ADOLAT 24

Президентликка номзоднинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда

Ҳудудларда “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Робахон Махмудованинг сайловчилар билан учрашувлари бўлиб ўтмоқда.

НАВОИЙ ВИЛОЯТИ. Навоий шаҳридаги Фарҳод маданият саройи­­да Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Махмудова Робахон Анваровнанинг сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда номзоднинг ишончли вакили, маҳаллий Кенгаш депутатлари, корхона ташкилотлар ишчи ходимлар, меҳнат фахрийлари, партия фаоллари ва электорати ҳамда кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Учрашувда Президентликка номзоднинг ишончли вакили, халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутати, партиянинг вилоят кенгаши раиси Рустам Ҳайитов иштирокчиларга номзод тўғрисида батафсил маълумотлар бериб ўтди.

Сўнг партиядан Президентликка кўрсатилган номзод Робахон Махмудова навоийликларга мурожаат қилар экан, энг аввало, унга билдирилган ишончни партияга билдирилган ишонч деб, қабул қилишини таъкидлади. Шу билан биргаликда, қарийб бир миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган, мамлакатимизнинг энг муҳим саноат корхоналари жойлашган, ер ости ва ер усти бойликларига эга бетакрор Навоий халқи ўзларининг фидоий ва самарали яратувчилик ишлари билан янги Ўзбекистон тараққиёти йўлида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга катта ҳисса қўшаётганликларини алоҳида мамнуният ила эътироф этди.

Юзма-юз мулоқот давомида номзод сайловчиларни ўз Сайловолди дас­турининг устувор йўналишлари билан яқиндан таништирди. 

Таъкидланганидек, дастурда илгари сурилаётган ғоя ва вазифалар Ўзбекистон “Адолат” социал-демо­­к­ра­тик партиясининг дастурий мақсадларига ҳар жиҳатдан ҳамоҳанг бўлиб, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида адолат тамойилларини барқарор таъминлашни назарда тутади.

Жумладан, номзод дастурида ҳуқуқий давлат қуриш, ижтимоий адолатни қарор топтириш, миллий иқтисодиёт, илм-фан, инновациялар ва таълим соҳасининг барқарор ўсишига эришиш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама муҳофаза қилиш, фуқаролик жамиятини ривож­лантириш, атроф-муҳитни асраш, хотин-қизлар ва ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш каби устувор вазифалар илгари сурилмоқда. 

– Маълумки, янги таҳрирдаги Конституциямизда Ўзбекис­тон дунёвий давлат деб эълон қилинди, – дейди учрашув чоғида Прези­дентликка номзод Робахон Махмудова. – Биз ушбу конституциявий тамойилни амалда тўлиқ рўёбга чиқариш йўлидан борамиз!

Шунингдек, номзод ўз нутқида инсонларнинг кескин табақаланишига йўл қўйилмайдиган ижтимоий сиёсат юритиш хусусида ҳам тўхталди. Дунё сиёсий амалиётида кенг қўлланиладиган социал-демократик ғоялар – эркинлик, адолатлилик, бирдамлик ўзбекона қад­риятларимиз, миллий ўзига хослигимиз, халқимизнинг менталитетига уйғунлашган ҳолда ифода этилгани учрашув иштирокчиларида қизиқиш уйғотди.

Президентликка номзод тадбир якунида учрашув қатнашчиларининг саволларига жавоб берар экан, кутилаётган сайлов Янги Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим воқеа эканини, у жонажон мамлакатимиз тараққиёти йўналишини белгилаб беришини таъкидлаб, Навоий вилояти сайловчиларини 9 июль куни овоз бериш жараёнида фаол қатнашишга чақирди.

Тадбирда халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутати, Навоий давлат педагогика институти ректори Баҳодир Собиров, халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутати, вилоят болалар кутубхонаси директори Раъно Ризаева, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, Навоий давлат педагогика институти “Хорижий тиллар” факультети декани Дилором Шамсиева сўз олиб, партиядан Президентликка кўрсатилган номзод ҳақида, унинг Сайловолди дас­тури борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Шунингдек, маърузачилар тадбир иштирокчиларини бўлажак сайловда партиядан кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлашга чақирдилар.

Tegishli xabarlar

ИЛМ ВА АДОЛАТНИ МАЁҚ ҚИЛГАН ОЛИМ

admin

ЖАРИМА БАЛЛАРИ: МАҚСАД ЖАРИМА ЭМАС

admin

Юртдошлари меҳрига сазовор инсон

admin