ADOLAT 24

Президентликка номзоднинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ. Ўзбекис­тон Республикаси Президентлигига номзод Робахон Махмудова Нукус шаҳрида қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашди.

Учрашувда номзоднинг ишончли вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия Марказий аппарати ва Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши ходимлари, фаоллар, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. 

Учрашувни Президентликка номзоднинг ишончли вакили, партия­нинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Нурлибой Қайипбергенов очиб берди ва дастлаб йиғилганларга номзоднинг таржимаи ҳоли ва меҳнат фаолияти хусусида батафсил маълумотлар берди.

Сўнгра номзод Робахон Махмудова сўзга чиқиб, Қорақалпоғистон Республикасида кейинги йилларда иқтисодиёт, саноат, қурилиш, ахборот-коммуникация технологиялари билан бирга кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳалари жадал ривожланиб, янги Ўзбекистон тараққиёти йўлида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга катта ҳисса қўшаётганини алоҳида таъкидлади.

Юзма-юз мулоқот давомида номзод сайловчиларни ўз Сайловолди дастурининг устувор йўналишлари билан яқиндан таништирди. 

Таъкидланганидек дастурда илгари сурилаётган ғоя ва мақсадлар Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг дастурий мақсадларига ҳар жиҳатдан ҳамоҳанг бўлиб, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида адолат тамойилларини барқарор таъминлашни назарда тутади.

Жумладан, номзод дастурида ҳуқуқий давлат қуриш, ижтимоий адолатни қарор топтириш, миллий иқтисодиёт, илм-фан, инновация­лар ва таълим соҳасининг барқарор ўсишига эришиш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама муҳофаза қилиш, фуқаролик жамиятини ривож­лантириш, атроф-муҳитни асраш, хотин-қизлар ва ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш каби устувор вазифалар илгари сурилмоқда. 

– Маълумки, Янги таҳрирдаги Конституциямизда Ўзбекистон дунёвий давлат деб эълон қилинди, – деди учрашув чоғида Президентликка номзод Робахон Махмудова. – Биз ушбу конституциявий тамойилни амалда тўлиқ рўёбга чиқариш, мамлакатимизни ҳар жиҳатдан тараққий эттириш йўлидан борамиз!

Қолаверса, Орол минтақасида яшовчи кўп миллатли қорақалпоқ халқининг тақдири билан чамбарчас боғлиқ бўлган экологик муаммоларга ижобий ечим топиш масалалари ҳам номзод дастурида илгари сурилган.

Тадбир иштирокчилари номзоднинг Сайловолди дастури юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. 

– Бугунги учрашувда номзодимизнинг Сайловолди дастури билан батафсил танишиш, унда илгари сурилаётган ғоя ва мақсадларнинг моҳиятини атрофлича тушуниш, англаш имконига эга бўлдик, – деди “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши “Аёллар қаноти” раиси Улбосин Сейтжанова. – Номзоднинг Сайловолди дастурида адолатли жамият ва ҳуқуқий давлат қуриш жараёнида аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Айниқса, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароитлар яратиш ғояси, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини сўзсиз таъминлаш, оналик, оталик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга оид қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш каби ғояларнинг илгари сурилганлиги, биз аёлларни, оналарни бефарқ қолдирмайди.

– Бугун партиямиздан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Робахон Махмудованинг Сайловолди дастурини бевосита номзоднинг ўзидан эшитиб, батафсил танишдик, – деди Қорақалпоғистан Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Галина Зоркина. – Сайловолди дастурида эътиборимни тортган жиҳати илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш орқали фан – таълим – ишлаб чиқариш тизимларининг узвий алоқадорлигини таъминлаш масаласи бўлди. Шунингдек, адолатли жамият ва ҳуқуқий давлат барпо этишда таълим, илм-фан ва инновациянинг аҳамиятини ошириш, олимларни, ихтиро ва ихтирочиларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш ва уларга зарур шарт-шароитлар яратиш масаласи ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Маърузачилар тадбир иштирокчиларини бўлажак сайловда партия­дан кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлашга чақирдилар.

Tegishli xabarlar

Таълим ислоҳоти йўлидаги адолатли қадам

admin

Яна обуна ҳақида

admin

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Р.Махмудованинг “Адолат” СДП ХI Қурултойидаги  МАЪРУЗАСИ

admin