилди.
Янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлиги алоҳида норма сифатида белгилаб қўйилди.
Шунингдек, Бош қомусимизда давлат аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг турмуш сифатини ошириш, жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун уларга шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларнинг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чоралар кўриши белгиланган.
Ўтган қисқа вақт давомида ушбу Конституциявий нормани ҳаётимизга тўлақонли татбиқ этишга қаратилган амалий чора-тадбирлар бошлаб юборилди. Хусусан, Президентимизнинг “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан давлат томонидан аҳолини манзилли ҳимоя қилишнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди.
Хусусан, комплекс ёндашув асосида профессионал ижтимоий ҳимоя тизимини жорий қилиш, ижтимоий ҳимоя тизими самарадорлиги ва манзиллилигини ошириш орқали аҳолининг кўмакка муҳтож қатлами ижтимоийлашувини таъминлаш ҳамда ижтимоий ҳимояни маҳалла даражасигача ташкил этиш, яшаш шароити оғир кечаётган аҳолига индивидуал ёндашувга мувофиқ ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатишни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилади.
Аҳолига индивидуал ёндашув асосида ижтимоий кўмак кўрсатишда сўнгги йилларда яратилган “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар”ларининг ўрни беқиёс. Ўз навбатида, маҳаллаларда ташкил этилган ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари фаолияти ижтимоий ҳимояни маҳалла даражасида ташкил этиш имконини беради.
Шу билан бирга, фармонда аҳолининг ижтимоий суғурта механизмлари билан қамраб олинишини кенгайтириш, яшаш шароити оғир оилаларни аниқлаш ва комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатиш орқали уларнинг қийин ижтимоий аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт кечириши учун қулай муҳит яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Эндиликда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини мувофиқлаштириб бориш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ва 1 июлдан бошлаб туман (шаҳар)ларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ташкил этилади.
Ушбу марказлар ҳар бир хонадон аҳволини ўрганиб, оилалардаги ҳақиқий ҳолатни ҳамда ижтимоий хизматлар ва ёрдамга бўлган эҳтиёжини аниқлаш, оилаларнинг иқтисодий-ижтимоий ҳолати ва эҳтиёжларини текшириш натижасида уларнинг ижтимоий паспортларини шакллантириш ишларини амалга оширади.
Шунингдек, эҳтиёжманд аҳоли билан кейс-менежмент усулини қўллаган ҳолда самарали иш ташкил қилиш, улардан ижтимоий хизматлар ва ёрдам олиш бўйича буюртмалар қабул қилиш, заруратга қараб буюртмаларни масъул вазирлик ва идораларга юбориш, оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган оилаларни мунтазам равишда мониторинг қилиб бориш, улар учун ижтимоий хизмат ва ёрдамларни ташкил этиш ҳам марказнинг асосий вазифаларидан бири саналади.
Умуман олганда, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимининг жорий этилиши фуқароларимизга зарурий ёрдам ва кўмакни ўз вақтида кўрсатиш орқали давлат бюджетининг ортиқча сарфланишининг олдини олишга ҳамда бу орқали аҳолига кўпроқ манзилли ёрдам кўрсатиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади.
Музаффара АБДИЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати