ADOLAT 24

Президентликка номзоднинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда

Жорий йилнинг 9 июнь куни Чирчиқ шаҳридаги “Кимёгарлар” маданият саройида “Адолат” социал-демократик партия­сидан Президентликка номзод Робахон Махмудова сайловчилар билан учрашди. Тадбирда партия фаоллари, депутатлар, меҳнат фахрийлари, фаол хотин-қизлар ва ёшлар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Учрашув аввалида ишончли вакил – “Адолат” СДП вилоят кенгаши депутати Гулнора Аҳмедова номзоднинг таржимаи ҳоли ва фаолияти тўғрисида атрофлича маълумот берди. Шундан сўнг Президентликка номзод Робахон Махмудова ўз Сайловолди дастурида илгари сурилган устувор ғоя­лар, мақсадлар, асосий масалаларни сайловчилар эътиборига ҳавола этди.

Номзоднинг Сайловолди дас­турида Ватанимиз тараққиёти йўлида ҳуқуқий демократик, ижтимоий давлат ва барча учун фаровонлик таъминланган адолатли фуқаролик жамияти қуришнинг социал-демократик модели таклиф этилаётганлиги таъкидланди.

Хусусан, номзод дастурида инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинлик­лари ва қонуний манфаатлари давлат ва жамиятнинг энг юксак қадриятлари эканлиги тан олиниб, жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида ҳар бир инсоннинг фаровон ҳаёт кечириши учун зарур шароитлар яратиш, ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, мамлакатимизни эркинлик, адолатлилик, бирдамлик, ижтимоий ҳимоя ва масъулият тамойиллари ҳукмронлик қиладиган, инсонларнинг кескин табақаланишига йўл қўйилмайдиган кучли ижтимоий давлат сифатида, аҳолининг юқори турмуш даражасига эга ривож­ланган давлатлар қаторига қўшилишига эришиш каби вазифа ва мақсадларга алоҳида эътибор қаратилган.

Қолаверса, дастурда халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи эканлиги ҳақидаги конституция­вий принцип давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида таъкид­ланиб, халқ ҳокимиятининг ёрқин тимсоли бўлмиш вакиллик демократия­си институтининг роли ва аҳамиятини янада ошириш, мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишини таъминлаш, жамиятнинг инновацион, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш ва инсон капиталини ривож­лантириш каби масалаларда изчил таклифларнинг илгари сурилаётгани йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.

Конструктив руҳда, қизғин савол-жавобларга бой бўлган учрашув сўнггида тадбир қатнашчилари юрт равнақи, фуқаролар фаровонлигини таъминловчи муҳим сиёсий тадбирларда фаол иштирок этишларини билдиришди.

* * *

Жорий йилнинг 12 июнь куни сурхондарёлик сайловчилар билан ташкил этилди.

Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги “Санъат саройи”да ўтказилган учрашувда Президентликка номзод тадбир иштирокчиларини ўз Сайловолди дастурининг устувор йўналишлари билан яқиндан таништирди.

Унга кўра номзод дастурида илгари сурилган 9 та устувор мақсад, яъни “Ҳуқуқий давлат қуриш — пировард мақсадимиз”, “Ижтимоий адолатни ва миллий иқтисодиётимизнинг барқарор ўсишини таъминлаймиз”, “Илм-фан, инновациялар ва таълим соҳасининг барқарор ривожи — тараққиётимиз кафолати”, “Аҳоли саломатлиги — улкан бойлик” каби йўналишларда қонун устуворлигини таъминлаш, тиббиёт ходимлари ва ўқитувчи-педагогларнинг мақомини мустаҳкамлаш, уларнинг меҳнатини рағбатлантириш, замонавий технология ва даволаш усулларини кенг жорий қилиш, “Ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириш вазифалари белгиланганлиги алоҳида таъкидланди.

Тадбир жараёнида номзод дастуридан ўрин олган ижтимоий соҳага оид таклифларига тўхталаркан, “Ижтимоий давлат – 2030” дастури ва “Тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш, дориларнинг ягона электрон базасини такомиллаштириш орқали уларнинг ноқонуний айланмасига, фармацевтика ва тиббиёт ходимларининг яширин келишувларига чек қўйиш ҳамда нархларнинг асоссиз оширилишининг олдини олиш, йўлсозлик соҳасидаги ишлар сифати устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш масалаларига эътибор қаратди.

Шунингдек, дастурда хотин-қизларнинг жамият сиёсий ҳаётидаги фаоллигини ошириш, уларнинг янада чуқур билим ва касб маҳоратига эга бўлишлари учун кенг имкониятлар яратиш, юксак интеллектуал салоҳиятга эга бўлган аёлларни давлат бошқаруви органларининг барча соҳалари ва бўғинларига жалб қилиш, оилаларда тенг ҳуқуқли ва адолатли муносабатни, маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштиришнинг самарали механизмларини яратишга оид таклифлар илгари сурилаётганлиги қайд этилди.

Учрашув давомида халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши депутати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Сурхондарё вилояти бўйича минтақавий вакили, Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институти доценти Абдурашид Артиков, халқ депутатлари Жарқўрғон туман Кенгаши депутати, Жарқўрғон кичик бизнес ва енгил саноат техникуми директори Қизларшой Рахматова, “Амударё” болалар соғломлаштириш оромгоҳи директори, партия фаоли Шоҳида Холлиева, Термиз давлат университети юридик факультети 2-босқич талабаси Давлатбек Абдуқаҳҳоровлар сўз олиб, Президентликка номзод Робахон Махмудованинг Сайловолди дастури халқчил, юртпарвар ғоя ва мақсадлар жамланмаси эканлигини эътироф этиш баробарида, йиғилганларни кутилаётган муҳим сиёсий, тарихий тадбирда Робахон Махмудовага овоз беришга чақиришди.

* * *

13 июнь куни қашқадарёлик сайловчилар билан ўтказилган учрашув ҳам қизиқарли ва самарали кечди. Қашқадарё вилояти Косон тумани Маданият марказида ўтказилган учрашувда Президентликка номзоднинг ишончли вакиллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, корхона-ташкилотлар ишчи ходимлари, тадбиркорлар, партия фаоллари ва электорати ҳамда кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Унда Президентликка номзод ўз Сайловолди дас­туридаги устувор йўналишлар борасида сайловчиларга батафсил маълумот берар экан, педагог ходимларнинг обрў-эътиборини ошириш ҳамда юксак мақомини белгилаш орқали уларнинг жамият ҳаётидаги ролини оширишга қаратилган мақсад ва вазифалари ҳақида йиғилганларга маълум қилди.

Бу борада номзод дастурида ўқитувчининг мақомига оид қонунни тезроқ қабул қилиш, мактабгача ва мактаб таълими мамлакат келажаги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эгалигидан келиб чиқиб, барча боғча ва мактабларга ходимларни ишга олишни очиқ, шаффоф ва танлов асосида ташкил қилиш назарда тутилмоқда.

— Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 52-моддасида дав­лат ўқитувчининг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиши, уларнинг ижтимоий ва моддий жиҳатдан фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши ҳақидаги норма ўз аксини топди, бу эса кўзлаётган устувор мақсадларимизни амалга оширишда мустаҳкам конституциявий асос бўлиб хизмат қилади, — деди Президентликка номзод сайловчилар билан учрашув чоғида. 

Шунингдек, номзод дастурида ижтимоий соҳани ривож­лантиришга оид “Ижтимоий давлат – 2030” дастурини ишлаб чиқиш, “Ақлли тиббиёт” тизимининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиб, соҳага замонавий ахборот технологияларини янада кенгроқ жорий этиш, йўлсозлик соҳасидаги ишлар сифати устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришни назарда тутувчи қатор таклифлар илгари сурилаётганлиги таъкид­ланди.

* * *

Сайловолди дастурида ҳуқу­қий давлат қуриш, ижтимоий адолатни ва миллий иқтисодиётимизнинг барқарор ўсишини таъминлаш, илм-фан, инновация­лар ва таълим соҳасини барқарор ривожлантириш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга доир таклифларини илгари сураётган партия номзодининг навбатдаги учрашуви Бухоро вилоятида бўлиб ўтди.

Бухоро давлат тиббиёт институтида ташкил этилган учрашувда Президентликка номзод Робахон Махмудова Сайловолди дастуридан ўрин олган устувор йўналишлар хусусида сўз юритиб, иқтисодиётни ислоҳ қилиш борасидаги мақсадларига алоҳида тўхталди.

Унга кўра, номзод дастурида субсидиялар бериш тизимини янада такомиллаштириш ва мақсадли ишлатилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, божхона ва солиқ имтиёзларини такомиллаштириш, имтиёзларни аниқ соҳаларга бериш, ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий бир хил ўсишни таъминлаш, барча туман ва шаҳарларни бир маромда ривожлантиришни назарда тутувчи таклифлар илгари сурилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Робахон Махмудованинг сайловчилар билан учрашувлари давом этади.

Tegishli xabarlar

Камчиликлар бартараф этилади

admin

Аждодларимизнинг мангу оромгоҳини асраб-авайлайлик

admin

Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун

admin